Президентнинг қабул қилинган 11.07.2017 йилдаги ПҚ-3126-сон қарори миграция жараёнлари ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган. Ҳужжат давлат раҳбари сайтида жойлаштирилган.
Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари ишига ўзаро ҳамкорликнинг контактсиз шаклида давлат хизматлари кўрсатиш ва фуқароларни паспорт тизими масалалари бўйича қабул қилиш электрон тизимини жорий қилишга қарор қилинди. Бунинг учун ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси тузилмасида Электрон ахборот тизимлари бошқармаси ташкил этилади.
1.05.2018 йилдан жорий қилинадиган электрон тизим:
• биометрик ҳужжатлар бериш;
• хорижга чиқиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш ва расмийлаштириш;
• доимий ва вақтинчалик прописка олиш, бўлиш жойида ҳисобга қўйиш;
• манзил-маълумот ахборотини тақдим этиш тартиб-таомилларини соддалаштиради.
Келаси йилнинг 1 февралига қадар миграция соҳасида Ўзбекистоннинг ваколатли органлари ваколатхоналарини чет давлатлар ҳудудида, биринчи навбатда мамлакатимиз фуқаролари кўп бўладиган жойларда очиш бўйича таклифлар ифодаланиши даркор. Шунингдек, чет давлатларда ишга жойлашиш учун рўйхатга олиш ва рухсатнома олиш тартибини соддалаштириш масаласи пухта ишлаб чиқилади.
Манба: norma.uz сайти