Тиббиёт инсонни, ветеринария инсониятни даволайди!
Ишонч телефонлари
(+99879) 225 58 96
(+99879) 225 58 29
Манзил:
Навоий шаҳри, Имом Ал-Бухорий кўчаси 3 a -уй.

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ВЕТЕРИНАРИЯ БОШҚАРМАСИ

Ташкилотининг расмий веб-сайти

    Бозорларда балиқ ва балиқ маҳсулотларини ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказиш қоидалари

    ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ ДАВЛАТ ВЕТЕРИНАРИЯ БОШ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИНИНГ

    БУЙРУҒИ

    БОЗОРЛАРДА БАЛИҚ ВА БАЛИҚ МАҲСУЛОТЛАРИНИ ВЕТЕРИНАРИЯ-САНИТАРИЯ ЭКСПЕРТИЗАСИДАН ЎТКАЗИШ ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

    [Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2008 йил 25 апрель 20-15-115/11-сон]

    Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги, «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги, «Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги ва «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунлари талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли Баёнига мувофиқ буюраман:

    1. Бозорларда балиқ ва балиқ маҳсулотларини ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.

    3. Мазкур Қоидалар тасдиқланиши муносабати билан Собиқ Иттифоқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ветеринария бош бошқармаси томонидан 1959 йил 15 декабрда СССР Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишиб тасдиқланган «Бозорларда балиқ ва балиқ маҳсулотларини ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказиш Қоидалари» Ўзбекистон Республикасида қўлланилмасин.

    4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.

    Бошлиқ в.в.б. М.ЮСУПОВ

    Тошкент ш.,

    2008 йил 11 апрель,

    70-сон

    Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Давлат санитария Бош бошқармасининг 2008 йил 25 апрелдаги 70-сонли буйруғи билан

    ТАСДИҚЛАНГАН

    Бозорларда балиқ ва балиқ маҳсулотларини ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказиш

    ҚОИДАЛАРИ

    Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги, «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги, «Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги ва «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ бозорларда балиқ ва балиқ маҳсулотларини ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказиш талабларини белгилайди.

    I. Умумий қоидалар

    1. Ушбу Қоидалар балиқ ва балиқ маҳсулотларини бозорларда сотувчилар, шунингдек бозорлардаги ветеринария-санитария экспертизаси лабораторияси ветеринария мутахассислари учун қўлланилади

    2. Балиқ ва балиқ маҳсулотлари бозорлардаги ветеринария-санитария экспертизаси лабораториясининг ветеринария врачлари томонидан ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказилади. Ветеринария-санитария экспертизаси натижалари белгиланган шаклдаги журналга ёзилади. Ветеринария жиҳатидан сифатли деб топилган балиқ ва балиқ маҳсулотлари эгасига белгиланган шаклдаги ветеринария санитария экспертизаси хулосаси (1-илова) берилади.

    II. Янги ва музлатилган балиқларни экспертизадан ўтказиш

    3. Янги балиқ:

    а) сифатли янги балиқ ҳар бир балиқ турига хос бўлган тана шакли ва рангига, ялтироқ ёки бир оз оқарган садафсимон товланувчи тангачалари (тангачали қопламаси бўлган балиқларда) ва махсус балиқ ҳидига эга бўлади. Балиқларнинг сиртида овлаш қуроллари томонидан етказилган шикастланиш ёки транспортда ташиш натижасида пайдо бўлган баъзи қизариш (қонталашлар), тери қопламасининг катта бўлмаган зарарланиши, сельд балиқларида эса тангачаларининг кўп қисми мавжуд эмаслигига рухсат этилади. Янги балиқларнинг кўзи одатда бўртиб ёки бироз чўкиб туради, жабралари ёрқин-қизил рангдан оч-қизил ранггача тусда, чириш ҳиди бўлмайди. Кесилганда гўшти ҳар бир балиқ турига хос бўлган рангга эга бўлади, ички органлари эса — табиий рангга ва структурага эга бўлиб, уларда чириш ҳиди бўлмаслиги зарур;

    б) сифатсиз балиқ ёқимсиз ҳидли, тўқ-кулранг тусдаги шиллиқ билан қопланган, сирти хира рангда, тангалари терига кучсиз ёпишган, қорни шишган, кўзлари лойқаланган ва чўкиб қолган (кўз орбитаси сатҳидан ботиқ), жабраси тўқ-кулранг тусда, шунингдек лойқа чўзилувчан шиллиқ билан қопланган бўлади. Бундай балиқнинг гўшти шалвираган, суякдан енгил ажралади ва ёқимсиз чириган ҳидли бўлади. Ички органлари тўқ-кулранг ёки малла-кулранг тусда, бутунлиги қисман ёки тўлиқ йўқолган, чиринди ҳидли бўлади. Қайнатиб кўриш синовида лойқа бульон ҳосил бўлади, гўшт ва бульони қўланса ҳидга эга бўлади.

    4. Янги музлатилган балиқ:

    а) сифатли янги музлатилган балиқ — табиий рангда, сирти уринмаган, тангалари тўкилмаган (сельд балиғидан ташқари). Ташқи қопламаси бироз қизарган бўлиши мумкин. Оқ балиқ, сёмга, нельма, кўл ва денгиз лосос балиқлари тери қопламасининг юзаси, тери остига ўтмайдиган сарғиш бўлиши мумкин. Янги музлатилган балиқ жабрасининг ранги тўқ-қизилдан хира-қизил тусгача, эритилганда мушак тўқималари ёт ҳидларсиз бўлади. Семиз балиқлар сиртида оксидланган ёғнинг кучсиз ҳиди бўлади;

    б) сифатсиз янги музлатилган балиқ сирти хира ва уринган, гўшти ёқимсиз ҳидли, семиз балиқларда эса оксидланган ёғнинг ҳиди гўшт қатламига ўтган. Жабрасининг ранги кулрангдан қорамтир-балчиқ рангигача, қўланса ҳидли. Қайнатиб кўриш синовида қўланса ҳидли бульон ҳосил бўлади.

    5. Паразитлар билан зарарланган балиқ

    Балиқ паразитлари билан зарарланганлигига гумон қилинганда сотиш учун келтирилган балиқлардан намуна олиниб ички органлари, шунингдек мушак тўқималари паразитларнинг личинкаси мавжудлигига текширилади.

    6. Мушук двуусткаси паразитининг метацеркарийлари ва кенг лентасимон паразитининг плероцеркоидлари билан зарарланган балиқларни зарарсизлантириш.

    Мушук двуусткаси паразитининг метацеркарийлари ва кенг лентача паразитининг плероцеркоидлари билан зарарланган балиқлар қайнаб чиққан пайтдан бошлаб камида 30 дақиқа қайнатилиб зарарсизлантирилади ёки консервалар, шунингдек иссиқ дудлама маҳсулотлари тайёрлашга жўнатилади. Бундай балиқларни музлатиб зарарсизлантиришга ҳам рухсат этилади. мушук двуусткаси метацеркарийлар билан зарарланган бўлса манфий —15° С ҳароратда камида 14 сутка давомида, кенг лентача плероцеркоидлари билан зарарланган бўлса — 7 сутка давомида манфий — 8о С ёки 3 сутка давомида манфий — 12° С ҳароратда музлатилади.

    Мушук двуустикаси метацеркарийлари - узунлиги 0,3 мм атрофида ва кенглиги 0,24 мм атрофида капсулага ўралган циста бўлиб, асосан орқа мушакларнинг тери ости қисмида жойлашган бўлади. Метацеркарийлар борлигига гумон қилинганда 2-3 дона юпқа (2-3 мм қалинликда) мушак бўлакчалари кесиб олинади, улар иккита предмет ойнаси орасида эзилади ва микроскоп остида паст катталикда кўрилади. Бунда циста ичида катта қора доғ (қора доғли сийдик пуфаги) ва иккита сўрғич кўринади.

    Кенг лентача плероциркоиди мавжудлигига гумон қилинганда балиқнинг қорин бўшлиғи очилади ва ичак, ошқозон, жигар юзаси, шунингдек териси фиброз капсула (диаметри 1,5-4 мм атрофида) бор-йўқлигига текширилади. Ички органларда личинкалар кўпинча эркин ҳолатда (капсуласиз), узунлиги 1-2 см атрофида ва кенглиги 1—3 мм ўлчамда бўлади. Мушаклардан 3-4 дона кўндаланг бўлакчалар (қалинлиги 5 мм атрофида) кесиб олиниб, бевосита кўз билан капсулага ўралган плероцеркоидлар мавжудлигига текширилади.

    Кенг лентача плероциркоидини одам учун хавфсиз бўлган триэнафорус плероцеркоидидан дифференциялаш учун ички органларда топилган фиброз капсулалар микроскоп остида текширилади. Кенг лентача плероциркоиднинг бошчасида илгаклари йўқ, триэнафорус плероцеркоиди бошчаси эса тўртта илгакли бўлади.

    7. Метагонимус паразитининг метацеркарийлари аниқланган балиқларни зарарсизлантириш.

    Балиқнинг ташқи қопламасида, сузгичларида, шунингдек жабраларида метагонимус паразитининг метацеркарийлари аниқланганда, бундай балиқ 7 сутка давомида минус — 8°С даражадан юқори бўлмаган ҳароратда музлатиш йўли билан зарарсизлантирилади.

    Метагонимус паразити билан зарарланган балиқлар тангаси, жабраси ва сузгичлари ажратиб олингандан сўнг (улар қайнатилиб йўқ қилинади), озиқ-овқат учун ишлатилади.

    Метагонимус метацеркарийлари билан зарарланганлиги гумон қилинганда балиқнинг сузгичлари жабраси иккита предмет ойнаси орасига жойланади ва микроскоп остида кичик объективда текширилади. Метагонимус метацеркарийлари шарсимон ёки овал шаклида бўлиб диаметри 0,18 — 0,21 мм, циста ичида бироз тақасимон шаклдаги личинкалар аниқланади.

    8. Паразитларнинг личинкалари билан зарарланган балиқларни зарарсизлантириш.

    Паразитларнинг личинкалари билан зарарланган балиқларни ушбу Қоидаларнинг 6- ва 7-бандларида кўрсатилгани сингари зарарсизлантиришнинг имкони бўлмаганда улар техник утилизация қилинади.

    Изоҳ. Паразитлар билан зарарланган балиқ билан ит, мушук, чўчқа ва мўйнали ҳайвонларни озиқлантиришга, фақат балиқ обдон қайнатилгандан сўнг ёки ушбу Қоидаларнинг 6 ва 7-бандларида кўрсатилгани сингари музлатилгандан кейин рухсат этилади.

    9. Лентасимон паразитлар билан зарарланган балиқлар.

    Лентасимон паразитлар билан зарарланган балиқлар сотилмайди. Бундай балиқ паразитлар ва зарарланган тўқималардан обдон тозалангандан сўнг озиқ-овқат учун ишлатилиши мумкин.

    10. Мушаклари нематодалар билан зарарланган балиқлар.

    Балиқ мушакларининг нематодалар билан, уларда кўриниб турадиган анатомо-морфологик ўзгаришлар (гидремия, рангининг ўзгариши ва бошқалар) билан кечадиган зарарланишида, балиқ техник утилизацияга жўнатилади.

    11. Карплар қизилчаси.

    Балиқда карплар қизилчасининг ўткир шакли (терида қизил доғлар, қоринга сув тўпланганда ва у босилганда анал тешигидан узун шилимшиқ суюқлик ажралганда) ёки йирингли-некротик яралар ва мушак тўқимасининг чуқур қисмида гидремия аниқланганда балиқ техник утилизация қилинади.

    12. Балиқ танасидаги катта зарарланишлар.

    Балиқ (карп, зоғора, баъзан бошқа карпсимонлар) танасида оқ рангли кенг тарқалган тоғайсимон кўринишдаги катта зарарланишлар, мушаклар гидремияси ва бошқалар аниқланганда у техник утилизация қилинади.

    13. Янги балиқнинг ташқи қопламасида йирингли-некротик яра ва жароҳатлар.

    Янги балиқнинг ташқи қопламасида мушак тўқимасига чуқур кириб бормайдиган, йирингли-некротик яра ва жароҳатлар кўринишидаги юқумли, паразитар ёки травматик характердаги, бир-иккита зарарланишлар мавжуд бўлса, зарарланган жойлар ветеринария назорати остида тозалангандан сўнг уни озиқ-овқат учун ишлатишга рухсат этилади.

    14. Қорабалиқ (маринка) ва «муқаддас» усмонли балиқлар.

    Қорабалиқ (маринка) ва «муқаддас» усмонли балиқлар албатта ички органлардан (уруғи, икраси, қорин бўшлиғига ёпишган қора плёнка ва бошқалар) тозалангандан сўнг сотишга чиқарилади.

    15. Балиқни янгилигини баҳолаш. Балиқда бироз сезиладиган органолептик ўзгаришларга гумон қилинганда янгилигини баҳолаш қуйидаги лаборатория текшириш йўллари билан амалга оширилади: бактериоскопия, Несслер сонини аниқлаш, рН ни аниқлаш, водород сульфитни аниқлаш (намунани қиздириш билан), қайнатиш синови.

    Балиқнинг янгилигига лаборатория текширишлари учун турли жойлардан (ўрамнинг камида 5 фоизидан), жами балиқ партиясини характерловчи балиқ экземплярлари қуйидагича танлаб олинади:

    №‎

    Битта балиқ вазни‎

    Намуналар миқдори‎

    1.‎

    Вазни 100 г гача‎

    Ҳар бир ўрамдан 5 — 7 дона‎

    2.‎

    Вазни 1 кг гача‎

    Ҳар бир ўрамдан 2 та балиқдан 100 г дан 2 та намуна‎

    3.‎

    Вазни 3 кг гача‎

    Ҳар бир ўрамдан 1-2 та балиқдан 150 г дан 2 та намуна‎

    4.‎

    Вазни 3 кг дан юқори‎

    Ҳар бир ўрамдан 2 та балиқдан, калла ва орқа қисмидан алоҳида, ҳар бири кенглиги 5 см, вазни кўпи билан 500 г бўлаклар олинади‎

    III. Тузланган, дудланган ва қуритилган балиқ ҳамда қисқичбақаларни экспертизадан ўтказиш

    16. Тузланган балиқ:

    а) сифатли тузланган балиқ — солинган бочкадаги намакоб ўзига хос ёқимли ҳидга эга бўлиб, балиқлар оқиш-кумушсимон ёки тўқ-кул ранг тусда (балиқ турига қараб) бўлади. Ўткир тузланган балиқ ранги бир мунча хира тортиб, гўштга ўтмаган, оч сарғиш тусда бўлади. Қорни бутун, бироз осилган, жабра варақлари осилмаган, териси катта бўлак ҳолда ажралади. Ўткир тузланган балиқнинг мушаклари етарли даражада мустаҳкам, ўртача ва кам тузланган балиқда эса юмшоқ консистенцияли бўлади, ҳиди ва таъми ушбу турдаги тузланган балиққа хос бўлади. Балиқ сиртида оксидланган ёғнинг кучсиз ҳиди бўлиши мумкин. Сифатли тузланган балиқларнинг ички органлари табиий шаклда сақланган бўлади.

    Сифатли сельд балиғининг кўкрак сузгичларидан қорни бироз осилган ва ички органлари эзилган, териси мустаҳкам бўлиб, шунингдек мушаклари тутамлари ва толаларининг структураси сақланган бўлади.

    б) сифатсиз тузланган балиқ. Сифатсиз тузланган балиқ солинган бочкадаги намакоб тўқ-кулранг ёки малла рангли ва бадбўй ҳидли, балиқ хира тортган, қўланса ҳидли, кулранг ёки сарғиш-малла қатлам билан қопланган, қорни йиртилган балиқлар учрайди.

    Гўшти шалвираган, териси енгил ажралади, мушак тўқимаси кесиб кўрилганда тўқ-кулранг ёки қорамтир рангда, бузилган ёки айниган ҳидли бўлади. Ёғли, семиз балиқлардан оксидланган ёғнинг ўткир ҳиди келиб, гўшти сарғайган бўлади.

    Тузланган балиқда пишлоқ пашшасининг личинкаси (питрак) аниқланса, шунингдек гўшт қатламига ўтган қизил доғ («фуксин» ) аниқланса балиқ сотишга қўйилмайди.

    17. Совуқ дудланган балиқ

    а) сифатли совуқ дудланган балиқ — ранги олтинсимон, сирти тоза ва қуруқ бўлади. Балиқнинг турига қараб ташқи қопламасининг ранги сомонсимон-сариқдан маллагача бўлади. Ишлов берилмаган балиқларнинг қорни бутун, зич консистенцияли бўлади. Сельд балиқларининг қорни бироз юмшоқ, бутун ва шишмаган ҳолда бўлади. Мушак тўқимаси кулранг-сарғиш рангда, зич консистенцияли, кесганда уваланадиган бўлади. Узоқ Шарқ лососи (кета, кижуч, горбуша, нерка, чавича ва бошқалар) ва сельд балиқларида гўштининг консистенцияси юмшоқроқ ёки қаттиқроқ бўлади. Ҳиди ва таъми — дудламаларга хос, ёқимли, ушбу турдаги балиқ учун характерли бўлади. Сельд балиқларининг сиртида кучсиз оксидланган ёғ ҳиди бўлади.

    б) сифатсиз совуқ дудланган балиқ. Сифатсиз совуқ дудланган балиқ сирти нам ва хира-олтинсимон рангда, баъзан кулранг товланиб туради. Қорни юмшоқ консистенцияли ёки ёрилган, ички органлари анча лизисга учраган, ўткир қуланса ҳидли бўлади. Кесмада мушак тўқимасининг структураси ноаниқ, гўшт консистенцияси юмшоқроқ бўлади. Балиқнинг ҳиди ўткир ва нохуш бўлади. Сифатсиз совуқ дудланган балиқ сотишга қўйилмайди.

    18. Иссиқ дудланган балиқ

    а) сифатли иссиқ дудланган балиқ — ранги (турига қараб) оч-олтинсимондан тўқ-маллагача, баъзан унча катта бўлмаган ёрқин жойлари (дудланмай қолган), ташқи қопламаси тоза ва қуруқ ёки намроқ бўлади. Ишлов берилмаган балиқларда қорни – зич консистенцияли, бутун ёки ёрилган (механик шикастланишлар натижасида) бўлади. Гўшти алоҳида бўлакларга енгил ажралади, унинг консистенцияси зич, қуруқроқ ёки намроқ бўлади. Ҳиди ва таъми — ёқимли, ушбу турдаги балиқ учун характерли. Смоласимон моддалар аралашмаси ҳисобига бироз аччиқ таъм бўлади. Сельд ва лосось балиқларида тери ости қисмида оксидланган ёғнинг кучсиз ҳиди ва мазаси бўлади.

    б) сифатсиз иссиқ дудланган балиқ — юзаси нам, кир-ялтироқ тусда ва қўланса ҳидли бўлади. Қорни юмшоқ консистенцияли ёки ёрилган, ички органларида чириш белгилари бўлади. Мушак тўқималари консистенцияси юмшоқ — ҳиди ачқимтил, қўланса бўлади. Сифатсиз иссиқ дудланган балиқ сотишга қўйилмайди.

    19. Қуритилган балиқ.

    а) сифатли қуритилган балиқ — (турига қараб) юзаси қуруқ, тоза бўлиб, оч-кулрангдан тўқ-кулрангача тусда бўлади. Нимталанган балиқда кесим юзаси ва қорин қисмида кучсиз сарғайиш бўлади. Гўшт консистенцияси зич ёки қаттиқ, ҳиди ва таъми ушбу турга хос. Нимта кесимида ва қорин қисмида ёғнинг кучсиз ачиган ҳиди бўлиши мумкин.

    б) сифатсиз қуритилган балиқ — нам, ёпишқоқ, қўланса ҳидли бўлади. Нимталанган балиқ кесими юзаси ва қорин бўшлиғи сарғиш рангда, ёғнинг ўткир ачиш ҳиди бўлади. Гўшт консистенцияси — юмшоқроқ ёки юмшоқ, мушаклар алоҳида тутамларга ажралмайди, ҳиди ўткир, нохуш бўлади.

    Сифатсиз қуритилган балиқ сотишга қўйилмайди.

    Тузланган, қуритилган ва дудланган балиқда моғор пайдо бўлса ёки қайнатиб кўришда йўқолмайдиган қўланса ҳид мавжуд бўлса бундай балиқ сотишга қўйилмайди.

    20. Дарё қисқичбақалари (тирик ва пиширилган).

    а) сифатли тирик қисқичбақалар — тўқ малла, баъзан яшилсимон тусдаги қаттиқ, силлиқ зирҳга эга, чангаллари бўғинлардан букилган ва қоринчаси (дум қисми) эгилган бўлади. Сифатли пиширилган қисқичбақалар бир текисда қизил рангга бўялган зирҳга эга, қоринчаси (дум қисми) эгилган, ҳиди кучсиз, ўзига хос, хушбўй бўлади.

    б) сифатсиз хом ёки пиширилган қисқичбақалар — хом ёки пиширилган сифатсиз (ўлган) қисқичбақаларда қоринчаси (дум қисми) ва чангаллари чўзилган, ранги нотекис, зирҳи юмшаган ёки яра босган (қисқичбақалар ўлати) бўлади. Ёмон сифатли (ўлган) қисқичбақалар сотишга қўйилмайди

    IV. Янги ва янги музлатилган балиқларни лабораторияда текшириш усуллари

    21. Бактериоскопия. Балиқ гўштининг юза ва чуқур қаватларидан суртма тайёрланади ва Грам усулида бўялади. Бўялган суртма микроскопия қилинади ва бир кўриш майдонидаги микроорганизмларнинг миқдори ҳисоблаб чиқилади. Сифатли балиқдан тайёрланган суртмаларда микроблар йўқ ёки улар бир-икки дона, янгилиги шубҳали балиқдан тайёрланган суртмада битта кўриш майдонида 10 — 20 дона микроорганизмлар топилади, сифатсиз балиқдан тайёрланган суртмада битта кўриш майдонида 30 — 40 дона ва ундан кўпроқ турли шакллардаги микроорганизмлар аниқланади.

    22. Несслер сонини аниқлаш. Мускул тўқимасидан 1:10 нисбатдаги фильтрати тайёрланади (5 марталик чайқатиш давомида экстракция муддати — 15 дақиқа). Пробиркага 2 мл фильтрат қуйилиб устига 0,5 мл Несслер реактиви қўшилади, енгил чайқатилади ва 5 дақиқага қўйилади. Шундан сўнг уч дақиқа давомида центрифуга қилинади ва олинган эритма оқ фонда стандарт бихромат шкаласи билан солиштирилади ва қуйидаги натижалар олинади:

    Балиқ‎

    Несслер сони‎

    Янги‎

    1,0 гача‎

    Янгилиги шубҳали‎

    1,2-1,4‎

    Эски‎

    1,6-2,4 ва юқори‎

    Несслер реактивини ва стандарт бихромат шкаласини тайёрлаш усули.

    а) Несслер реактиви қуйидагича тайёрланади: 22,5 гр кристалл йод таркибида 30 гр калий йод сақловчи 20 мл дистилланган сувда эритилади. Олинган эритмага 30 гр симоб металли қўшилади ва йод ранги йўқолгунга қадар кучли чайқатилади. Сўнгра олинган эритма дистилланган сув билан 200 мл ҳажмга етказилади, унга 10 фоизли ўювчи натрий эритмасидан 375 мл қўшилади ва яхшилаб аралаштирилади. Олинган эритма оғзи ёпилган склянкада қоронғи жойга бир суткага тиндириш учун қўйилади ва сўнгра сифон ёрдамида чўкмадан ажратилади.

    Несслер реактиви назорат пайтида 0,5 мл реактивни 2 мл янги дистилланган сувга қўшганда суюқлик сариқ ранг пайдо қилиб, деярли рангсизлангунга қадар яроқли бўлиб ҳисобланади.

    Несслер реактиви тўғри (қора шишадан тайёрланган, резина тиқинли склянкада қоронғи ва салқин жойда) сақланганда текшириш учун 5 - 6 ой давомида яроқли бўлади.

    б) стандарт бихромат шкаласини тайёрлаш учун рангсиз шишадан ишланган бир хил диаметрли 8 дона пробирка олинади. Ҳар бири 25 мл ҳажмли ўлчов колбачаларида бихромат калийнинг (децинормал) 0,1н эритмасидан (500 мл дистилланган сувда 2,452 гр К2СГ2О7 сақловчи) 0,6; 0,8; 1,0; 1,2; 1,4; 1,6; 1,8 ва 2,4 мл дан солинади ва 25 мл белгисигача дистилланган сув билан аралаштирилади.

    Яхшилаб аралаштирилгандан сўнг ҳар бир эритмадан 7 мл дан олиниб алоҳида пробиркага солинади. Эритма солинган ҳар бир пробирка (8 дона) Несслер сонини билдирувчи бихромат калий миллилитрлари кўрсатилиб кавшарланади ёки қобиқли тиқин билан зичлаб ёпилади.

    Шкала қоронғи жойда сақланади. Яроқлилик муддати 1 йил.

    23. Водород ионлари концентрациясини аниқлаш. Балиқ мускулларидан тайёрланган фильтрат (1:10) сифатлида енгил товланувчи, рН 6,8-7,0; сифатсиз балиқнинг фильтрати — лойқа, қўланса ҳидли, рН 7,2-7,6 (рН 1:1000 нисбатда аралаштирилган метанитрофенол индикаторини қўллаган ҳолда Михаэлис шкаласи бўйича аниқланади).

    24. Водород сульфитни (сероводородни) аниқлаш. Кенг пробиркага балиқнинг юмшоқ бўлагидан жойлаштирилади (5 — 7 гр). Гўшт намунасининг устига қалин фильтр қоғози тасмасидан илиб қўйилади, унинг пастки горизонтал қисмига 2-3 томчи (томчи диаметри кўпи билан 3-4 мм) қўрғошин сирканинг нордон тузи эритмасидан томизилади. Намуна солинган пробирка сув ҳаммомида 48 — 52°С ҳароратда 15 дақиқа давомида иситилади ва сўнгра зудлик билан реакция ҳисобга олинади:

    сифатли балиқ — реакция йўқ;

    сифатлилиги шубҳали балиқ — қоғозда оч-қўнғир доғ (водород сульфитнинг изи) пайдо бўлади;

    сифатсиз балиқ — қоғоздаги томчининг ранги қўнғирдан тўқ-маллагача. Қўрғошин сирканинг ишқорли эритмасини тайёрлаш: 4 — 10 фойизли 100 мл

    Қўрғошин сирка эритмасига ўювчи натрийнинг 30 фоизли эритмасидан қўрғошин гидрооксид чўкмаси пайдо бўлгунча қўшиб борилади. Олинган эритма қоғоз фильтр орқали фильтрланади ва беркитилган склянкада сақланади.

    25. Қайнатиб кўриш синови. 100 гр атрофида ички органлари ва тангаларидан тозаланган балиқ олиниб икки ҳисса миқдордаги сувга солинади ва 5 дақиқа давомида қайнатилади.

    Сифатли балиқнинг шўрваси ҳамда гўшти ўзига хос хушбўй ҳидга эга. Гўшт алоҳида мушак тутамларига яхши бўлинади.

    Ёмон сифатли балиқнинг шўрваси ўта лойқа, балиқ гўшти ва шўрваси нохуш ҳидга эга.

    1-ИЛОВА

    Назорат қилувчи органлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар фаоли ...

    Назорат қилувчи органлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар фаоли ...

    Мазкур Низом белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиб, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари — жисмоний шахслар фаолиятини (кейинги ўринларда...

    ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ 2011 йил 8 июлдаги 202 ...

    ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ 2011 йил 8 июлдаги 202 ...

    ҚАРОВСИЗ ҚОЛГАН ҲАЙВОНЛАРНИ ТУТИШ ВА САҚЛАШ БИЛАН БОҒЛИҚ ХИЗМАТЛАР ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА...

    Асални ветеринария лабораторияларида ветеринария-санитария экспертизасидан  ...

    Асални ветеринария лабораторияларида ветеринария-санитария экспертизасидан ...

    Асални ветеринария лабораторияларида ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказиш қоидалари Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги, «Давлат санитария назорати...

    Қабул қилиш кунлари

    Қабул қилиш кунлари

    Навоий вилояти  ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ва ўринбосарининг жисмоний ва юридик шахсларни Қабул қилиш кунлари...

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ДАВЛАТ ВЕТЕРИНАРИЯ БОШҚАРМАСИ
Веб-сайт маълумотларидан фойдаланилганда, NAVOIVET.UZ манбаа сифатида кўрсатилиши шарт!