2020 йил 19 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Мазкур ялпи мажлис иши Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда “Узрепорт” телеканали орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.
Дастлаб суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари замирида бўлган инсон ҳуқуқларини тўла-тўкис таъминланиши йўлида суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида бешта қонун муҳокама қилинди.
“Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларга доир суд қарорларини қайта кўришнинг процессуал тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидандир.
Сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратганлиги билдирилди.
Ушбу Фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонунлар суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш тартибини илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, фуқаролар учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанцияларини ислоҳ қилишни назарда тутади.
Шу билан бирга, амалда бўлган назорат инстанцияси тизими суд ишларининг йиллаб ўз ечимини топмасдан фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келиш билан бирга халқаро тажрибага ҳам мос келмайди.
Жумладан, қонуний кучга кирган суд қарорларини бир неча марта қайта кўриш имконияти мавжудлиги манфаатдор шахслар суд ишидаги мавҳумлик ҳолатидан бир неча йиллар азият чекишга маҳкум бўлиши, охир-оқибат суд ҳокимиятининг обрў-эътиборига путур етказиши, фуқаролар ва кенг жамоатчиликда судларга нисбатан салбий муносабат, шунингдек ҳуқуқий тизимга нисбатан ишончсизлик юзага келиши учун шарт-шароит яратади.
Давлатимиз раҳбарининг “бир суд – бир инстанция” тамойилининг илгари сурилиши суд қарорларини қайта кўриш тизимида йиллар давомида тўпланиб келинган муаммоларнинг ҳал қилинишига айни муддао бўлиб, ушбу тизимни тубдан кўриб чиқишга асос солди. Унга кўра, халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилади. Яъни биринчи инстанция – туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича – вилоят судлари, апелляция инстанция – вилоят даражасидаги судлар, кассация инстанцияси – Олий суд. Шунингдек, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинади.
Ўз ўрнида, сарсонгарчиликни бартараф этиш ва фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида ўзгартишларга асосан вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилмоқда.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилмоқда.
Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилмоқда. Шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилмоқда. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинмоқда.
Сенаторлар мазкур Қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилиши қандай натижалар бериши масалаларига ҳам алоҳида тўхталди.
Таъкидланганидек, вилоят суди томонидан биринчи инстанцияда кўрилган суд ишлари юзасидан берилган шикоятларни шу суднинг ўзи томонидан юқори инстанция суди сифатида кўрилиши амалиётига барҳам берилади. Натижада ушбу жараёндаги коррупциявий омиллар бартараф этилиб, шикоят қилиш институтининг самарадорлиги ошади.
Шунингдек, ўрта бўғиндаги судлар асосан апелляция инстанцияси суди сифатида ихтисослашгач, уларнинг масъулияти кучайтирилиб, барча диққат-эътибори суд қарорларининг сифатига қаратилади ҳамда биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар ўз вақтида бартараф қилинади. Бунда фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини ўз вақтида тиклаш ва одил судловни амалга ошириш сифатини янада яхшилаш имконияти яратилади.
Ўз навбатида, суд ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш институтининг тугатилиши ва кассациянинг учинчи инстанция суди сифатида белгиланиши натижасида суд қарорларининг қонунийлиги, асослиги ва адолатлиги бевосита ундан норози томоннинг тўғридан-тўғри берган шикояти асосида кўрилишига эришилади, судларда ишларни назорат тартибида кўриб чиқиш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанциялар қисқартирилади.
Бу эса суд қарорларини қайта кўриш масаласидаги халқаро стандартлар талабларини процессуал қонунчилигига имплементация қилинишига, суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади.
Қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди ва мутасадди идораларга уларни кенг тарғиб қилиш ва тўлиқ ишлаши учун зарур механизмларни ишлаб чиқиб, жорий этиш топширилди.
Шундан сўнг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама марказида бўлди.
Таъкидланганидек, ушбу Қонун 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тегишли Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилик базасини тизимлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, шунингдек, уларнинг ижроси мониторингини такомиллаштириш, норма ижодкорлиги жараёнига замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш масалалари долзарб масала эканлиги қайд этилди.
Тан олиш керак, қонунчилик амалиётида норма ижодкорлиги фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг тарқоқлиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли муаммолар ва коллизияларни келтириб чиқараётган эди.
Янги таҳрирдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунда амалдагидан фарқли ўлароқ бир қатор янгиликлар белгиланмоқда. Бунда:
- қонунчилик ҳужжати лойиҳалари юзасидан ўтказиладиган экспертизалар, жумладан, коррупцияга қарши ва гендер тенгликни таъминлаш экспертизалари ҳамда уларни ўтказиш тартиби;
- лойиҳаларни Ўзбекистон Республикаси Интерактив давлат хизматлари ягона порталида муҳокама қилинишининг ҳуқуқий механизми;
- лойиҳа таъсирини баҳолаш институти киритилиши;
- ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тушунчаси ва уни ўтказиш тартиби;
- қонун ҳужжатлари ва қонуности ҳужжатларига қуйиладиган асосий талаблар каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Қонуннинг қабул қилиниши натижасида ҳуқуқий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган даврда норма ижодкорлиги фаолиятига тааллуқли бўлган барча ўзгартиришлар, шу жумладан, қонунларнинг тўғридан-тўғри амал қилиш механизмини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш таъминланади.
Сенат аъзолари мазкур Қонунни маъқуллади.
Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнги йилларда мамлакатимизда миллий ахборот макони ва инфратузилмасини ривожлантиришда сезиларли ислоҳотлар қилиниб, сўз эркинлиги ва ахборот очиқлигини таъминлаш жараёни кескин ўзгарди. Халқ билан мулоқотда янгича шакллар пайдо бўлиб, давлат органлари учун очиқлик ва шаффофлик талаби юзага келди. Ҳар кимнинг ахборот излаш, олиш, тўплаш, тарқатиш ва ундан эркин фойдаланиш, ўз фикр ва қарашларини эркин ифодалаши қонунларимизда кафолатланган.
Шу билан бирга, ахборот эгаларининг сўз масъулияти ва унинг оқибатлари бўйича жавобгарликни ҳис қилиши, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари кафолатланиши ҳам тегишлича белгилаб қўйилган.
Шунга қарамай, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга олиб келадиган ҳамда жамоат тартиби ёки хавфсизлиги учун таҳдидга эга бўлган ёлғон ахборотни тарқатиш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки интернет тармоқларига жойлаштириш орқали тарқатиш ҳоллари тез-тез учраётганлиги таъкидланди.
Телекоммуникация ва Интернет тармоқларида ахборотнинг тарқалиш жараёнини самарали тартибга солувчи муҳим нормаларнинг етишмаслиги алоҳида қайд этилди.
Айтиш жоизки, бундай шароитда фуқароларнинг ахборот ҳуқуқлари ҳимоясининг кафолатларини таъминлайдиган ҳуқуқий майдонни яратиш муҳим ҳисобланади.
Шу масалаларни ҳал этиш, тегишли ҳуқуқий майдонни яратиш вазифаларини мувофиқлаштириш учун мазкур Қонун ишлаб чиқилгани таъкидланди.
Қонуннинг мақсади – долзарб, ишончли ва жамият учун муҳим бўлган ахборотни эркин тарқатиш жараёнларига кўмак берадиган амалий ҳуқуқий механизмларни яратиш, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ҳамда журналистларнинг профессионал фаолиятининг ҳимояси тўғрисидаги қонунчилик ҳимоясини таъминлаш, миллий ахборот макони ҳамда ҳуқуқ тартибот асослари хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш.
Мазкур Қонун билан ёлғон ахборотни тарқатганлик учун юридик жавобгарлик чораларининг қабул қилиниши фуқароларнинг ахборот ҳуқуқларининг ҳимояланиши, коммуникация тизимига долзарб ва ишончли ахборотларнинг киритилиши, жамият хавфсизлиги ва барқарорлигининг таъминланишига кўмак беради.
Шунингдек, ушбу Қонун билан киритилаётган диффамация (яъни, туҳмат ва ҳақорат) ҳолатлари билан боғлиқ жиноятлар таркибига нисбатан енгиллаштириш чоралари жамиятда очиқлик даражасини ошириб, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги кўрсаткичларининг кўтарилишига ёрдам беради.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин “Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги ва “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда. Жумладан, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонунда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ тушунчаларга тўлиқ ва аниқ изоҳ берилмаган эди. Бу эса амалиётда ҳуқуқий нормаларни қўллашда айрим тушунмовчиликларга сабаб бўлаётган эди.
Қолаверса, амалдаги Қонунда тендер бошланишидан бир ой олдин оммавий ахборот воситаларида, давлат органи веб-сайтларида эълон қилиниб, манфаатдор шахслар доирасини аниқлаш жараёни назарда тутилган. Малака ҳужжатлари фақатгина эълон муддати тугагандан кейин қизиқиш билдирганларга юборилиши белгиланган. Айнан шу ҳолат тендер жараёнини аксарият ҳолларда бир ойга кечиктирилишига сабаб бўлаётганди.
Эндиликда Қонунга ички амалиёт ва халқаро тажрибадан келиб чиқиб, “концессия”, “махсус лойиҳалаштириш компанияси” ва “талабгор” деган янги тушунчалар киритилиб, уларга тасниф берилмоқда. Бозорнинг ишлаш механизмларига монанд қоидаларини белгилаш мақсадида Қонунда ишлатиладиган бошқа асосий тушунчаларга аниқлик киритилмоқда.
Сенаторлар эътибор қаратганидек, кўриб чиқилаётган ўзгартишларда тендер ўтказиш жараёнини тезлаштириш учун эълон бериш билан бир вақтда тендер ҳужжатларини ҳам тақдим қилиш белгиланмоқда.
Шунингдек, хусусий шерик ҳуқуқларининг кафолатлаш нормаси аниқлаштирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг кейинги қонун ҳужжатлари давлат-хусусий шериклик объектига инвестиция киритиш шартларини ёмонлаштирса, хусусий шерик давлат-хусусий шериклик объектидан эркин фойдаланиш учун тўлов ва (ёки) фойдаланганлик учун тўлов компенсацияловчи тарзда оширилишини, қолаверса, давлат шеригидан бир марталик компенсация тўловини ва (ёки) давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга тегишли ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритилишини талаб қилишга ҳақли, деб белгиланмоқда.
Бундан ташқари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битими доирасида ўз ихтиёрларидаги объектларни аниқлаш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, шу жумладан, чет эл инвесторлари иштирокидаги лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омилларни ва мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича чоралар кўриш ваколатлари берилмоқда.
Мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши соҳа ҳуқуқий асосини халқаро амалиётга мослайди, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ягона қоидалар ҳамда талабларнинг бажарилишини таъминлайди. Шунингдек, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган сарф-харажатларнинг қисқаришига, мамлакатнинг инвестициявий муҳити ва жозибадорлиги ошишига, тармоқларга тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилишига ва натижада янги иш ўринлар яратилишига олиб келади
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур Қонун амалдаги 14 та қонун ҳужжатлари, шу жумладан, 11 та қонун ва 3 та Кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Киритилаётган ўзгартишлар кенг қамровли бўлиб, улар жамиятимиз хаётининг кўпгина соҳаларига ижобий таъсирини ўтказиши назарда тутилмоқда.
Хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти фаолиятига оид қонунларга киритилаётган меъёрларга асосан маҳаллий Кенгашлар томонидан қабул қилинган қонунга зид қарорларни бекор қилиш ваколати Сенатга берилмоқда. Шу билан бирга, депутатни жавобгарликка тортишга розилик беришни ҳалқ депутатлари Кенгашлари сессиялари оралиғида ҳал этиш амалиётидан воз кечилмоқда.
Маҳаллий Кенгашларнинг қонунга зид қарорларини бекор қилиш билан бир қаторда юқори палатанинг фаолиятини тартибга солувчи бир қатор қонунларга Сенат томонидан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг фаолиятига доир ҳисоботларни эшитиш амалиётини жорий этиш, шунингдек ҳудудий манфаатлардан келиб чиқиб, Сенат томонидан Давлат бюджетининг ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш тартиби ўрнатилмоқда.
Қонунга асосан давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун, адлия органларининг бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни бажармаганлик учун, давлат мулки объектлари тўғрисидаги маълумотларни киритиш ҳақидаги Давлат активларини бошқариш агентлиги органларининг тақдимномалари бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Иқтисодиёт соҳасида яна бир ўзгартишга кўра, эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун йиғимлар энди республика бюджетига эмас, Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Капитал бозорни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилиши белгиланмоқда.
Ўз ўрнида, Қонун билан давлат бошқаруви органларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши, ижобий хулоса олингандан сўнг ҳисобга олиниши ҳамда ўз-ўзи билан сўнг жорий этилиши, умумий техник регламентлар эса бундан мустаснолиги белгиланмоқда.
Мазкур Қонун маҳаллий давлат ҳокимиятини органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат харидлари субъектларининг масъулиятини ошириш, маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши, Ҳукумат вакилларининг қонуний талаблари ўз вақтида бажарилиши, техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатларнинг такомиллашишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин сенаторлар “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Киото, 1973 йил 18 май, 1999 йил 26 июндаги ўзгартиришлар билан) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган чуқур иқтисодий ислоҳотларнинг истиқболда натижадорлигини таъминлаш, хусусан божхона фаолияти самарадорлигини оширишда соҳанинг қонунчилик базасини такомиллаштириш, уни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштириш бугунги кунда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур Қонун Киото конвенцияси қоидалари асосида Ўзбекистон Республикаси божхона қонунчилиги, тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш орқали мамлакат ташқи савдо фаолиятини рағбатлантириш мақсадларига қаратилган.
Киото конвенцияси қоидалари тавсиявий характердаги стандартлар шаклида Жаҳон божхона ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган.
МДҲ мамлакатларидан Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Украина давлатлари Киото конвенциясига қўшилган.
Мажлисда ушбу Қонуннинг қабул қилиниши келгусида мамлакатнинг инвестицион жозибасини ошириш, нуфузли халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш, шунингдек, божхона қонунчилигини такомиллаштиришнинг стратегик йўналишларини белгилашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, Конвенцияга аъзо бўлиш мамлакат ташқи савдо фаолиятини янада рағбатлантириш имкониятини тақдим этиб, жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви, хусусан, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши жараёнларига ижобий таъсир кўрсатиши айтиб ўтилди.
Ушбу Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенат томонидан Ойбек Арифбекович Усмановни Ўзбекистон Республикасининг Покистон Ислом Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимига тайинлаш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинди.
Бундан ташқари, ялпи мажлисда сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқди. Мазкур масала бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси Кенгашининг 2020 йил 27 ноябрдаги Қарорига мувофиқ Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун тақдирланган 6 нафар Ўзбекистон фуқаросига ташкилотнинг фахрий нишонларини топширди.
“Маданият ва санъатни ривожлантиришдаги хизматлари учун” фахрий нишони билан Исмаилова Жаннат Ҳамидовна, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, Пиязов Женисбек Буркитович, Ўзбекистон давлат консерваторияси ўқитувчиси.
“Матбуот ва ахборотни ривожлантиришдаги хизматлари учун” фахрий нишони билан Абдуллаев Илҳом Зоирович, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси, Аъзамов Қуддус Аъзамович, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” телеканали “Янги жамият” студияси бош муҳаррири.
“Жисмоний тарбия, спорт ва туризмни ривожлантиришдаги хизматлари учун” фахрий нишони билан Ли Людмила Рудольфовна, Гимнастика бўйича республика олий спорт маҳорати мактабининг гимнастика бўйича мураббийи, Тасмударов Эльмурат юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, етти карра Ўзбекистон чемпиони тақдирланди.
Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорлари ҳам тасдиқланди.
Парламент юқори палатасининг ўнинчи ялпи мажлисида 21 та масала, шу жумладан, 14 та қонун кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Манба:https://uza.uz сайти