Тиббиёт инсонни, ветеринария инсониятни даволайди!
Ишонч телефонлари
(+99879) 225 58 96
(+99879) 225 58 29
Манзил:
Навоий шаҳри, Имом Ал-Бухорий кўчаси 3 a -уй.

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ВЕТЕРИНАРИЯ БОШҚАРМАСИ

Ташкилотининг расмий веб-сайти

    Бруцеллез

    БРУЦЕЛЛЁЗ (ҚОРА ОҚСОҚ)

     

    Бактериал юқумли зооантропоноз (одамларга ва хайвонларга хос) касалликлари орасида ўта хавфли юқумли касалликларнинг ўрни алохида таъкидланади. Улар қаторига куйдирги, туляремия, салмонеллезлар, листериоз, бруцеллез ва бирқатор бошқа касалликлар киради.

    Бруцеллез карантин қўйилиши шарт касалликлар жумласига киради

    Республикамизнинг Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бруцеллез касаллиги бўйича азалдан эндемик ўчоқ хисобланади.

    Ҳайвонлар бруцеллёзи (қора оқсоқ) кенг тарқалиш хусусиятига эга бўлиб, оммавий бола ташлаш, қисир қолиш, маҳсулдорликнинг камайиши, ёш молларнинг яшовчанлигининг пасайиши билан, баъзан эса умуман клиник белгиларисиз кечади.

    Касалликнинг қўзғатувчиси бруцелла гуруҳига мансуб микроблар бўлиб, унинг олти типи кўпроқ ўрганилган: қорамоллар бруцелласи, чўчқалар бруцелласи, кемирувчилар бруцелласи, қўчқорлар бруцелласи, итлар бруцелласи ва қўй-эчкилар бруцелласи. Буларнинг ичида инсонлар учун энг хавфлиси қўй-эчкилар бруцелласи ҳисобланади. Кейинги йилларда бруцеллаларнинг кит ва дельфинларда, тюлен ва моржларда учрайдиган янги типлари аниқланган бўлиб, уларнинг хусусиятлари яхши ўрганилмаган.

    Бруцеллалар ташқи муҳит шароитида анча чидамлидир: музлатилган гўшт маҳсулотида 1,5 йилгача яшайди, хом ва яхши пиширилмаган гўштда 30 кунгача, бринза ва пишлоқда 15–40 кунгача, сутда 3–4 кунгача ўзининг яшовчанлигини йўқотмайди. 70°С даражали иссиқликда 30 дақиқада зарарсизланади, қайнатилганда дарҳол зарасизлантирилади.

    Табиий шароитда ҳайвонлар бруцеллез қўзғатувчиси билан зарарланган ем-хашак, сувни истеъмол қилганда, кўз ва бурун бўшлиғининг шиллиқ пардаси орқали, шунингдек, жароҳатланган тери орқали ҳамда ҳайвонларни уруғлантиришда ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилинмаганда касалланади. Энг хавфлиси, касал моллар бола ташлаш вақтида ўзидан кўп миқдорда бруцелла микробларни ташқи муҳитга ажратади ва ем-хашак, сув, чорвачилик асбоб-ускуналарини зарарлантиради.

    Шунинг учун касал моллар ўз вақтида подадан ажратилиши ва касалликга қарши махсус ветеринария-санитария тадбирлари амалга оширилиши зарур.

    Ҳайвонларда касалликнинг яширин даври бир ой ва ундан ҳам кўпроқ давом этиб, кўпинча клиник белгисиз ўтади, намоён бўладиган асосий клиник белгиларидан бири-бруцеллез билан касалланган сигир ва ғунажинлар кўпинча 5–7 ойлик буғозлик даврида бола ташлайди, Бундан ташқари буқа ва қўчқорларда орхит белгилари кузатилади.

    Бруцеллез билан касалланганлиги аниқланган ҳайвонлар подадан тезда ажратилиб, 15 кун ичида бўрдоқига боқилмасдан, насли, ёши, бўғозлик даври инобатга олинмасдан, махсус санитар қушхонада гўштга сўйилади. касал молларни соғиш тақиқланади, касаллиги аниқланган сигирлардан олинган бузоқлар ўстиришга қолдирилмайди, тамғаланиб, гўштга сўйилади. Бирон бир шахсий хўжаликда чучқаларда бруцеллез аниқланса ҳамма чучқалар сўйилади.

    Одамларда бруцеллез касаллигига чалиниш ва унинг тарқалишига асосий сабаб хўжаликларда молларнинг ветеринария кўригидан тўлиқ ўтказилмаслиги, улар орасида касал моллар бўлиши, ҳайвонларнинг ўзбошимчалик билан бир подадан иккинчисига ўтказилиши, яхши ишлов берилмаган чорвачилик маҳсулотларини (қайнатилмаган сут, сих кабоб ва бошқа) истеъмол қилиш ва ниҳоят бозорлардан ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказилмаган чорвачилик маҳсулотларини харид қилинишидир.

    Одамларда касаллик тана хароратининг 39-40°С гача кўтарилиши билан бошланиб, холсизлик, тер оқиши, уйқусизлик, артрит, неврит, орхит, эпидидимит каби клиник белгилар билан кечади.

    Касалликнинг яширин даври 1-2 хафта ёки бир неча ойгача бўлиши мумкин. Клиник кечишига караб бруцеллёзнинг ўткир (3 ойгача), чузилувчан

    (6 ойгача) ва сурункали (6 ойдан ортиқ) турлари фарқланади.

    Бруцеллёз организмнинг умумий касаллиги хисобланса хам, унда таянч -харакат, юрак-томир ва нерв системалари жарохатланиши яққол ифодаланади.

    Ўткир бруцеллёзда бемор лохас бўлади, тез чарчайди, кайфияти бузилади, иштахаси пасаяди, кейин касалликнинг авж олиш даври бошланади. Бунда жунжикиш, қалтираш билан иситма 38-39°С даражагача кўтарилади, кучли терлаш кузатилади. Кундалик иситма ўткир бруцеллёзда ремиттирловчи (такарорланувчи) хусусиятга эга бўлиб одам кўп ҳолларда иш қобилиятини йўқотмайди.

    Беморни кўздан кечирганда тери оқарган, нам бўлади. Периферик лимфа тугунларнинг катталашиши ўзига хос белги хисобланади. Буйин, қултиқ ости, чов безлари катталиги ловиядек булиши мумкин.

    Жигар ва талок катталашиши бруцеллёзга хос аломатлардан бири хисобланади.

    Бу даврда буғимларда бироз оғриқ бўлса хам, таянч-харакат аппарати сезиларли жарохатланмайди.

    Касаллик тўғри даволанса 2-3 хафтадан сунг аломатлари йўқолиб, бемор тузалиши мумкин.

    Сурункали бруцеллёзда таянч-харакат аппарати жарохатланиши биринчи ўринда туради. Буғимлар, буғим халтачаси ва мускуллар шикастланиши туфайли бемор оғриқ сезади, буғим шишади, харакат чекланади.

    Сурункали бруцеллёзда жинсий аъзоларнинг жарохатланиши хам кўп учрайди.

    Таянч- харакат аппарати жарохатланиши ва невритлар оқибатида бемор ногирон булиб қолиши мумкин.

    Бруцеллёз билан оғриган бемор касалликнинг ўткир даврида ва сурункали тури зурайганида шифохонада даволанади.

    Даволаш курси 7-10 кун. Зарурият булганида бир хафта оралатиб, антибиотик билан 2-даволаш курси олиб борилади.

    Касаллик авж олмаган даврида физиотерапевтик муолажалар бемор ахволини енгиллаштиради.

    Касаллик олти ойдан сўнг сурункали актив турига ўтиб, ногиронликка олиб келиши мумкин.

    Шу кунгача одамларнинг бруцеллёз билан касалланиши бевосита касал ҳайвонлар билан яқин алоқада бўлганда содир бўлади деб ўйлашарди.

    Ҳозирги кунда бу касаллик ҳайвонлар билан умуман ишламайдиган кишилар орасида ҳам учраяпти. Бунга сабаб, инсонларнинг чорва маҳсулотига бўлган талабни қондириш мақсадида кўча-кўйларда савдо қилувчи сохта «тадбиркорлар»дан ветеринария кўригидан ўтказилмаган сут-гўшт маҳсулотларини харид қилиб истеъмол қилишидир.

    Айниқса, бу баҳор ойларида-организмда юқумли касалликларга қарши курашувчи иммун тизимнинг кучсизланиши кузатиладиган пайтда жиддий тус олади. Баҳорги қўй-эчкиларни қўзилатиш (тўл) даврида касалликни тарқатиш ва юқтириб олиш хавфи кучаяди, чунки бу мавсумда билиб-билмай ёшлар ва хотин-қизларнинг ҳам иштирок этиши кузатилади.

    Касалликнинг халқ хўжалигига катта зарари мавжудлиги, инсонлар соғлиги учун хавфлилиги туфайли инсоният томонидан жахон миқёсида ушбу касалликга қарши 100 дан зиёд вакциналар яратилган. Лекин уларнинг бирортаси хам юқори иммунологик самарага эга эмас. Бунинг асосий сабаби касаллик патогенезида яширинган бўлиб, қўзғатувчининг иммун хужайралари ичига кириб, ўзининг биологик турини сақлаш билан боғлиқ.

    Касалликга чалинмаслик учун ҳайвонларни ҳарид қилишда уларнинг соғломлигини тасдиқловчи ветеринария ҳужжатларини талаб қилиш;

    - ҳайвонларни ветеринария муассасаларида рўйхатга қўйиш, диагностик текширтириш, дезинфекция ўтказиш хақидаги ветеринария мутахассислари тавсияларини сўзсиз бажариш керак;

    -ветеринария-санитария экспертизадан ўтказилмаган ва ветеринария хулосасига эга бўлмаган чорвачилик маҳсулотларини истеъмол қилмаслик керак;

    - майда шохли молларни қўзилатиш мавсумида бруцеллёз касаллиги ҳақида тушунчаси бор кишиларни жалб қилиш ва шахсий гигиена талабларига қатъий эътибор бериш;

    - ҳайвонларда бола ташлаш, йўлдошнинг ушланиб қолиниши, метрит, оқсоқланиш ва уруғдонни катталашиши белгилари учраганда дарҳол ветеринария мутахассисига хабар бериш.

    Туман ветеринария бўлимлари ва лабораторияларида аҳоли ва фермер хўжаликларининг молларини бруцеллёзга текшириш бепул амалга оширилади. Шуни унутмаслик керакки, чорвачиликни талафотдан, инсонларни бруцеллёз касаллигидан асрашга барчамиз масъул бўлишимиз керак.

     

    Эргашев Собир Санақулович,

    Навоий вилоят ветеринария бошқармаси бошлиғи

     

     

     

    Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича Йўриқнома

    Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича Йўриқнома

    Ушбу Йўриқнома  вилоят ветеринария бошқармасида  жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш жараёнидаги муносабатларни тартибга солади....

    Крим-Конго геморрагик иситмаси

    Крим-Конго геморрагик иситмаси

    “Крим-Конго геморрагик иситмаси”- тананинг деярли барча қисмида қон қўйилишлар ҳамда юқори ҳарорат билан, оғир кечувчи, даволаш муолажалари ўз вақтида бошланмаса ўлим...

    Гаимов Абрий Худойназарович

    Гаимов Абрий Худойназарович

      Гаимов Абрий Худойназарович   Навоий вилояти ветеринария                            бошқармаси   ҳайвонлар соғлигини...

    Бозорларда балиқ ва балиқ маҳсулотларини ветеринария-сани ...

    Бозорларда балиқ ва балиқ маҳсулотларини ветеринария-сани ...

      Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги, «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги, «Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва...

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ДАВЛАТ ВЕТЕРИНАРИЯ БОШҚАРМАСИ
Веб-сайт маълумотларидан фойдаланилганда, NAVOIVET.UZ манбаа сифатида кўрсатилиши шарт!