Тиббиёт инсонни, ветеринария инсониятни даволайди!
Ишонч телефонлари
(+99879) 225 58 96
(+99879) 225 58 29
Манзил:
Навоий шаҳри, Имом Ал-Бухорий кўчаси 3 a -уй.

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ВЕТЕРИНАРИЯ БОШҚАРМАСИ

Ташкилотининг расмий веб-сайти

    ЭРИ дан фойдаланиш қоидалари тасдиқланди

    ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ

    ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА КОММУНИКАЦИЯЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВАЗИРЛИГИ

    ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ

    ҚАРОРИ

    ДАВЛАТ ВА ХЎЖАЛИК БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ, МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ОРГАНЛАРИ ҲАМДА ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ТОМОНИДАН КЎРСАТИЛАДИГАН БАРЧА ТУРДАГИ ХИЗМАТЛАРДА ЭЛЕКТРОН РАҚАМЛИ ИМЗОДАН ФОЙДАЛАНИШ ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

    [Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 13 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2727]

    (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 45-сон, 582-модда)

    Ўзбекистон Республикасининг «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 июлдаги 190-сонли «Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатдан ўтказиш марказлари фаолиятини янада тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Марказий банки Бошқаруви қарор қиладилар:

        1. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматларда электрон рақамли имзодан фойдаланиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

            2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

    Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. ПАРПИЕВ

    Тошкент ш.,

    2015 йил 9 ноябрь,

    2015-33-сон

    Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари А. ФАЙЗУЛЛАЕВ

    Тошкент ш.,

    2015 йил 9 ноябрь,

    136-мҳ-сон

    Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ

    Тошкент ш.,

    2015 йил 9 ноябрь,

    337-В-сон

     

     

                                     Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини        ривожлантириш                                        вазирлиги ва Марказий банки Бошқарувининг 2015 йил 9 ноябрдаги 2015-33, 136-мҳ, 337-В-сонли қарорига

    ИЛОВА

    Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматларда электрон рақамли имзодан фойдаланиш

    ҚОИДАЛАРИ

         Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги ва «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 26 сентябрдаги 215-сонли «Электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш тўғрисида»ги, 2007 йил 23 августдаги 181-сонли «Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро ҳамкорлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2015 йил 15 июлдаги 190-сонли «Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатдан ўтказиш марказлари фаолиятини янада тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларига асосан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматларда электрон рақамли имзодан фойдаланиш тартибини белгилайди.

    1-боб. Умумий қоидалар

    1. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Янги технологиялар илмий-ахборот маркази (бундан буён матнда рўйхатга олиш маркази) томонидан берилган электрон рақамли имзо калити сертификатига эга бўлган шахслар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлардан эркин фойдалана олади.

    2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

    электрон рақамли имзо (бундан буён матнда ЭРИ деб юритилади) — электрон ҳужжатдаги мазкур электрон ҳужжат ахборотини ЭРИнинг ёпиқ калитидан фойдаланган ҳолда махсус ўзгартириш натижасида ҳосил қилинган ҳамда ЭРИнинг очиқ калити ёрдамида электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлигини аниқлаш ва ЭРИ ёпиқ калитининг эгасини идентификация қилиш имкониятини берадиган имзо;

    хизматларни бажарувчилар — давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари;

    фойдаланувчи — хизматларни бажарувчиларга ахборот тизими орқали электрон сўров билан мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахс;

    электрон хизмат — фойдаланувчининг электрон сўрови асосида хизмат бажарувчилар томонидан ваколатлари доирасида алоқа каналлари орқали барча турдаги хизматларни кўрсатиш;

    электрон сўров — хизматларни бажарувчиларга электрон ҳужжат шаклида тақдим этиладиган электрон хизмат кўрсатиш тўғрисидаги талаб;

    электрон ҳужжат — электрон шаклда қайд этилган, ЭРИ билан тасдиқланган ҳамда электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган ахборот;

    ваколатли шахс — устав, шартнома, тегишли хатти-ҳаракатларни содир этиш ҳуқуқига ишончнома асосида рўйхатга олиш маркази номидан иш кўрувчи унинг ходими;

    ЭРИнинг ёпиқ калити — ЭРИ воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳосил қилинган, фақат имзо қўювчи шахснинг ўзига маълум бўлган ва электрон ҳужжатда ЭРИни яратиш учун мўлжалланган белгилар кетма-кетлиги;

    ЭРИнинг очиқ калити — ЭРИ воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳосил қилинган, ЭРИнинг ёпиқ калитига мос келувчи, ахборот тизимининг ҳар қандай фойдаланувчиси фойдалана оладиган ва электрон ҳужжатдаги ЭРИнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун мўлжалланган белгилар кетма-кетлиги;

    ЭРИ калитининг сертификати — ЭРИнинг очиқ калити ЭРИнинг ёпиқ калитига мослигини тасдиқлайдиган ва ЭРИ ёпиқ калитининг эгасига рўйхатга олиш маркази томонидан берилган ҳужжат. ЭРИ калитининг сертификати электрон ҳужжат шаклида ва қоғоз ҳужжат шаклида тайёрланиши мумкин;

    ЭРИ воситалари — электрон ҳужжатда ЭРИ яратилишини, ЭРИнинг ҳақиқийлиги тасдиқланишини, ЭРИнинг ёпиқ ва очиқ калитлари яратилишини таъминлайдиган барча техникавий ва дастурий воситалар;

    ЭРИнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш — ЭРИнинг ЭРИ ёпиқ калитининг эгасига тегишлилиги ва электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлиги текширилгандаги ижобий натижа;

    ЭРИ калити сертификатининг ҳақиқийлигини тасдиқлаш — ЭРИ калитининг сертификати ЭРИнинг ёпиқ калити эгасига тегишлилиги ва ЭРИ калитининг сертификатидаги ахборотда хатолик йўқлиги текширилгандаги ижобий натижа.

    3. ЭРИ калитининг сертификатини бериш тартиби ҳамда ЭРИ фойдаланувчилари ва эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 26 сентябрдаги 215-сонли қарори билан тасдиқланган Электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш марказларининг фаолият кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низоми билан белгиланади.

    2-боб. Фойдаланувчини идентификациялаш ва электрон сўровдаги ЭРИнинг ҳақиқийлигини текшириш

    4. Хизматларни бажарувчилар томонидан фойдаланувчини идентификациялаш электрон сўровдаги ва ЭРИ калитининг сертификатидаги реквизитлар асосида амалга оширилади.

    5. Хизматларни бажарувчиларга фойдаланувчи томонидан электрон сўров ЭРИ калитининг сертификати билан биргаликда юборилади.

    6. Электрон сўровдаги ЭРИнинг ҳақиқийлигини текшириш хизматларни бажарувчилар томонидан ЭРИ воситаларидан фойдаланилган ҳолда электрон сўров келиб тушган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан амалга оширилади.

    7. Электрон сўровдаги ЭРИнинг ҳақиқийлигини текшириш қуйидаги усуллар билан амалга оширилади:

    электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлигини аниқлаш;

    ЭРИ калити сертификатининг ҳақиқийлигини текшириш;

    ЭРИ калити сертификатининг мақомини текшириш;

    электрон сўров мақсади ЭРИ калити сертификатида кўрсатилган мақсадларга мувофиқлигини текшириш.

    8. Электрон сўровдаги ЭРИнинг ҳақиқийлигини текшириш ушбу Қоидаларнинг 7-бандида кўрсатилган барча усуллардан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.

    9. Электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлигини аниқлаш хизматларни бажарувчилар томонидан ЭРИнинг очиқ калити ёрдамида ЭРИ воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

    10. ЭРИ калити сертификатининг ҳақиқийлигини текшириш хизматларни бажарувчилар томонидан ЭРИ воситалари ёрдамида ваколатли шахснинг ЭРИ калити сертификатидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

    11. Электрон сўровдаги ЭРИ калити сертификатининг ҳақиқийлигини тасдиқлаш мазкур сертификатдаги ваколатли шахс ЭРИсининг ҳақиқийлигини тасдиқлашдан иборат.

    12. Хизматларни бажарувчилар ваколатли шахснинг ЭРИ калити сертификатининг электрон ҳужжат шаклини Рўйхатга олиш марказлари ваколатли шахсларининг электрон рақамли имзоси калитлари сертификатларининг ягона давлат реестридан олади.

    13. Хизматларни бажарувчилар ЭРИ калити сертификатининг ҳақиқийлигини тасдиқлаганидан сўнг ЭРИнинг ҳақиқийлиги тасдиқланган пайтидаги ёки имзолаш пайтини белгиловчи далиллар бўлганда электрон ҳужжат имзоланаётган пайтидаги ЭРИ калити сертификатининг мақомини текширади.

    14. ЭРИ калити сертификатининг мақоми хизматларни бажарувчилар томонидан ЭРИ воситалари билан рўйхатга олиш марказига алоқа каналлари орқали мурожаат қилиш йўли билан текширилади.

    15. ЭРИ калити сертификатига рўйхатга олиш маркази томонидан амалда, амал қилиши тўхтатиб турилган ва бекор қилинган мақомлари берилади.

    16. ЭРИ калити сертификатининг мақоми тўғрисидаги ахборот рўйхатга олиш маркази томонидан хизматларни бажарувчиларга ваколатли шахснинг ЭРИси билан тасдиқланган шаклда алоқа каналлари орқали тақдим этилади.

    17. Электрон сўров мақсади ЭРИ калити сертификатида кўрсатилган мақсадларга мувофиқ бўлиши лозим.

    18. Электрон сўровдаги ЭРИнинг ҳақиқийлигини текшириш натижаси бўйича хизматларни бажарувчилар томонидан электрон сўров келиб тушган кундан кейинги бир иш куни ичида электрон сўровдаги ЭРИнинг ҳақиқийлиги тасдиқланганлиги ёки тасдиқланмаганлиги ҳақида қарор қабул қилинади.

    19. Электрон сўровдаги ЭРИнинг ҳақиқийлиги қуйидаги ҳолатларда тасдиқланган ҳисобланади:

    электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлиги аниқланганда;

    ЭРИ калити сертификатининг ҳақиқийлиги тасдиқланганда;

    ЭРИ калити сертификатининг мақоми амалда деб топилганда;

    электрон сўров мақсади ЭРИ калити сертификатида кўрсатилган мақсадларга мувофиқ бўлганда.

    20. Электрон сўровдаги ЭРИнинг ҳақиқийлиги тасдиқланганлиги хизматларни бажарувчилар томонидан электрон сўровни кўриб чиқиш учун асос бўлади.

    21. Электрон сўровдаги ЭРИнинг ҳақиқийлиги қуйидаги ҳолатларда тасдиқланмаган ҳисобланади:

    электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик аниқланганда;

    ЭРИ калити сертификатининг ҳақиқийлиги тасдиқланмаганда;

    ЭРИ калити сертификатининг мақоми — амал қилиши тўхтатиб турилган ёки бекор қилинган деб топилганда;

    электрон сўров мақсади ЭРИ калити сертификатида кўрсатилган мақсадларга мувофиқ бўлмаганда.

    22. Ушбу Қоидаларнинг 21-бандида кўрсатилган ҳолатларнинг камида биттаси мавжуд бўлганда электрон сўровдаги ЭРИнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаган ҳисобланади.

    23. Электрон сўровдаги ЭРИнинг ҳақиқийлигини текшириш натижаси бўйича хизматларни бажарувчилар томонидан электрон сўровдаги ЭРИнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаганлиги ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, хизматларни бажарувчилар мазкур қарор қабул қилинган куннинг ўзида фойдаланувчига электрон сўровни кўриб чиқишни рад этиш тўғрисидаги хабарнома юборади.

    24. Электрон сўровни кўриб чиқишни рад этиш тўғрисидаги хабарнома электрон ҳужжат шаклида алоқа каналлари орқали фойдаланувчининг электрон почта манзилига электрон сўровни кўриб чиқишни рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда юборилади.

    3-боб. Якуний қоидалар

    25. Фойдаланувчи у томонидан тақдим этилган электрон сўровнинг асл нусхасини олиш учун хизматларни бажарувчиларга ёзма равишда мурожаат қилиши мумкин. Бунда, хизматларни бажарувчилар томонидан электрон сўровнинг асл нусхаси фойдаланувчига бир иш куни ичида тақдим қилиниши шарт.

    26. Электрон хизматни кўрсатиш натижаси хизматларни бажарувчилар ваколатли шахсининг ЭРИси билан тасдиқланган бўлиши лозим.

    27. Ушбу Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

    Электрон рақамли имзодан фойдаланиш қоидалари

    Электрон рақамли имзодан фойдаланиш қоидалари

    Электрон рақамли имзодан фойдаланиш қоидалари   [attachment=234]...

    Ташкилотлар юридик хизмати Низомида ўзгартиришлар

    Ташкилотлар юридик хизмати Низомида ўзгартиришлар

    “Юридик хизматларининг маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш, маълумотлар базасига киритиш учун маълумот тақдим этиш шакллари ва муддатларини белгилаш тартиби тўғрисидаги низом”га ўзгартиришлар...

    Эмлаш (диагностик текшириш) рўйхати электрон шакли

    Эмлаш (диагностик текшириш) рўйхати электрон шакли

    Эмлаш (диагностик текшириш) рўйхати электрон шакли...

    Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича Йўриқнома

    Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича Йўриқнома

    Ушбу Йўриқнома  вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасида  жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш жараёнидаги муносабатларни тартибга солади....

    Ветеринария соҳасида юритиладиган журналлар  электрон шакллари

    Ветеринария соҳасида юритиладиган журналлар электрон шакллари

    Ветеринария соҳасида юритиладиган амбулатория. эпизоотик, ВСЭ лабораторияларида юритиладиган журналлар  электрон шакллари...

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ДАВЛАТ ВЕТЕРИНАРИЯ БОШҚАРМАСИ
Веб-сайт маълумотларидан фойдаланилганда, NAVOIVET.UZ манбаа сифатида кўрсатилиши шарт!