Сув сифатини оддий, ишончли, тез ва арзон тарзда аниқлаш Африкада минглаб одамлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин эди. Британиянинг Бат Университетида айнан шундай тестни ишлаб чиқишди: қоғоз бўлаги худди лакмуслидек тасаввур уйғотади, бироқ рангнинг ўзгариши сувдаги кислота даражасини эмас, балки зарарли бирикмалардан дарак беради.

WaterAid хайрия ташкилотига кўра, сайёрадаги қарийб 850 млн киши тоза сувнинг йўқлигидан азият чекади. Бактериялар ёки оғир металлар тузларига эга сувни истеъмол қилишдан эса ҳар икки дақиқада бир ёш бола ҳаётдан кўз юмади. Нархи 1,3 доллардан камроқ бўлган бир марталик экспресс-тест бу борадаги юқумли касалликлар сонини анча қисқартириши мумкин.

Британиялик олимларнинг иши натижалари ҳақида Telegraph нашри ёзмоқда. Улар томонидан ишлаб чиқилган экспресс-тест – оддий қоғоз бўлиб, унга графитли электродлар, шунингдек, электр ўтказувчи бактериялар қатлами билан ишлов берилган. Чизиқ сувдаги заҳарли кимёвий моддалар, гербицидлар, оғир металлар ҳамда кўзга ташланмайдиган бошқа зарарли нарсаларга реакция бериб, ўз рангини ўзгартиради.

Тадқиқот муаллифларидан бири бўлган профессор Мирелла Ди Лоренцо шундай дейди: «Бу иш сувни манбаларнинг ўзида текшириш бўйича инқилоб қилиши мумкин – бизнинг усул нафақат экологик тоза, тез ва тушунарли, балки арзон ҳамдир. Бундай тадқиқотлар ҳаётни, айниқса, таҳлил учун энг оддий нарсаларни ҳам топиш мушкул бўлган туманларда яхши томонга ўзгартиради». Тестдан сўнг қоғозчани ташлаб юборса бўлади – у тез чирийдиган материаллардан қилинган ва табиатга зарар етказмайди.

 

Манба:http://kun.uz