O‘zLiDeP ҳудудий ташкилотларида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинмоқда
Навоий шаҳрида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан “Тадбиркорлар ва фермерлар мулоқот форуми” лойиҳаси доирасида амалий мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда асосий эътибор Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Божхона кодекси лойиҳаси ҳамда “Ветеринария тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига қаратилди.
Амалий мулоқатда сўз олган O‘zLiDeP Навоий вилояти Кенгаши раиси Я.Душанов янги таҳрирда таклиф этилаётган Божхона кодекси амалда бўлган Божхона кодексидан концептуал нуқтаи назардан фарқ қилиши, ягона ахборот маконини шакллантиришда умумжаҳон тенденциясидан келиб чиққан ҳолда, янги таҳрирдаги божхона кодекси лойиҳаси замонавий ахборот технологияларини кенг қўллашга ҳам йўналтирилганлиги, Божхона Кодексининг янги таҳрирда қабул қилиниши партия электорати манфаатларига мос бўлиб, аввало мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитининг шаклланишига, бизнес ва тадбиркорликнинг ривожланиши, уларнинг ташқи иқтисодий фаолияти кўламининг ортишига хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Тадбирда шунингдек, “Ветеринария тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси юзасидан вилоят ветеринария бошқармаси вакили Жузбаев Бахтберган сўзга чиқиб, қонуннинг янги таҳририда ветеринария соҳасидаги асосий тушунчаларнинг атамалари киритилаётганлиги, қонун лойиҳасида ветеринария барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган профилактика, диагностика ва даволаш тадбирлари, лаборатория синовлари, ветеринария дори воситалари ва озуқа қўшимчаларининг муомалада бўлишига талаблар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудини бошқа давлатлар ҳудудидаги ҳайвонлар юқумли касалликларининг кириб келишидан муҳофаза қилишда ҳамда савдо объектларида ветеринария-санитария тадбирларини ташкил этиш бўйича яна бир қатор ҳуқуқий асослар жой олганлигини таъкидлади.
Фракция аъзоларининг фикрича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши O‘zLiDeP электорати ҳисобланган чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи фермерлар ва истеъмолчиларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солишда ҳам муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилади, айни шу мақсаддан келиб чиқиб, қонун лойиҳасига фракция томонидан чорвачиликка асосланган деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликларида чорвачилик объектларига асосий ветеринария-санитария талаблари ҳамда аҳоли пунктларида қишлоқ хўжалик ҳайвонларини парвариш қилиш қоидаларини киритиш назарда тутилмоқда.
Сўзга чиққан депутатлар ушбу қонун лойиҳаси O‘zLiDePнинг сайловолди дастуридаги тадбиркорлик, фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқда реал мулкдорлар синфини шакллантириш асосида қишлоқ хўжалигини янада диверсификация қилиш ва ривожлантириш йўналишида белгиланган вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши
Манбаа: http://uzlidep.uz