ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
ДАВЛАТ ВА ХЎЖАЛИК БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ, МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ОРГАНЛАРИ, ДАВЛАТ КОРХОНАЛАРИ, МУАССАСАЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ҲУҚУҚИЙ ТАЪМИНЛАШ ДАРАЖАСИНИ ЯНАДА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 35-36-сон, 355-модда; 2012 й., 37-сон, 429-модда; 2013 й., 50-сон, 650-модда)
Мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш шароитларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш сифатини яхшилаш, юридик хизматнинг роли ва жавобгарлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
Хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг раҳбарлари ушбу қарор талабларига риоя қилиниши ҳамда юридик хизмат фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилиши учун шахсан жавоб берадилар.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари, шунингдек уларнинг юридик хизматлари томонидан ушбу қарор талабларига риоя қилиниши устидан тегишли назорат ўрнатсин;
икки ой муддатда, танқидий таҳлил қилиш асосида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларини аттестациядан ўтказиш, шунингдек уларнинг малакасини ошириш тартибини такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар киритсин;
уч ой муддатда юридик хизматлар фаолиятида қўллаш учун шартномаларни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмийлаштириш, қонунчиликни тизимлаштириш, талабнома-даъво ишларини юритиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан хулосалар тузиш бўйича методик қўлланмаларни ишлаб чиқсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг давлат бошқарув органлари ва корхоналарида юридик хизмат тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида» 1993 йил 2 мартдаги 118-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1993 й., 3-сон, 8-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2007 йил 24 август,
182-сон