Тиббиёт инсонни, ветеринария инсониятни даволайди!
Ишонч телефонлари
(0-436) 225 58 96
(0-436) 225 58 29
Манзил:
Навоий шаҳри, Б.Равшанов кўчаси 3 a -уй.

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ДАВЛАТ ВЕТЕРИНАРИЯ БОШҚАРМАСИ

Ташкилотининг расмий веб-сайти

    Куйдирги касаллиги ва унинг профилактикаси



    Куйдирги касаллиги ва унинг профилактикаси.

     

     

          Чорвачиликни ривожлантиришда чорва молларининг касалликларининг олдини олиш ва уларга қарши курашиши муҳим аҳамият касб этади. Чунки вилоятимиз худудида кўплаб ўта хавфли юқумли касалликларнинг табий ўчоқлари мавжуд. Шулардан биттаси куйдирги касаллигидир.

           Куйдирги-(Сибир яраси, антракс), инсон ва ҳайвонларга хос бўлган ўткир юқумли касаллик бўлиб, тери ва тери ости тўқималарида серозли ва геморагик шишлар пайдо бўлиши билан характерланади.

             Кўп асрлар давомида куйдирги кенг тарқалган касаллик бўлиб бир замонлар одамзот бошига кўп талофат келтирган. Куйдирги билан ҳар йили миллионлаб одамлар касалланган. Абу Али Ибн Сино, Гиппократ, Гомер, Овидийлар уни “ҳайвонлардан одамларга юқадиган касаллик” деб таърифлашган.

              Қадим замонларда куйдиргини “муқадас олов”, “форс олови”, “Эрон алангаси” номлари билан ҳам аташган. 1788 йили рус олими С.С.Андреевский Сибирдаги эпизоотия вақтида бу касалликни ҳайвондан ўзига юқтириб, одамлар билан ҳайвонларда учрайдиган касаллик бир хил эканлигини исботлади ва бу касалликни “сибир яраси” (“сибирская язва”) деб аташни тавсия этди. У куйдиргининг патологик анатомияси, клиник хилларини тасвирлаб берди, даво ва профилактика усулларини ишлаб чиқди. Куйдирги қўзғатувчисини биринчи марта 1876 йилда Р.Кох ажратган, 1881 йилда Л.Пастер, 1883 йилда эса Л.С.Ценковскийлар куйдиргига қарши вакциналарини ихтиро қилганлар.

              Куйдирги касаллигининг қўзғатувчиси (Bacillus antrax) аэроб, ҳаракатсиз тайёқча бўлиб, узунлиги 5-10 микрон, эни 1-1,5 микронни ташкил этади, ташқи шароитга қараб таёқчали яъни вегататив ва спора шаклида бўлади. Куйдирги микробини вирулентлиги шундаки, ташқи қобиғида ва ҳайвон организимида, специфик капсула ҳосил қилиб, ўзидан кучли заҳар (токсин) ишлаб чиқаради, шу билан бирга спора шаклида кислород етишмаган ва қуруқ тупроқларда 100 йилгача яшаш хусусиятига эга.

          Куйдирги касаллигига асосан қорамоллар, қўй ва эчкилар, от, эшак ҳамда туялар мойил ҳисобланади. Ит, мушук ва ёввойи йиртқич ҳайвонлар касалликка камроқ чалинади. Совуқ қонли ҳайвонлар ва паррандалар касалликка чалинмайди. Шу билан бирга ёввоий ҳайвонлар ва йиртқич паррандалар (қарға, қузғун ва бошқа) касалланган ҳайвон гўштини ёки жасадини егандан сўнг узоқ муддат давомида куйдирги спорасини ахлати ва сийдиги ёрдамида касаллик қузғатувчисини ташқи муҳитга тарқатади.

             Касаллик манбаалари бўлиб касал хайвонлар, улардан олинган махсулотлар (гўшт, сут, тери ва бошқалар), касал хайвонлар ўлган жойдаги зарарланган тупроқ хизмат қилади.

            Касаллик ўзига хос клиник белгилар билан кечади. Касалликнинг яширин даври 1-3, баъзан 8 кунгача давом этади. Касалликнинг кечиши ўткир, ярим ўткир, баъзан эса яшин тезлигида бошланади. Касаллик яшин тезлигида бошланганда ҳайвон бирдан йиқилиб, оғзи, бурни, орқа тешикдан қон аралаш суюқлик (кўпик) ажралади ва ҳайвон нобуд бўлади. Оққан қон ивимайди.

            Йирик шохли ҳайвонларда касаллик ярим ўткир тарзда кечганда тана ҳарорати 40-45 даражагача кўтарилади, мушаклари қисқаради, томир уриши тезлашади, нафас олганда шовқин пайдо бўлади, қорин шишади, орқа ичакдан ахлат билан қон аралаш суюқлик, сийдик билан қон ажралади ва ҳайвон нобуд бўлади. Йирик шохли ҳайвонларда касаллик карбункулёз шаклида ҳам кечади.

          Отларда касаллик қаттиқ санчиқ билан бошланади, ичак турида кечади ва терида, бошда, кукракда, елинда, инфильтратлар пайдо бўлади. Касаллик карбункулёз турида ҳам кечиши мумкин, бунда инфильтратлар чуқур жойлашиб, гангрена ва парчаланиш билан тугайди.

          Майда шохли молларда куйдирги яшин тезлигида ёки ўткир кечади. Ҳайвонлар тусатдан тиришиш, қон кетиш аломатлари билан нобуд бўлади. Ҳайвонлар тўғри ичаги ва жинсий аъзолари шиллиқ қаватида тугунли ясси геморрагик шишлар пайдо бўлади.

         Чучқаларда сепсис аломатлари деярли кузатилмайди, кўпинча касаллик ангина, яъни ҳиқилдоқнинг яллиғланиши, бўйин, кўкрак қафасининг шишуви билан ўтади, тилда, қаттиқ танглайда шиш ва карбункул пайдо бўлади, ҳайвон механик асфиксия (бўғилиш) дан нобуд бўлади. Чучқаларда касаллик баъзан сурункали шаклда ҳам кечиши мумкин.

          Касаллик қўзғатувчиларининг атроф мухитга тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида куйдиргига гумон қилинган ҳайвонларни ёриб кўриш, ташиш қатъиян тақиқланади. Лаборатор ташҳис учун патматериал мутахассис томонидан махсус усулда олинади.

           Касалик одамларга касал хайвонларни парваришлаганда, касалланган хайвонлардан олинган тери, жунга ишлов берганда, касалланган хайвонлардан олинган сут ва гўштни истеъмол қилган холларда, ветеринария мутахассиси рухсатисиз ҳайвонларни сўйиш, ветеринария кўригидан ўтмаган чорвачилик маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида юқади.

           Одамларда касалликнинг яширин даври бир неча соатдан 14 кунгача, ўртача 2-3 кун давом этади. Касаллик бир неча турда кўпроқ (95-98 фоизгача) тери турида кечади. Бунда микроб тушган жойда қизғиш ёки кўкимтир рангда доғ пайдо бўлади, бу доғ папулага, везикулага, пустула ва ярага айланади. Яранинг усти қора парда билан қопланади ва оғриқсиз кечади. Ярага яқин бўлган лимфа безлари зарарланиб, лмфаденит, сепсис пайдо бўлади. Беморда қувватсизлик, тана ҳарорати кўтарилиши, бош оғриги, бош айланиши, қусиш, жигар ва талоқнинг катталашуви каби аломатлар кузатилади.

           Одамларда куйдиргининг ичак тури куйдирги қўзғатувчиси билан зарарланган гўшт истеъмол қилинганида, ўпка тури билан эса куйдирги таёқчаси спораларининг нафас йўллари (тери, мўйна махсулотлари корхоналарида) орқали тушишидан ривожланади. Ичак ва ўпка турлари кескин умумий бузилишлар билан кечиб, одатда ўлим билан тугайди.

    Куйдирги касаллигининг олдини олиш учун хайвонларни ўз вақтида рўйхатга олиб бориш ва ушбу касалликка қарши эмлаш, ветеринария санитария тадбирларини, яъни дезинфекция, дезинсекция, дератизация ишларини ўз вақтида ўтказиб туриш, айниқса хайвонларни ветеринария мутахассилари назорати остида бўлиши, молларни белгиланган жойларда-махсус қушхона ва сўйиш майдончаларида сўйилиши мухим аҳамият касб этади. Гушт, сут махсулотлари ветеринария санитария талабларига қатъий риоя килган холда истеъмолга чиқарилиши лозим.

           Куйдирги касаллиги ўта хавфли касаллик бўлганлиги сабабли, унга қарши тадбирлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан, бепул ўтказилади. Лекин, таъкидлаш лозимки, эмлаш тадбирлари самарадорлиги, мавжуд моллар тўлиқ эмланганда юқори булади. Айниқса ахолида мавжуд моллар тўлик руйхатга олинмаганлиги, ахоли томонидан мол сотиб олинганлиги тўғрисида жойлардаги ветеринария мутахассисларига ўз вақтида хабар берилмаслиги молларнинг эмланмай қолиши касаллик келиб чиқиши хавфини кучайтиради.

    Куйдирги касаллигидан сақланиш учун:

    -ўзингизга тегишли хайвонларни худудингиздаги ветеринария муассасасида рўйхатга қуйинг, бу ҳайвонларнинг куйдиргига қарши самарали вакциналар билан ўз вақтида эмланиши гаровидир;

    -хайвонларда хар қандай касаллик аломатларини пайқасангиз дархол ветеринария мутахассисига хабар беринг, касалликни ўзингиз аниқлаш ёки даволашга уринманг;

    -гўшт, сут махсулотларини фақат махсус белгиланган жойларда (гушт дўконлари, дехкон бозорларидаги павильонлар, махсус маркетлар) харид қилинг, гўшт махсулотларида ветеринария кўриги хақида тамға (клеймо) бўлишига эътибор беринг, гўшт сотувчисидан ветеринария маълумотномасини талаб қилинг;

    -шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилинг!

     

     

     

             Эргашев Собир Саноқулович, Навоий вилояти  ветеринария бошқармаси  бошлиғи.

     

    Кўп бериладиган саволларга жавоблар

    Кўп бериладиган саволларга жавоблар

    17.06.2014 й. Саволларга вилоят давлат ветеринария бошқармаси мутахассилари жавоб беради...

    Қутуриш касаллиги

    Қутуриш касаллиги

      16.06.2014й.    Қутуриш касаллиги олдинги замонлардан маълум бўлиб, ўткир кечадиган юқумли касалликдир. У марказий нерв системасининг оғир шикастланиши билан характерланади. Бунда...

    Крим-Конго геморрагик иситмаси

    Крим-Конго геморрагик иситмаси

    “Крим-Конго геморрагик иситмаси”- тананинг деярли барча қисмида қон қўйилишлар ҳамда юқори ҳарорат билан, оғир кечувчи, даволаш муолажалари ўз вақтида бошланмаса ўлим...

    Бруцеллез

    Бруцеллез

    Бактериал юқумли зооантропоноз (одамларга ва хайвонларга хос) касалликлари орасида ўта хавфли юқумли касалликларнинг ўрни алохида таъкидланади. Улар қаторига куйдирги, туляремия, салмонеллезлар, листериоз,...

    Гаимов Абрий Худойназарович

    Гаимов Абрий Худойназарович

      Гаимов Абрий Худойназарович   Навоий вилояти ветеринария                            бошқармаси   ҳайвонлар соғлигини...

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ДАВЛАТ ВЕТЕРИНАРИЯ БОШҚАРМАСИ
Веб-сайт маълумотларидан фойдаланилганда, NAVOIVET.UZ манбаа сифатида кўрсатилиши шарт!