» » » Валюта сиёсати либераллаштирилмоқда

 
 
 

Валюта сиёсати либераллаштирилмоқда

Muallif: info dan 5-09-2017, 10:28, qaradi: 2244

0

Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

 

Кейинги йилларда валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барқарор ривожлантиришга хизмат қилгани қайд этилсин.

 

Мақбул миқдорда ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича изчил амалга оширилаётган сиёсат Ўзбекистоннинг мажбуриятларини ўз вақтида бажарадиган ишончли, тўловга лаёқатли халқаро шерик сифатидаги имиджини таъминлади, кейинчалик валюта курсини либераллаштириш учун зарур олтин-валюта захирасини шакллантириш, валюта ресурсларини реал иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник қайта жиҳозлаш ва диверсификация қилишнинг устувор соҳаларига йўналтириш, жаҳон молиявий инқирозининг салбий оқибатларини юмшатиш имконини берди.

 

Шу билан бирга, валюта муомаласи соҳасининг ҳаддан зиёд маъмурий тартибга солиниши алоҳида тармоқлар ва хўжалик юритувчи субъектлар учун имтиёз ва преференцияларнинг асоссиз равишда кам самарали бўлган тизимини шакллантирди, бизнес юритишда тенг бўлмаган шарт-шароитларнинг вужудга келиши ва рақобатнинг бозор тамойиллари бузилишига олиб келди, хорижий инвестицияларни жалб қилишда, товарлар ва хизматлар экспортини оширишда, умуман, мамлакатимиз иқтисодий ривожланишида тўсқинлик қилувчи омилга айланди.

 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ҳамда валюта соҳасини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий қилиш, республика экспорт салоҳиятини оширишни рағбатлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички бозордаги рақобатдошлигини ошириш, мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида:

 

1. Валюта бозорини янада либераллаштириш соҳасида давлат иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

 

биринчидан, юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини эркин сотиб олиш ва сотиш ҳамда ўз маблағларини ўзининг хоҳишига кўра эркин тасарруф этиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришни тўлиқ таъминлаш;

 

иккинчидан, миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курсини белгилашда фақатгина бозор механизмларини қўллаш;

 

учинчидан, валюта ресурсларидан фойдаланишда бозор инструментларининг ролини ошириш, валюта бозорида барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг рақобат шароитларини яратиш, валюта сиёсатининг ноанъанавий тармоқларда экспортни ривожлантиришда, минтақавий ва халқаро иқтисодий хамкорликни мустаҳкамлашда рағбатлантирувчи ролини ошириш;

 

тўртинчидан, сифатли иш ўринлари ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бевосита рағбатлантириш учун иқтисодиётнинг барча секторларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, билим ва технологиялар жалб этишга хизмат қиладиган ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш;

 

бешинчидан, миллий валютанинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган қатъий монетар сиёсатни амалга ошириш, бу борада монетар инструментлардан фаол ва мослаштирилган ҳолда фойдаланиш, давлат қимматли қоғозлари бозорини ривожлантириш, шунингдек, очиқ бозорда операциялар ҳамда давлат қимматли қоғозларини банклар ликвидлигига гаровга бериш бўйича операцияларни амалга оширишни амалиётга жорий қилиш;

 

олтинчидан, монетар ва фискал сиёсатни мувофиқлаштириш ҳамда Давлат бюджетининг мутаносиблигини таъминлаш орқали пул массаси ҳаддан зиёд ўсишининг олдини олиш;

 

еттинчидан, банк тизимининг барқарорлигини таъминлаш ва унинг таваккалчиликларга бардошлилигини, шу жумладан, валюта сиёсатини либераллаштиришнинг вужудга келиши мумкин бўлган салбий таъсирини юмшатишга қаратилган самарали чораларни қўллаш ҳисобига ошириш;

 

саккизинчидан, валюта сиёсатининг янги шароитларида таянч тармоқлар корхоналари самарали фаолият юритиши учун уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

 

тўққизинчидан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари турмуш даражасига валюта сиёсатини либераллаштиришнинг салбий оқибатларини камайтириш имконини берадиган ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш.

 

2. Белгилаб қўйилсинки, 2017 йилнинг 5 сентябридан:

 

Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари жорий халқаро операциялар (товар, иш ва хизматлар импорти, фойда репатриацияси, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатларини тўлаш ва бошқа савдо характерига эга бўлмаган ўтказмалар) бўйича тўловларни амалга ошириш учун тижорат банкларида чет эл валютасини чекловсиз сотиб олишлари мумкин;

 

Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган жисмоний шахслар чет эл валютасини тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчаларига эркин сотиши ва конверсион бўлимларида сотиб олинган маблағларни халқаро тўлов карталарига ўтказиш бўйича амалдаги тартибга асосан сотиб олиши ва чет элда ҳеч қандай чекловларсиз ишлатиши мумкин;

 

истеъмол товарлари импорти билан шуғулланувчи юридик шахс ташкил этмасдан фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорларга чет эл валютасини жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда, банклардаги ҳисобварақлар орқали сотиб олишга рухсат берилади;

 

мулкчилик шаклидан қатъий назар барча экспортчи корхоналарнинг чет эл валютасидаги тушумини мажбурий сотиш бўйича талаб бекор қилинади;

 

чет эл валютасида даромад олувчи юридик шахс ташкил этмасдан фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек, фермер хўжаликлари ўз банк ҳисобварақларидаги чет эл валютасини нақд кўринишида олиши мумкин.

 

3. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:

 

товар (иш ва хизмат)лар учун тўловларни чет эл валютасида амалга ошириш тақиқланади, халқаро тажрибага мувофиқ халқаро тўлов карталари орқали тўловлар бундан мустасно;

 

товар, иш ва хизматлар учун нарх ва тарифлар, шунингдек, жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар фақат миллий валютада белгиланади;

 

давлат божлари, йиғимлари ва бошқа мажбурий тўловлар фақат миллий валютада ундирилади, консуллик йиғимлари бундан мустасно.

 

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

 

хорижий валютада кредитлар бериш ва ундириш шартлари кредит сиёсатидан келиб чиққан ҳолда томонларнинг ўзаро келишувига асосан тижорат банклари томонидан мустақил белгиланади;

 

банкларнинг хорижий валюта олди-сотдиси билан боғлиқ операциялар бўйича таваккалчиликлари тадбиркорлик таваккалчилиги ҳисобланади ҳамда уларни бошқариш тижорат банкининг ваколатига киради;

 

хорижий валюта олди-сотдиси бўйича комиссион воситачилик ҳақи миқдори тижорат банки томонидан мустақил белгиланади;

 

тижорат банкларига хорижий валютада операцияларни амалга ошириш бўйича лицензия бериш амалиёти бекор қилинади. Тижорат банкларининг хорижий валюта билан операциялари банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия асосида амалга оширилади.

 

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июндаги ПҚ-3082-сонли қарори билан тузилган Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турларига нарх-навони мониторинг ва назорат қилиш Республика ва доимий фаолият юритадиган ҳудудий комиссиялари нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўрсин, шу жумладан, қуйидагилар орқали:

 

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматлар учун нарх ва тарифлар асоссиз ошишининг олдини олиш ва бунга чек қўйиш, уларнинг тақчиллиги ва уларга бўлган ажиотажли талаб юзага келишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни, шунингдек, уларни сотиш жараёнида коррупцияга ва суиистеъмолликка қарши курашиш чораларини кучайтириш;

 

ижтимоий аҳамиятга эга асосий товарлар, шу жумладан, дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана нархларини шакллантириш бўйича белгиланган тартибга риоя этилишини ҳар куни тизимли ўрганиш ва назорат қилишни таъминлаш;

 

мамлакатимиз ҳудудий бозорларини Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳамда озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликларига шароитлар яратиш, шу жумладан, ўзлари ишлаб чиқарган товарларни воситачиларсиз тўғридан-тўғри аҳолига сотиш учун махсус майдончалар ташкил этиш орқали истеъмол товарлари билан тезкор тўлдириш;

 

йирик улгуржи импортчи ташкилотлар билан биргаликда импорт қилинадиган истеъмол товарлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.

 

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда валюта сиёсатини либераллаштириш оқибатларини юмшатишни назарда тутувчи ҳукумат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин, уларда қуйидагилар:

 

банкларнинг капиталлашув даражаси ва ликвидлилигини таъминлаш орқали уларнинг таваккалчиликларга бардошлилигини ошириш, халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда банк таваккалчиликларини баҳолашни такомиллаштириш, тижорат банклари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишнинг замонавий тамойиллари ва механизмларини жорий қилишни кўзда тутувчи республика банк тизими молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар;

 

иқтисодиёт ва аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлашга, хорижий кредитларга ўз вақтида хизмат кўрсатишда давлат томонидан молиявий ёрдам бериш, солиққа тортиш механизмлари ва тамойилларини такомиллаштириш, давлат томонидан вақтинча субсидиялар ажратиш, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва тижорат банклари кредитларини реструктуризация қилишга қаратилган иқтисодиётнинг таянч тармоқларини молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари;

 

импорт қилинаётган товарлар ва хизматлар ички нархларининг ўсишига йўл қўймаслик мақсадида божхона тўловлари ставкаларини оптималлаштириш чора-тадбирлари;

 

2017-2018 йилларда 14 ёшга тўлмаган фарзандлари бўлган оилалар учун белгиланган нафақа олувчилар сонини ўртача 1,5 баробар ва кам таъминланган оилалар учун белгиланган моддий ёрдам олувчилар сонини 2 баробарга ошириш, ишсиз фуқаролар учун аҳоли пунктлари, маҳаллаларни ободонлаштириш, ариқлар, ирригация тармоқларини тозалаш, уй-жой коммунал хўжалиги объектларини таъмирлаш, инфратузилмани яхшилаш, йўл ва кўчаларни таъмирлаш бўйича ҳақ тўланадиган жамоатчилик ишларини ташкил этиш, шунингдек, Давлат бюджети, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан кам таъминланган оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш, шу жумладан, оилаларнинг алоҳида давлат кўмагига эҳтиёжманд тоифаларига уй-жой таъмирлаш ёки харид қилиш, қорамол, парранда ва энг зарур маиший техника сотиб олишга кўмаклашиш ҳисобига аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтириш назарда тутилсин.

 

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

 

солиққа тортиш базасини кенгайтириш ва ички захираларни сафарбар қилиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига бюджет даромадларини ошириш орқали 2017 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг профицит билан бажарилишини таъминлаш, шунингдек, Давлат бюджетида кўзда тутилган барча тадбирларнинг тўлиқ молиялаштирилишини таъминлаш ва тасдиқланган харажатларни асоссиз қисқартириш амалиётига барҳам бериш;

 

ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича тасдиқланган давлат дастурларида кўзда тутилган чора-тадбирларни сўзсиз амалга оширишни назарда тутган ҳолда, 2018 йилги Давлат бюджети лойиҳасини профицит прогнози билан ишлаб чиқиш;

 

хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобварақларидаги чет эл валютасидаги маблағларини қайта баҳолаш натижасида олган фойдаси солиққа тортиш базасига киритилмайдиган вақтинча тартиб (2018 йилнинг 1 июлига қадар) белгилаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширсин.

 

8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича мазкур Фармонда белгиланган нормалар таъсирининг таҳлилидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонуни янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Унда:

 

ҳавола қилувчи меъёрларни максимал даражада қисқартирган ҳолда, валюта операцияларининг амалиётда учрайдиган барча жиҳатлари;

 

Ўзбекистон Республикаси миллий валютасининг барқарорлигини таъминлаш;

 

юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз валюта маблағларини эркин тасарруф этиш ҳуқуқини тўлиқ рўёбга чиқариш;

 

республика иқтисодий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, капитал ҳаракати билан боғлиқ операцияларни тартибга солиш масалалари кўзда тутилсин.

 

9. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат солиқ қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд чет эл валютасининг ноқонуний муомаласини ва нақд чет эл валютаси билан ноқонуний операцияларни амалга оширишни бартараф этиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўрсин.

 

10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

 

Вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур Фармон талабларига мувофиқлаштирсин.

 

11. Мазкур Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси М.Б.Нурмуратов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 2 сентябрь

 

 

* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

“Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича

биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига

 

ШАРҲ

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони аввало амалдаги валютани тартибга солиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, валюта сиёсатини либераллаштириш, барча тадбиркорлик субъектларига ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар яратишга қаратилган.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони қабул қилинишига мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, хорижий инвестицияларни жалб қилишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги асосий сабаб бўлди.

 

Жумладан, валютани тартибга солишга ҳаддан зиёд маъмурий аралашув, ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда иқтисодиётнинг айрим тармоқлари ва хўжалик юритувчи субъектлари учун алоҳида имтиёз ва преференциялар мавжудлиги оқибатида тадбиркорлик субъектлари ўртасида бизнесни юритишга доир тенг бўлмаган шарт-шароитлар пайдо бўлди ҳамда параллел чет эл валютаси бозори ва айирбошлаш курси вужудга келди.

 

Валюта курси сиёсатининг ташқи савдони рағбатлантиришдаги ролининг сусайиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар товар ва хизматлари нархларининг ташқи ва ички бозордаги рақобатдошлигини пасайтирди.

 

Мамлакатимизда фақатгина бозор механизмлари асосида фаолият кўрсатадиган валюта бозорини шакллантириш барча банкларнинг мижозлар (юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар) эҳтиёжларини қондириш мақсадида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш учун валюта биржаси савдоларида эркин иштирок этишини, шунингдек, мижозларнинг чет эл валютасини сотиб олиш бўйича амалдаги тартиб ва техник регламентларига риоя этган ҳолда ўз валюта маблағларини ҳеч қандай чекловсиз тасарруф этишини тақозо этади.

 

Мазкур Фармон билан юридик ва жисмоний шахслар томонидан чет эл валютаси жорий халқаро валюта операцияларини амалга ошириш учун банкларда эркин сотиб олиниши ва сотилиши кафолатланади.

 

Хусусан, юридик шахслар ўз маблағларини банкларда жорий халқаро валюта операцияларини, шу жумладан, товар, иш ва хизматлар импорти, фойдани репатриация қилиш, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатларини тўлаш ва бошқа савдо характерига эга бўлмаган операцияларни амалга ошириш учун чет эл валютасига чекловларсиз эркин конвертация қилишлари мумкин.

 

Таъкидлаш жоизки, жорий халқаро операциялар бўйича тўловларни банклардаги ҳисобварақлар орқали амалга оширишда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бозор курсида чет эл валютасини сотиб олиш имкониятининг яратилиши “яширин” иқтисодиётнинг қисқаришига ва пул маблағларини банк айланмасига жалб қилишга хизмат қилади.

 

Жисмоний шахслар ҳам тижорат банкларининг конверсион бўлимларида чет эл валютасини эркин сотиб олиши, сотиб олинган маблағларни халқаро тўлов карталарига ўтказиб, улардан хорижда ҳеч қандай чекловларсиз, шу жумладан, банк ҳисобварақлари орқали хорижда ўқиш, даволаниш ва бошқа мақсадлардаги тўловлар учун фойдаланиши мумкин.

 

Халқ истеъмол товарларини импорт қилиш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар банклардаги ҳисобварақларида савдо тушумини ва бошқа даромадларини жамғариб борган ҳолда кейинчалик уни жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда, яъни сотиб олинган валюта маблағларини халқаро тўлов карталарига ўтказиш ва чет элда чекловларсиз, шу жумладан, товарларни импорт қилиш учун ишлатиши мумкин.

 

Аҳолидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш тижорат банкларининг барча филиал ва мини-банклари томонидан чекланмаган миқдорда ва сарсонгарчиликсиз амалга оширилади.

 

Бундан ташқари, банклар томонидан аҳоли билан валюта айирбошлаш операцияларини сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:

 

жисмоний шахслар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш тартибини соддалаштириш;

 

байрам ва дам олиш кунларида валюта айирбошлаш шохобчаларининг узайтирилган иш тартибини жорий қилиш;

 

тижорат банкларининг филиаллари ва мини-банкларида, айниқса, йирик савдо марказлари ва бозорларда қўшимча валюта айирбошлаш шохобчаларини очиш;

 

конверсион бўлимлар орқали чет эл валютасини сотишда олинадиган воситачилик ҳақи миқдорини имкон даражасида пасайтириш чораларини кўриш;

 

халқаро тўлов карталаридан хорижда фойдаланишда мавжуд барча чекловларни бекор қилиш назарда тутилган.

 

Шу билан бирга, маҳсулот ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ва фермер хўжаликларининг экспорт фаолиятини рағбатлантириш мақсадида уларга чет эл валютасидаги даромадларини ўз хоҳишига кўра эркин тасарруф этиш, бунда банк ҳисобварақларидан нақд чет эл валютасини ечиб олишгача бўлган ҳуқуқ берилади.

 

Кейинги йилларда экспортчиларни рағбатлантириш учун кўплаб ишлар амалга оширилди, уларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича кўплаб имтиёзлар берилди, экспорт фаолиятини ташкил этиш бўйича қатор тартиботлар бекор қилинди. Экспорт борасида мавжуд имтиёзларга қарамасдан валюта тушумини мажбурий сотиш талаби экспортни янада рағбатлантириш йўлида асосий тўсиқ бўлиб, экспортчилар ўз валюта тушумини тўлиқ тасарруф этиш имкониятига эга эмас эди, бу эса экспортни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган сиёсатга мос келмайди.

 

Шу сабабли мазкур Фармон билан товарлар (иш, хизматлар) экспортидан тушган валюта тушумини мажбурий сотиш тартиби мулкчилик шакли ёки экспорт қилинаётган маҳсулот туридан қатъий назар, барча экспортчи ташкилотлар учун бутунлай бекор қилинди.

 

Бозор тамойиллари асосида валюта ресурслари оқимининг самарадорлигини ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, шунингдек, ташқи савдода валюта сиёсатининг рағбатлантирувчи ролини ошириш мақсадида миллий валютанинг хорижий валютага нисбатан айирбошлаш курси фақатгина валюта биржасининг банклараро электрон савдоларида валютага бўлган талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

 

Бунда айирбошлаш курсини бозор механизмлари асосида шакллантириш мақсадида банклараро савдоларда Марказий банкнинг иштироки камайтирилади. Алоҳида ҳолларда Марказий банк айирбошлаш курсининг ҳаддан ортиқ тебранишини бартараф этиш учун хорижий валютани сотиш ёки сотиб олиш операцияларини амалга ошириши мумкин.

 

Айирбошлаш курсини эгилувчан ҳолда тартибга солиш республикага келадиган барча валюта ресурслари (экспорт тушуми, трансчегаравий пул ўтказмалари ва бошқалар) оқимининг расмий бозорга келиб тушиши орқали чет эл валютасига бўлган жами талаб ва таклиф мутаносиблигини таъминлаш ва олтин-валюта захиралари ҳажмларини аввалгидек юқори даражада сақлаб қолиш имконини беради.

 

Таъкидлаш жоизки, хорижий валютани эркин сотиб олиш ва сотиш имконияти ва миллий валюта айирбошлаш курсини бозор механизмларидан фойдаланган ҳолда белгилаш мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозордаги рақобатдошлиги ва рентабеллигини ошириш билан бир қаторда мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан янги технологиялар ва билимларни жалб қилиш, экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Бундан ташқари, айирбошлаш курсининг либераллаштирилиши экспорт имкониятларини оширишда кучли рағбатлантирувчи омил бўлиб, бу ноанъанавий соҳа ва тармоқларда экспорт ҳажмининг ортишига кўмаклашади ва айирбошлаш курсига таъсирчан товар экспортчиларининг молиявий ҳолатини нафақат экспорт ҳажмининг ошиши, балки олинган даромадларни миллий валютага қайта ҳисоблаганда вужудга келадиган фойда ҳисобидан ҳам тубдан яхшилайди.

 

Валюта сиёсатини ислоҳ қилишга Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишдаги биринчи зарурий қадам сифатида қаралмоқда ва ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан пул-кредит, солиқ-бюджет ва иқтисодий сиёсатнинг бошқа соҳаларида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг самарали мувофиқлаштирилишига боғлиқ.

 

Айирбошлаш курси барқарорлигини таъминлашда пул-кредит кўрсаткичларининг ўзгариши ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини инобатга олган ҳолда, Марказий банкка монетар инструментлардан фаол ва кенг равишда фойдаланиш орқали миллий валютанинг барқарорлигини ва инфляциянинг паст даражада бўлишини таъминлаш, пул массаси ҳаддан зиёд ва асосланмаган ҳолда ўсишининг олдини олиш, давлат харажатлари ва даромадларининг мутаносиблигини таъминлашга қаратилган қатъий монетар сиёсат юритиш вазифаси юклатилган.

 

Фармонда кўзда тутилган фискал чора-тадбирларни кўриш, яъни бюджет харажатларини қатъий равишда Давлат бюджетига келиб тушган даромадлар доирасида амалга ошириш, 2017-2018 йилларда Давлат бюджетини профицит билан ижро этиш имконини беради.

 

Бунда иқтисодиётда нархлар ўзгариши устидан самарали назоратни таъминлаш ҳамда монетар ва фискал сиёсатни мувофиқлаштириш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган пул-кредит сиёсатининг янги тамойил ва механизмларини жорий қилиш муҳим ўрин тутади.

 

Валюта сиёсатини либераллаштириш шароитида банк тизими барқарорлигини таъминлаш борасида вужудга келиши мумкин бўлган хатарларни назорат қилиш алоҳида аҳамият касб этади.

 

Банк тизимининг барқарорлиги нафақат мижозларнинг хорижий валютага бўлган талабини қондириш нуқтаи назаридан, балки кредит портфели, депозит базаси ва кўрсатилаётган хизматлар таркибида кутилаётган сифатли ўзгаришлар нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир.

 

Шу муносабат билан банк тизимининг барқарорлиги тижорат банкларининг капиталлашув даражасини сақлаш, пруденциал назоратни кучайтириш, шунингдек, валюта сиёсатини либераллаштиришнинг содир бўлиши мумкин бўлган салбий оқибатларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш орқали таъминланади.

 

Давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг дастлабки босқичи сифатида давлат банкларининг устав капиталига 655 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ киритилганини таъкидлаш жоиз. Банкларнинг ликвидлигини таъминлаш учун уларга қайта молиялаштириш кредитларини бериш механизми жорий қилинди.

 

Президент Фармонида илғор халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда содир бўлиши мумкин бўлган банк хатарлари тўғрисида барвақт огоҳлантириш, уларни баҳолашни такомиллаштиришни ўз ичига олган қатор банк назорати ва мониторинги инструментларини жорий қилиш чора-тадбирлари назарда тутилган.

 

Шунингдек, мазкур Фармонда:

 

хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақларидаги чет эл валютасидаги маблағларини қайта баҳолаш натижасида вужудга келадиган молиявий натижа солиққа тортиш базасига киритилмаслигини кўзда тутувчи вақтинчалик тартиб жорий этиш;

 

иқтисодиётнинг устувор тармоқларини молиявий қўллаб-қувватлаш, уларни солиққа тортиш механизмини такомиллаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда банкларнинг кредитларини реструктуризация қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқиш белгиланган.

 

Халқаро валюта фондининг баҳоларига кўра, валюта сиёсатини либераллаштириш ўрта ва узоқ муддатли истиқболда иш ўринлари яратиш ва иқтисодиётнинг ўсиш суръатларига сезиларли ижобий таъсир кўрсатади.

 

Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг қисқа муддатли истиқболда аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларига нисбатан вужудга келиши мумкин бўлган салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида аниқ манзилли ва шаффоф ижтимоий нафақа ва субсидиялар жорий этиш, касаначиликка, томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланишга кенг жалб қилиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, шунингдек, кам таъминланган оилаларнинг турмуш шароитларини имтиёзли микрокредитлар ажратиш орқали яхшилаш каби чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

 

Банд бўлмаган аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг уларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш, жумладан, уй-жой фонди объектлари ва уй-жой коммунал инфратузилмаси, кўчалар, йўллар, маҳаллалар ҳудудлари, ижтимоий-маданий аҳамиятдаги объектлар, ирригация тармоқларини ободонлаштириш ва таъмирлаш, шунингдек, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари ва имконияти чекланган шахсларга ёрдам беришга жалб қилиш кўзда тутилган янги механизми жорий қилинаётганини қайд этиш лозим.

 

Валюта айирбошлаш курсини либераллаштиришнинг товар ва хизматлар, айниқса, халқ истеъмоли товарларига ички нарх-навонинг шаклланишига таъсирини камайтириш мақсадида амалдаги божхона меъёрлари ва тўловлари ставкаларини тубдан қайта кўриб чиқиш вазифаси белгиланди.

 

Бундан ташқари, ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турларига нарх-навони мониторинг ва назорат қилиш Республика ва доимий фаолият юритадиган ҳудудий комиссияларга нархларнинг барқарорлигини ва бозорларнинг истеъмол товарлари билан тезкор тўлдирилишини таъминлаш вазифаси топширилди.

 

Мазкур Фармон билан миллий валютага бўлган ишончни кучайтиришга қаратилган қатор нормалар белгиланди. Кейинги йилларда айрим товар ва хизматларни (автомобиллар, авиачипталар ва бошқалар) республика ҳудудида чет эл валютасига сотиш амалиёти тадбиркорлар ва аҳолига ноқулайликлар яратиб, уларнинг эътирозига сабаб бўлаётган эди.

 

Бундан ташқари, товар ва хизматлар нархини чет эл валютасида ўрнатиш ҳолатлари ҳам Марказий банк расмий курси ўзгариши оқибатида нархларнинг миллий валютага ҳисобланганда асоссиз равишда ошишига олиб келаётган эди.

 

Бундан буён республика ҳудудида барча товарлар ва хизматлар учун ҳисоб-китоблар ва тўловлар, давлат божларининг ундирилиши, товар ва хизматлар нархларининг белгиланиши фақат миллий валютада амалга оширилади.

 

Тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишига қулай шароитлар яратиш мақсадида мазкур Фармон билан чет эл валютасида ажратилган кредитларни банкнинг кредит сиёсати ва томонларнинг келишуви асосида миллий ёки чет эл валютасида қайтарилишига рухсат берилди.

 

Валюта бозорини либераллаштириш жараёнида давлат иқтисодий сиёсатининг мазкур Фармонда белгиланган устувор йўналишларининг тўлиқ ижроси таъминланиши барча ташқи савдо фаолияти қатнашчиларига тенг шароит яратади ҳамда Ўзбекистон Республикаси миллий валютасининг мавқеини кучайтиради, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштиришга, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.

Манба:http://uza.uz

 

dle

Kategoriya: Ташкилот хакида » Янгиликлар

Hurmatli mehmon, siz saytga ro'yxatdan o'tmagan foydalanuvchi sifatida kirdingiz..
Sizga tavsiya qilamiz ro'yxatdan o'tish yoki saytga ismingiz bilan kiring.

Добавление комментария

Ismingiz:*
E-Mail:
Izoh:
Полужирный Наклонный текст Подчеркнутый текст Зачеркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищенной ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Kodni kiriting: *