» » » Қорамолларнинг юқумли тугунли дерматит касаллиги

 
 
 

Қорамолларнинг юқумли тугунли дерматит касаллиги

Muallif: info dan 17-09-2018, 16:27, qaradi: 6716

0

ҚОРАМОЛЛАРНИНГ  ЮҚУМЛИ ТУГУНЛИ ДЕРМАТИТИ

     

  Қорамолларнинг юқумли тугунли  дерматити (нодуляр дерматити) (Dermatitis nodularis bovum; заразный узелковый дерматит) – юқмли чегара билмас вирус касаллиги бўлиб, давомли иситма, некрозланувчи ўчоқли тери бўртмалари (ғадир-будур шиш), тарқалган лимфаденит, кўз, нафас олиш ва овқат ҳазм қилиш аъзолари шиллиқ пардаларининг жароҳатланиши билан характерланади. Бу касаллик билан, баъзан, қўй, эчки ва буйволлар ҳам касалланиши мумкин.

Жаҳонда қорамолларнинг юқумли тугунли  дерматити бўйича эпизоотик ҳолат мураккаблашган бўлиб, тарқалиш ареали мамлакатимизнинг чегара ҳудудларига яқинлашиб келмоқда. Жумладан касаллик асосан  Марказий ва Жанубий Африка мамлакатлари, Мадагаскар, Ҳиндистон мамлакатларида қайд этилган  бўлиб, кейинчалик Яқин Шарқ мамлакатларида, 2014-2016 йиллар мобайнида Туркия, Озарбайжон, Ливан, Ироқ, Эрон, Миср, Кипр, Россия Федерацияси, Доғистон, Чеченистон Республикалари, Арманистон, Греция, Болгария, Македония, Сербия, Черногория, Албания, Қозоғистон давлатлари ҳудудларида қайд этилган.

Юқумли тугунли  дерматитнинг иқтисодий зарари катта бўлиб,  сигирларда сут маҳсулдорлигининг кескин камайишидан, сут, тери маҳсулотлари сифатининг ва тирик вазннинг пасайиши, ўлик ҳомила ташлаш, бепуштлик, баъзан, шартли патоген микрофлора таъсири натижасида ҳайвоннинг нобуд бўлиши, даволаш ва ветеринария-санитария тадбирларини ўтказиш харажатларидан ташкил топади.

Касаллик қўзғатувчиси Poxviridае оиласи Capripoxvirus авлодига мансуб ДНК сақловчи вирус бўлиб, қўй-эчкилар чечаги вирусига антигенлик жиҳатидан яқин.

Бу вирус билан йирик шохли ҳайвонлар, қўй, эчки, қуён, денгиз чўчқалари касалланади. Касал ҳайвонларда юқумли тугунли  дерматит вируси тери бўртмаларида, мушаклар, шиллиқ пардалар, қон, сўлак, уруғда бўлади ва 11-12 кун сақланади, ажралиб тушган тери тугунларида 4 ойгача сақланиши мумкин, буқалар касалланиб соғайганда уларнинг   уруғи билан  
2 ойгача вирус ажралиб чиқиши мумкин.

Вирус ташқи муҳитнинг таъсирларга нисбатан чидамли. Вирус касалланган ҳайвонлар териси бўртмасининг қора қўтирида қоронғи жойда совуқда (+40С) 6 ойгача фаол сақланиши мумкин. Вирус +550С да 2 соатда, +650С да 30 дақиқада фаолсизланади, 1% ли формалин,
2% ли фенол, 2-3% ли гипохлорид натрий эритмалари вирусларни  фаолсизлантиради.

Нодуляр дерматитга зоти, жинси, ёшидан қатъий назар қорамоллар, айниқса Европа зотларига мансуб соғин сигирлар ва буйволлар мойил.
Қўй-эчкиларнинг касалланиши ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. Жирафа ва антилопалар юқумли тугунли  дерматит вируси билан экспериментал зарарлантиришга ўта сезгир. Касаллик одатда эпизоотия ҳолида намоён бўлади.

Касаллик қўзғатувчиси манбаи бўлиб, касал ва касаллик латент кечаётган ҳайвонлар ҳисобланади. Вирус инкубация даврида ва ҳайвоннинг касаллик даврида жароҳатланган тери соҳаларидан, сўлак, уруғ, сут, кўз ва бурундан ажратилган суюқликлар орқали ажралади.

Вируснинг бир ҳайвондан иккинчисига ўтиш йўллари кам ўрганилган. У асосан трансмиссив йўл-механик ташувчанликка гумон қилинаётган ҳашаротлар орқали узатилади. Чунки, касаллик айниқса, иссиқ ва намли мавсумда, нам, балчиқли ҳудудларда кўпроқ учрайди. Аммо ҳозиргача вирус ташувчилар доираси тўлиқ аниқланмаган. Вирус паррандалар орқали механик тарқалади, натижада касаллик тўсатдан, бир вақтнинг ўзида бир-биридан узоқда жойлашган манзилларда пайдо бўлиб жуда тез тарқалади.

Узатиш омиллари сифатида сут, уруғ, озуқа, сув, транспорт ва бошқа ташқи муҳит объектлари ҳисобланади. Вирус касал ва соғлом ҳайвонларнинг бевосита контакти орқали, жинсий йўл, бузоқларда эса сут орқали юқиши мумкин.

Касалланиш даражаси организмнинг зот хусусиятлари ва резистентлигига боғлиқ ҳолда 5-45 фоизни  ни ташкил этади. Йирик шохли ҳайвонларда ўлим даражаси 10-45 фоизгача бўлиши мумкин, лекин кўпинча
1-5 фоизни ташкил этади. Касалликдан табиий шароитда соғайиш 90 фоизгача бўлиши мумкин. Касаллик, асосан 4 ҳафтагача давом этади, асоратли кечса, секундар инфекциялар туфайли бу муддат чўзилиши мумкин.

ККасалликнинг инкубацион даври 3-30 кун, табиий шароитда инкубацион даври 2-4 ҳафтани ташкил этади.

Касалликнинг ўткир кечишида тана ҳароратининг +400С гача ошиши ва 4-14 кун мобайнида шу зайлда сақланиши, иштаҳанинг пасайиши, кўздан суюқлик оқиши, бурун ва оғиздан шиллиқли ёки йирингли суюқлик оқиши, 48 соатдан сўнг ўчоқли тери қопламида бўртмаларнинг ҳосил бўлиши кузатилади. Бу бўртмалар тери юзасидан сал кўтарилган, думалоқ, аниқ чегараланган, 0,2-7 см катталикда бўлиб касалликнинг кечишига боғлиқ ҳолда миқдори бир нечтадан бир неча юзтагача бўлиши мумкин. Қорамолларнинг юқумли тугунли дерматит касаллиги

Улар бутун тана бўйлаб жойлашади, асосан, сон, қўлтиқ, кўз атрофи, тумшуқ, елинда жойлашади.

Касаллик оғир кечганда бўртмалар оғиз ва бурун шиллиқ пардаларида, қин лаби соҳаларда ҳам жойлашиши мумкин. Нодуляр бўртмалар кўз қовоғида ҳосил бўлиши натижасида кўз пардаси лойқалашади, ҳайвон бутунлай ёки қисман кўр бўлиб қолади. Бўртмалар ҳосил бўлгандан
1-3 ҳафтадан кейин, улар ичидаги тўқима бутунлай некрозга учраб секвестрлар ҳосил бўлади. Кейинчалик бўртмалар ёрилиб ичидан ёқимсиз ҳидли чўзилувчан шиллиқ модда ажралиб чиқади. Қорамолларнинг юқумли тугунли дерматит касаллиги

Шишлар ёрилиб тузалгач, бўртмалар ва уларнинг яллиғланиш белгилари йўқолади (4-6 ҳафта мобайнида). Уларнинг ўрнидаги жун тушади. Бўртмалар баъзан қаттиқлашади ва бир йилгача шу ҳолда сақланиши мумкин. Охир-оқибат улар ё сўрилиб кетади ёки кўпинча, некрозга учрайди, қуруқлашган қорақўтир ҳосил қилиб қурийди, қорақўтир тагида грануляцион тўқима ҳосил бўлади. Бу жароҳатлар тузалиш, чандиқ ҳосил қилиш жараёнида, кўпинча, иккиламчи турли микрофлора билан ифлосланиб асоратлар пайдо бўлади. Лимфа тугунлари, айниқса, курак олди ва қўлтиқ таги лимфа тугунлари катталашади. Касал ҳайвонлар тез ориқлайди, маҳсулдорлиги пасаяди. Соғин сигирларда елинлар жароҳатланиши туфайли сут қуюқлашади, пуштиранг тус олади, томчилаб соғилади, қиздирилганда гелсимон ҳолатга ўтади.

Касаллик нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, кўпайиш аъзолари ва бўғимларнинг жароҳатланиши билан кечишига мувофиқ равишда қийинлашган қорин типида нафас олиш, кўп миқдорда сўлак ажралиш, шиллиқли ёки шиллиқли-йирингли конъюнктивит, кўз пардасининг лойқалашиши, лимфа тугунларининг катталашуви кузатилиши мумкин. Сигирларда ҳомила ташлаш, маститлар, насл қолдириш функциясининг бузилиши, ҳўкизларда эса вақтинчалик импотенция ёки бутунлай бепуштлик юзага келиши мумкин.

Бузоқларда юқумли тугунли  дерматит тери қопламининг визуал кўринадиган жароҳатларисиз кечиши мумкин. Бунда касаллик иситма, шиллиқ ва қон аралаш диарея билан тавсифланади. Ярим ўткир кечишда тери қопламининг сезиларли жароҳатланиши кузатилмайди. Касаллик қисқа муддатли иситма (2-5 кун), иштаҳа йўқолиши билан кечади. Касаллик клиник белгиларсиз ҳам кечиши мумкин, бу ҳолатда касалланиш фақат қўзғатувчи вирус ДНК-сини полимеразли занжир реакциясида (ПЗР) аниқлаш ёки вирус нейтралловчи антителолар мавжудлиги бўйича аниқланади. Зарарланган подада клиник белгиларсиз  касалланган ҳайвонлар 50 фоизгача етиши мумкин.

Қўйидаги патологоанатомик ўзгаришлар кўзатилади:  тери қопламида аниқ кўринувчи бўртмалар мавжуд, улар зарарланган мушаклар юзасида, мушак толалари орасида, бурун йўллари, томоқ, трахея, ўпка, буйрак, ширдон, катта қорин шиллиқ пардаларида ҳам жойлашиши мумкин. Тери ва тери ости тўқималари қизғиш суюқлик билан тўйинган. Бўртмалар кесмада кулранг рангда ва консистенцияси зич. Некрозлашган бўртмаларда казеоз масса мавжуд бўлиб, унинг остида ярачалар ҳосил бўлади. Лимфа тугунлари катталашган, шишган. Плеврада, талоқда, жигар, бурун чаноғи, ширдон ва ичаклар шиллиқ пардаларида қон қуйилишлар кузатилади. Ширдоннинг тубида ва пилорус қисмида ҳамда ўпкада, айрим ҳолларда яралар топилиши мумкин. Айрим ҳайвонларда бўғимлар фаолиятининг бузилишлари аниқланади.

Дастлабки ташхис клиник белгилар (тери қопламидаги аниқ чегараланган бўртмалар, оғир ҳолатларда бўртмаларнинг шиллиқ пардаларда жойлашиши, жароҳатлар соғлом теридан аниқ чегараланган, юза лимфа тугунлари қамраб олинган), эпизоотологик маълумотлар таҳлилига (касаллик бирданига бир неча фермада тўсатдан пайдо бўлади, касалланган ҳайвонлар миқдори тез кўпайиб, баъзан 70% гача етиб боради), патологоанатомик ўзгаришларга асосланган ҳолда қўйилади. Якуний ташхис  лаборатория текширишлар асосида қўйилади. Вирусни ажратиш учун патологик материал сифатида бўртмалардан фойдаланилади, бўртма қорақўтирида вирус нуклеин кислотаси ПЗР да 3 ой давомида аниқланиши мумкин. Вирусни ажратиш ва идентификация қилишда ҳужайралар культурасидан ва нейтраллаш реакциясидан  фойдаланилади.

Ҳозирги вақтда диагностика қилиш учун молекуляр-генетик усуллар қўлланилади. НД нинг вируси ёки антигени, геноми аниқланган ҳолатларда якуний диагноз қўйилган ҳисобланади. Бу мақсадда ПЗР, ИФА ва РСК (РДСК) каби реакциялардан фойдаланилади.

         Ҳайвонлар юқумли тугунли дерматитини дерматофилёздан (пўст билан қопланган ва тери қопламининг юза қаватларида бўртиб турувчи папулалар ҳосил бўлиши билан тавсифланувчи терининг сурункали жароҳатланиши); туберкулёзнинг тери шаклидан (бўртмалар тери қоплами остида бўғимлар ва бўйин лимфа тугунлари бўйлаб жойлашади ва узоқ муддат сақланади); ҳашаротлар чақишига тери реакциясидан (оғриқли жароҳатлар яхши сезилади, яллиғланиш бўртиқчаси билан чегараланмаган, бўртмалар юмшоқ ва ёйилган), оқсил, қўйларнинг блутанг, демодекоз, чечак, инфекцион ринотрахеит, сўна личинкаси жароҳатларидан фарқлаш лозим.

Касалликни махсус даволаш усуллари ишлаб чиқилмаган. Даволаш симптоматик усулда олиб борилади. Касал ҳайвонга озиқлантириш, сақлаш бўйича яхши шароитлар яратилади. Уларнинг тери қопламларига доривор ва дезинфекцион воситалар билан ишлов берилади. Иккиламчи  инфекцияни ва   касаллик асоратларини  олдини олиш мақсадида антибиотиклар, сульфаниламид препаратлар қўлланилади. Табиий шароитда 90% ҳайвонлар соғайиши мумкин.

Айрим олимларнинг  тавсиялари  бўйича ушбу касалликни даволашда “Биферон-Б” биопрепаратини қўллаш яхши самара беради. ФГБНУ Бутунроссия қўйчилик ва эчкичилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Белорусь Давлат университети олимлари томонидан биргаликда “НПЦ ПроБиоТех” (Белорусь) корхонасида тайёрланган янги авлод ветеринария препарати ёрдамида ҳайвонлар нодуляр дерматитини самарали даволаш ва номахсус профилактика қилиш бўйича схемалар ишлаб чиқилган. Бу схемаларда “Биферон-Б”, “Гентабиферон-Б”, “Энрофлоксаветферон-Б” препаратлари қўлланилади. Улар комплекс таъсир этувчи, кўп функцияли, видоспецифик таъсир этиш хусусиятларига эга.

 “Биферон-Б” препарати-таъсир этувчи моддаси турғун дори шаклидаги ҳўкизнинг альфа-2 ва гамма-рекомбинант интерферонларининг аралашмасидан иборат бўлиб,  биопрепаратнинг пролонгирланган таъсирини ва вирусларга қарши кучли самарасини таъминлайди. Биопрепарат қўлланилиш вақтида ва қўлланилгандан сўнг гўшт ва сут маҳсулотлари ҳеч бир чекловларсиз истеъмол учун ишлатилиши мумкин.

“Гентабиферон-Б” препарати “Биферон-Б” препартининг барча хусусиятларига эга, қўшимча равишда бактерияларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида гентамицин қўшилган.
“Гентабиферон-Б” таркибидаги интерферонлар антибиотикнинг иммунодепрессор таъсирини бартараф қилади. Биопрепарат қўлланилгач, ҳайвон гўштини 14 кун, сутини 4 кундан сўнг истеъмол қилиш мумкин.

“Энрофлоксаветферон-Б” таркибида энрофлоксацин мавжуд ва у бактерияларга қарши кенг доирада таъсир этади. Ҳўкизнинг рекомбинант альфа-интерферони ҳайвонлар учун ёрқин иммуностимулятор сифатида  таъсир этади, энрофлоксацин таъсирини ва қон зардобининг лизоцим ва бактерицид таъсирини кучайтиради, организмнинг номахсус резистентлигини оширади. Интерферонлар энрофлоксациннинг иммунодепрессор таъсирини бартараф қилади.

Касалланиб тузалган ҳайвонлар юқумли тугунли  дерматит билан қайтадан касалланмайди. Айрим олимларнинг берган маълумотларига кўра,  касалланиб тузалгач ҳайвонларда иммунитет 11 ой давом этади.

Фаол махсус профилактика учун Neethling штаммидан гомологик тирик аттенуацияланган вирус вакцина ва қўй-эчкилардан ажратилган каприпоксвируслар штаммларидан олинган гетерологик тирик аттенуацияланган вирус вакцинадан фойдаланилади. Вакцина сифатида ишлатиладиган каприпоксвирусларнинг барча штаммлари инъекция жойида кучли маҳаллий реакция чақириши мумкин. Нодуляр дерматит вирус вакцинаси билан эмлаш дозаси 2,5 lg50/cm3, қўй-эчкилар чечаги вирусидан тайёрланган  вакцина билан эмлаш дозаси 5 lg50/cm3 ташкил этади .

Махсус профилактика учун дастлабки режали вакцинация 3 ойлик ёш ҳайвонларга қилинади. Ревакцинация 12 ойдан сўнг ўтказилади. Носоғлом пунктларда ва хавфли ҳудуддаги хўжаликларда аввал қилинган иммунизация муддатидан қатъий назар барча соғлом ҳайвонлар вакцинация қилинади. Олти ойликкача бўлган ёш ҳайвонлар 14 кун оралиқ  билан 2 марта эмланади.

Қорамолларнинг юқумли тугунли  дерматити Ўзбекистон Республикаси ҳудудида  қайд этилмаган, лекин касалликнинг четдан кириб келиш хавфи сақланиб қолмоқда.

Касаллик қўзғатувчисининг четдан  кириб келиш ва тарқалишининг  олдини олиш мақсадида қўйидаги тадбирларни амалга ошириш талаб этилади:

амалдаги қонунчиликка асосан  юқумли тугунли дерматит касаллиги бўйича носоғлом давлатлардан  ушбу касалликка мойил ҳайвонлар (йирик шохли моллар, буйволлар,  зебу) ва касаллик манбааси бўлиши мумкин бўлган чорвачилик маҳсулотлари (ишлов берилмаган тери хом ашёси, ва касалликка мойил ҳайвонлардан олинган  генетик материаллар) ни олиб келиниши ва  республика ҳудуди орқали ташилишини тақиқлаш;

юқумли тугунли дерматит касаллиги ва унинг профилактикаси бўйича ОАВ орқали  чиқишлар,  давра суҳбатлари ташкил этиш, мақолалар чоп этиш. Аҳолини, чорвачилик маҳсулотларини  етиштириш, сақлаш, ташиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлар, қушхоналар раҳбар ва ходимларини юқумли тугунли дерматит касаллиги ва унинг профилактикаси бўйича тушунчасини ошириш, кўргазмали амалий ўқув-семинарлари ташкил этиш;

бозорлар,  қушхоналар ва бошқа корхоналарда сифатсиз маҳсулотларни аниқлаш ишларини кучайтириш;

чорвачилик  объектларидан 3 км  атрофида, рухсат этилмаган чиқинди ташлаш жойлари ташкил этилишига йўл қўймаслик;

ветеринария препаратлари заҳирасида доимий тарзда дезинфекцияловчи воситалар заҳираси яратилишини таъминлаш;

мавжуд "Ишонч телефонлари" орқали аҳоли ва ташкилотлардан йирик шохли  молларнинг оммавий касалланиши ҳолатлари бўйича тезкор ахборот   олиш ишларини ташкил этиш;

қонунчиликда белгиланган тартибда ва ваколатли органлар билан келишилган ҳолда ҳар бир чорвачилик объектларида, хўжаликларида  ҳайвонлар гавдаларини зарарсизлантириш жойларини ташкил этиш;

фермер хўжаликлари, аҳоли шахсий ёрдамчи хўжаликлари ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг  қорамоғидаги  йирик шохли молларни  ҳар йили январь-март ойларида рўйхатга (қайта рўйхатга)  олиш;

аҳолига   ҳайвонларни сақлаш, юқумли тугунли дерматитга қарши профилактик тадбирларни ўтказиш тартиб ва қоидалари, ҳайвонлар касалланганда, нобуд бўлганда   маҳаллий бошқарув органлари ва давлат ветеринария хизмати билан  ҳамкорлик қилиш тартибини тушунтириш;

чорвачилик хўжаликларида ветеринария ва санитария қоидаларига риоя қилиниши устидан назорат доимий ўрнатиш;

ҳар бир ҳудуд кесимида қорамолларнинг юқумли тугунли дерматит касаллигининг олдини олиш, тугатиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва унинг ижросини таъминлаш;

         чорвачилик хўжаликларидаги йирик шохли моллар кунлик клиник кўригини ташкил этиш;

         режали тарзда дезинфекция, дезинсекция, дератизация тадбирларини ташкил этиш;

йирик чорвачилик объектларидан 10 км  масофадаги барча аҳоли шахсий ёрдамчи хўжаликлари, фермер хўжаликлари, якка тартибдаги тадбиркорлар  қорамоғидаги   йирик шохли моллар  соғломлиги устидан мунтазам назорат олиб бориш;

юқумли  тугунли дерматит касаллигини  барвақт аниқлаш, ташҳис қўйиш, даволаш ҳамда тарқалишига йўл қўймаслик бўйича ветеринария мутахассислари ўқитиш, билим ва кўникмаларини ошириб бориш;

          юқумли тугунли дерматит касаллигининг қўзғатувчиси  манбалари, кириб келиш йўллари ва тарқалиб кетиш  эҳтимолларини аниқлаш, эпизоотик ҳолатни баҳолаб бориш.

          мамлакатга келтириладиган қорамоллар, уларнинг гўшт, сут маҳсулотлари ва уруғ юқумли тугунли дерматит  бўйича соғлом бўлган давлатлардан харид қилиниши лозим. Қорамоллар 30 кунлик профилактик карантин давомида юқумли тугунли дерматитга  текширилиши ва  фақат соғлом ҳайвонлар фермага киритилиши керак. Хорижий давлатлар билан чегара ҳудудларда қорамол ва қўй-эчкиларни боқишни имкон қадар чегаралаш зарур.

Чорвачилик фермалари  фаолиятини ёпиқ корхона шаклида ташкил қилиш, биноларга  дезтушама ва дезтўсиқлар  орқали киришни ташкил этиш,  ҳайвонларни тўйимли озуқалар билан боқиш, уларни зоогигиеник меъёрлар асосида  жойлаштириш, ўз вақтида касалларни ажратиб, алоҳида сақлаш ва даволаш, ферма ҳудудини озода сақлаш, режа асосида ферма ҳудудида дезинфекция, дезинсекция тадбирларини ўтказиш;

         Юқумли тугунли дерматит қорамоллар орасида клиник, патологоанатомик ва  лабораториявий усулларнинг бири билан аниқланса, қонунчиликда белгиланган тартибда карантин эълон қилинади.

         Қорамоллар орасида юқумли тугунли дерматит  биринчи марта учраганда эпизоотологик ўчоқда касал ва улар билан бевосита контактда бўлган ҳайвонлар алоҳида ажратилади, улар қонсиз усул билан ўлдирилиб, ўлимтиклар  йўқ қилинади. Касалланиб ўлган ҳайвонлар, емай қолган озуқа ва тўшамалар носоғлом пункт ҳудудида куйдирилади. Эпизоотик ўчоқдаги ҳайвонлардан олинган сут жойида 5 дақиқадан ортиқ муддат қайнатиш ёки +850С ҳароратда 30 дақиқа пастеризация қилингандан сўнг чекловсиз реализация қилинади.

Эпизоотик ўчоқда ҳар ҳафтада касал ҳайвонлар турган бинолар ва яйраш майдончалари, гўнги, транспорт воситалари дезинфекция, дезинсекция қилинади. Ферма ходимларининг махсус кийим ва резина пойафзаллари махсус камерада формальдегид буғлари билан зарарсизлантирилади.

Хавфли ҳудуд (3 км) чегараси белгиланади ва у ерларда ҳам касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича дезинфекция, дезинсекция ва шартли соғлом ҳайвонларни вакцинация қилиш тадбирлари амалга оширилади.

Карантин бекор қилингунча ҳар куни мулкчилик шаклидан қатъий назар барча чорвачилик хўжаликларида каалликка мойил ҳайвонлар клиник кўрикдан  ўтказилади. Кузатиш ҳудудида (10 км) ҳар куни қорамоллар клиник кўрикдан ўтказилади ва улар ҳар ҳафтада дезинсекция қилинади.

         Карантин ўчоқдаги ҳайвонлар тўлиқ йўқотилганидан  ("стемпинг аут" ўтказилганда)  ёки ўчоқдаги ҳайвонлар тўлиқ соғайиб,  эпизоотик ўчоқда  комплекс   ветеринария-санитария тадбирлари ўтказилилганидан (шу жумладан  чорвачилик бинолари, қўр-қўтонлари ва бошқа ҳайвонлар сақланган жойларда уч мартадан (биринчи марта   ҳайвонлар соғайиши билан,  иккинчи марта тўлиқ механик тозалашдан сўнг, учинчи марта  карантин бекор қилинишидан олдин)   дезинфекция тадбирлари ўтказилганидан сўнг 30 суткадан кейин бекор қилинади.

         Карантин бекор қилинганидан сўнг   касаллик ўчоғи ва касаллик хавф солган ҳудудларда бир йил муддага қўйидаги чекловлар ўрнатилади:           

         касаллик ўчоғи ва касаллик хавф солган ҳудудан   ҳайвонларни олиб чиқиш (махсус сўйиш корхоналарига сўйиш учун олиб чиқишдан ташқари);

ЙШМ ларни бозорларда сотиш,  аҳолидан ЙШМ ларни сотиб олиш;
         ёз мавсумида 3 ой,  куз-қиш мавсумида 6 ой давомида юқумли  тугунли дерматит билан касалланган ҳайвонлар боқилган яйловларда касалликка мойил ҳайвонларни боқиш,   ҳайдаб ўтиш, шунингдек  касалланган ва касалликка гумон қилинган  ҳайвонлар ўтлатилган, ҳайдаб ўтилган йўллардан  фойдаланиш тақиқланади;

         Нобоп пунктда   йил давомида  ҳашаротлар учиши бошланишидан  1 ой олдин  ЙШМ тўлиқ эмланади.        

 

Икром Хайитович Джураев, Навоий вилоят ветеринария бошқармаси бошлиғи.

 

www.vetgov.uzсайти ва интернет тармоғи маълумотлари асосида тайёрланди

 

dle

Kategoriya: Янгиликлар, Юкумли касалликлар

Hurmatli mehmon, siz saytga ro'yxatdan o'tmagan foydalanuvchi sifatida kirdingiz..
Sizga tavsiya qilamiz ro'yxatdan o'tish yoki saytga ismingiz bilan kiring.

Добавление комментария

Ismingiz:*
E-Mail:
Izoh:
Полужирный Наклонный текст Подчеркнутый текст Зачеркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Вставка ссылкиВставка защищенной ссылки Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Kodni kiriting: *