Қутуриш касаллиги
Қутуриш касаллиги олдинги замонлардан маълум бўлиб, ўткир кечадиган юқумли касалликдир. У марказий нерв системасининг оғир шикастланиши билан характерланади. Бунда қўзғалиш аломатлари ва кейинчалик фалажлик кузатилиб, охири ўлим билан тугайди.
Табиатда қутуриш вирусининг асосий манбаи итлар ва итсимонлар оиласига кирувчи, бўри, тулки, чиябўрилар ҳисобланади. Лекин ҳамма иссиққонли хайвонлар сигир, от, қўй, эчки, чўчқа, мушук, кемирувчилар ҳам одамга ва бошқа ҳайвонларга касалликни юқтиришлари мумкин. Бу касаллик одамга қутурган ҳайвон тишлаганда, унинг сўлаги янги терининг тирналган, кесилган жойларига, шунингдек, кўз, бурун шиллиқ пардаларига тушганда ёки одам тасодифан қутурган ҳайвоннинг терисини шилганда, унинг мия ва сўлаги билан қўл ифлосланганда, сўлак теккан жисмларга суйкалганда ҳам юқиши мумкин.
Таъкидлаш муҳимки, бўри, тулки, шоқол ва бошқа ёввойи ҳайвонлар орасида қутуриш касаллиги доимо учраб туради. Вақти-вақти билан бу ёввойи ҳайвонлар ит ва мушукларни тишлаб, касалликни уларга юқтиради. Яна ачинарлиси шундаки, бундай бедаво дарднинг ҳайвонлардан одамларга юқиши инсон ҳаётини хавф остига қўйиб, бундай ҳолат ўлим билан тугайди.
Одамлар учун қутуриш касаллигининг манбаи бўлиб, ёввойи ҳайвонлардан бўри, чиябўри, тулки, енотсимон итлар, барсук, мангуст, кўршапалак ва бошқалар ҳамда уй ҳайвонларидан асосан, ит ва мушуклар ҳисобланади. Шаҳар шароитида одамлар учун қутуриш касаллигининг асосий манбаи итлардир. Одамга касаллик қутуриш касаллигига чалинган ҳайвонларнинг (ит, мушук ва ҳ.к.) тишлаши ва сўлаклаши, камдан-кам ҳолларда эса тирнаши натижасида юқади, унинг юқиш механизми – мулоқот (тери, шиллиқ қават) орқали амалга ошади. Касаллик одамга камдан-кам ҳолларда вирус билан зарарланган ҳайвон териси ва аспирацион йўл билан (кўршапалак жойлашган ғорларда) юқиши мумкин. Вирус билан зарарланган сўлак касалликнинг асосий ва етакчи омили ҳисобланади. Касаллик келиб чиқишида вируснинг одам организмининг қайси қисмидан кириши муҳим ўрин тутади ва касаллик жараёни келиб чиқишининг салмоғи айнан шунга боғлиқ. Қутуриш касаллигида сезиларли мавсумийлик кузатилмайди.
Сўлак билан терининг ичига кирган вирус нерв толалари орқали марказий нерв тизими ҳужайраларига етиб боради ва нерв тўқимасини жароҳатлайди, натижада қутуриш касаллиги юзага чиқади. Ит тишлаган жароҳат қанчалик бош мияга яқин бўлса, касалликнинг даври шунча қисқа (15-30 кун) бўлади, аксинча, жароҳат оёқ ва қўл учларида бўлса, касалликнинг яширин даври узоқ (бир неча ой) давом этиши мумкин.
Одатда, ҳайвон ёки одамни тишлаган ит қутурган бўлса, 10 кун ичида ўлади ёки бедарак йўқолади.
Агар ит қутурган бўлса:
- овқат емай қўяди;
- безовталанади;
- ҳуриши бўғиқ бўлади;
- эгасига итоат қилмайди;
- дуч келган нарсаларни ғажийди;
- қопағон бўлади;
- жуда кўп сўлак оқади;
- оёқларида фалаж бошланади;
- кейинроқ дуч келган ҳайвон ва одамни, ҳатто эгасини тишлашга ҳаракат қилади, сўнгра оёқларида фалажланиш пайдо бўлиб, тинчланиб қолади ва ўлади.
Қутуриш касаллигининг олдини олиш учун:
- хизматдаги ва хонадондаги мавжуд итларни ўз вақтида қутуришга қарши эмлатиш;
- болаларнинг итлар билан ўйнашига йўл қўймаслик;
- хонадондаги итларни кўчага қаровсиз қўйиб юбормаслик;
- итларни кўчага бўйинбоғ ва тумшуқтасмада олиб чиқиш;
- ҳайвон ёки одамни тишлаган итни албатта ветеринар кузатувига олиб бориш зарур.
Ит тишлашдан жабрланган одам шу заҳотиёқ тиббий ёрдамга мурожаат қилиши зарур
Инсон бирнеча минг йиллар олдин итларни ҳонакилаштириб, улардан ов, қўриқлаш, ҳатто транспорт воситаси сифатида ва бошқа кўплаб мақсадларда фойдаланиб келган. Ҳар қандай ҳайвон эгасининг мулки ҳисобланади ва ҳар қандай мулк сингари қонун билан муҳофаза қилинади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги 202-сонли қарори билан “Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш Қоидалари”тасдиқланган бўлиб, унда аҳоли пунктларида итлар рўйхатга олиниши ва ҳар йили қайта рўйхатдан ўтказилиши шартлиги, бу тегишли давлат ветеринария бўлимлари томонидан амалга оширилиши, шунингдек итлар ва мушуклар эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари белгилаб берилган. Итларнинг эгалари атрофдаги одамлар ва ҳайвонларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган зарур чораларни кўришга мажбур эканлиги, Кўчаларда ва бошқа жамоат жойларида етовсиз юрган итлар ва мушуклар ҳатто бўйинбоғи, жетони ва тумшуқбоғи бўлган тақдирда ҳам, уларнинг зоти ва вазифасидан қатъи назар, тутиб олиниши кераклиги кўрсатиб ўтилган.
Ҳавфли қутуриш касаллиги келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 22 майда 2368-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Қаровсиз қолган ҳайвонларни отиб ташлаш тартиби тўғрисида ЙЎРИҚНОМА” бўйинбоғига белгиланган намунадаги жетон маҳкамланган итларни отиб ташлаш тақиқлаб қўйилган.
Хулоса қилиб айтганда, қутуриш касаллигидан сақланиш, севимли жониворингиз хавфсизлигини таъминлаш учун қарори билан “Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш Қоидалари”га муфовиқ уларни тегишли давлат ветеринария бўлимларида рўйхатга қўйиб, эмлатиш, паспорт ва жетон олиш, итларни сақлаш қоидаларига риоя қилиш кифоядир.
Эргашев Собир Санақулович, Навоий вилоят ветеринария бошқармаси бошлиғи .