Тиббиёт инсонни, ветеринария инсониятни даволайди!
Ишонч телефонлари
(+99879) 225 58 96
(+99879) 225 58 29
Манзил:
Навоий шаҳри, Имом Ал-Бухорий кўчаси 3 a -уй.

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ВЕТЕРИНАРИЯ БОШҚАРМАСИ

Ташкилотининг расмий веб-сайти

    Куркаларни парваришлаш бўйича тавсиялар

    КУРКАЛАРНИ ПАРВАРИШЛАШ БЎЙИЧА ТАВСИЯЛАР

     

     

    Курканинг келиб чиқиши Америка қитъаси бўлиб, 1523 йили куркалар Европа давлатларига “денгиз орти товуқлари” номи билан испанлар томонидан олиб келинган, кейинчалик Осиё давлатларига ҳам шу ерлардан тарқалган. Уй паррандалари ичида гавдаси энг йириги ҳисобланади. Вояга етган курка хўрозларининг тирик вазни 9–16 кг (бройлерлари 30–35 кг), макиёнлариники 4,5–11 кг бўлади. Бир тухум бериш циклида курка макиёнларидан 50–90 дона тухум, 35–60 та курка жўжалари олиш мумкин. Курка макиёнлари жуда яхши курк бўлишади ва очиб чиққан жўжаларини меҳр билан боқади.

     Шахсий томорқада курка боқиш жуда фойдали ҳисобланади. Масалан, баҳорда 30 та курка жўжасини олиб боқиб, кузга келиб юқори сифатли бошқа уй парранда гўштидан мазалироқ бўлган 150–180 кг. гача парҳез гўшт олиш мумкин. Таркибида В дармондори анча кўп, холестерин миқдори жуда кам миқдорда бўлиб, гўштининг сифати қирғовул ва бошқа шунга ўхшаш ёввойи қушлар гўштидан қолишмайди. Қовурилган ва димланган курка гўшти жуда ажойиб, такрорланмас ва ўзига хос ҳидга эга бўлади. Англия, АҚШ ва Канада давлатларида байрам кунлари курка гўшти дастурхон безаги ҳисобланади.

     

    Курка зотлари

     

    “Маҳаллий ўзбек” зотли курка Ўрта Осиё иқлимига мослашган зот бўлиб, кўп йиллар давомида яратилган. Патлар ранглари бўйича бир неча турлари бор: бронза ранги, оч сариқ ранг ва бошқалар. Тирик вазни унча юқори эмас: эркак курка 6–7 кг, урғочиси 3,5–4 кг бўлади. Йилига 45–50 дона тухум беради. Охирги йиллари юқори маҳсулдор курка зотлари билан чатиштириб, маҳаллий курка зоти маҳсулдорлиги оширилди: эркак куркалар 10 кг, урғочилари 6 кг. ни ташкил этади. Йилига 70 донагача тухум беради.

     “Бронза Шимолий Кавказ” зотли курка 1946 йил Ставрополь ўлкасида маҳаллий бронза ранг курка зотини кенг кўкракли бронза ранг куркаси билан чатиштириш орқали яратилган. Алоҳида зот сифатида 1956 йил тасдиқланди. Патлари бронза ранг, серҳаракат, ноқулай табиат шароитларига чидамли, эркак куркаларнинг тирик вазни 12–14 кг, урғочи куркаларники 6,5–8 кг. ни ташкил этади, йиллик ўртача 75–80 дона (айрим паррандалар 130 донагача) тухум беради, бир дона тухум оғирлиги 80–85 г атрофида бўлади.

     “Шимолий кавказ” зотли курка Шимолий Кавказ хўжаликларида маҳаллий куркаларни кенг кўкракли бронза ранг куркалар билан чатиштириш орқали яратилган. Улар маҳаллий шароитга айниқса яйловда боқишга жуда мослашган. “Шимолий кавказ” курка зоти йилига 75–90 дона тухум беради, айрим турлари бундан ҳам кўп тухум беради.

     “Оқ Шимолий Кавказ” зотли курка 1964 йил Ставрополь ўлкасида маҳаллий бронза ранг курка зотини кенг кўкракли оқ ранг куркаси билан чатиштириш орқали яратилган. Алоҳида зот сифатида 1975 йил тасдиқланган. Патлари оқ ранг, эркак куркаларнинг тирик вазни 12–14 кг, урғочи куркаларники 6,5–7 кг. ни ташкил этади, йиллик ўртача 75–90 дона тухум беради, бир дона тухумнинг оғирлиги 80–85 г атрофида бўлади.

     “Қора Тихорец” зотли курка Краснодар ўлкаси Тихорец туманида маҳаллий қора зотли куркаларнинг наслини яхшилаш орқали яратилган, қора бронза рангида жиловланади, эркак куркаларнинг тирик вазни 9,5–10 кг, урғочиси 4,5–5 кг. ни ташкил этади. Гўштга боқилган куркалар 17 ҳафталикда тирик вазни 3,2–4,4 кг. ни ташкил этади, йиллик ўртача 80–100 дона тухум беради, бир дона тухумнинг оғирлиги 80–85 г. ни ташкил этади.

     

    Куркаларни боқиш

     

    Куркаларнинг кучли оёқлари ва кенг дум патлари бўлиб, бошида ва бўйнида ўзига хос тери ўсимталари (кораллар) мавжуд, тумшуғини устки қисмида гўштли ортиқчаси осилиб туради ва парранда эҳтиросга (ҳаяжон) келган вақтида 12–15 см. га етади. Куркалар учиш қобилиятини йўқотмаганлиги учун уларнинг қаноти қирқилади ёки паррандахона деворларини баланд қилиб қурилади ёки ёпиқ биноларда боқилади. Куркалар инжиқ бўлгани учун уларни 30–35 бош урғочиларига 3–4 бош эркаклари нисбатида (1 эркак куркага 8–12 бош урғочи ҳисобидан) ҳар бир бўлимга қўйилади.

     Куркаларни яхши ривожлантириш учун хона нисбий намлиги 60–70% бўлиши керак. Агар нисбий намлик паст бўлса курканинг нафас олиш йўллари қуриб безовталанади, кўп сув ва кам озуқа истеъмол қилади. Агар нисбий намлик 75 фоиздан ошиб кетса, нафас органлари орқали сувниннг буғланиши ва иссиқлик энергиясини чиқарилиши қисқаради, натижада организмдан ортиқча сув ҳазм қилиш (ошқозон-ичак) органлари орқали ташқарига, чиқарила бошлагани учун ич кетиш ҳолатлари кузатилади, бундан ташқари, нам ва қуруқ ҳаво зарарли микроорганизмларни ривожланишига олиб келади – бу инфекцион касалликлар қўзғатувчиларининг организмда ривожланишига олиб келади. Куркачалар учун айниқса паст ҳарорат ва юқори намлик жуда хавфли ҳисобланади. Куркачаларни яхши ривожланиши учун хонанинг ҳавоси тоза бўлиши катта аҳамиятга эга, лекин елвизакдан эҳтиёт бўлиши керак. Ҳар хил шовқинлар парранданинг маҳсулдорлигига салбий таъсир кўрсатади.

     Курка жўжаларини тухумдан очиб чиқиши эркак куркалар уруғларининг сифатига боғлиқ бўлади. Эркак куркаларнинг уруғлантириш қувватига бир неча омил таъсир этиши мумкин. Қишда совуққа чидамсиз, қоронғи хоналар ҳам салбий таъсир этади. Уларнинг рационида ҳайвонларга оид озуқалар етарли миқдорда бўлиши ва моцион албатта керак бўлади (урғочи куркаларга ҳам). Урғочи куркалар

    (-15оС) гача совуққа чидамли бўлади, +5–10оС ҳароратда тухумни яхши қўяди. 1 бош куркага 1–1,5 м2 ҳажмида майдон ажратилади. Куркаларни чиқиб ўтириши учун қўноқларни 7×7 см. дан 9×9 см. гача бўлган ҳажмдаги бруслардан, ердан баландлиги 60–80 см қилиб ҳар бир бош куркага қўноқнинг узунлиги 50 см қилиб ўрнатилади. Кул ва қумдан иборат ванналар албатта ташкил этилиши керак. Одатда она куркалар бир мавсумда 60–80 донагача тухум қўяди. Куркалар 12 ойлигидан тухум қўйишни бошлайди. Эркак куркалар қўшилиш вақтида урғочи куркаларни яраламаслиги учун оёғидаги тирноғини 1 йилда 2 марта кесиб ва эговча билан текислаб туриш керак бўлади.

     Она курка бошида 4–6 дона тухум қўяди, кейин 1–3 кун дам олади, кейин яна тухум қилишни бошлайди. Она куркаларнинг маҳсулдорлигини ошириш учун хонада қўшимча ёруғлик ташкиллаштирилади. Уй паррандаларининг орасида курка баданига кўп ёғ йиғиш хусусиятига эга бўлгани учун семириб кетишни олдини олиш мақсадида уларга доимий моцион ташкиллаштирилади.

      

    Ёш куркаларнинг ўсиб-ривожланиши

     

    Куркалар учун бошқа уй паррандалари сингари хона қуруқ, ёруғ, тоза ва иссиқ бўлиши керак.

     Ёши 5 кунлик бўлган курка жўжаларига кечасига хона ҳароратини 1–2оС га кўтариш тавсия этилади. Курка жўжаларини 20 кунликдан бошлаб қўноқларга чиқиб ётишга ўргатилади. Қўноқлар ердан 10 см баландликда ўрнатилади. Ҳар бир курка жўжасига 8 см. дан жой олинади. Курка жўжалари 15 кунлик бўлгунига қадар торф, тахта қипиғи ёки қум тўшамаларда боқилади. Яна сомон ҳам ишлатиш мумкин. Торф ва тахта қипиғини 2 ҳафтада 1 марта, сомонли тўшамани ҳафтада 1 марта алмаштириб турилади. Курка жўжаларини бир жойга тўпланиб туришига зинҳор йўл қўйиб бўлмайди.

     

    Ёш куркаларни озиқлантириш

     

    Куркаларнинг зоти, кросси, ёши ва жинсига қараб яхши ривожланиши учун тўйимли ва биологик актив моддаларга бой, мувозанатлашган озуқа билан боқиш тавсия этилади. Инкубация пайтида 60–65 фоиз тухумнинг сариғи курка жўжаси томонидан ишлатилади, шунинг учун тухумдан очиб чиққан курка жўжаси биринчи 48 соат тухумнинг сариғи ҳисобига яшайди. Лекин озуқа истеъмол қилишни бошлаган курка жўжасида тухумнинг сариғи тез сўрилиб кетади. Тухумдан чиққан, ҳали озуқа емаган курка жўжасининг тирик вазни кун сайин енгиллашиб бораверади. Бу даврда ёрма ёки гранулланган омухта емлар берилади.

     Янги очиб чиққан курка жўжаларини 20 соатдан кечиктирмай озиқлантириш зарур, акс ҳолда курка жўжалари заифлашиб қолиши мумкин. Натижада уларнинг соғлиғи ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Сабзи, беда ва қичитқиўтлар шарбатини тенг миқдорда бир бирига қўшиб пипетка орқали ичириш яхши самара беради.

     Биринчи озиқлантиришга яхшилаб қаттиқ қилиб пиширилган тухум (1 бошга 4–5 г), янги сузилган творог, тариқ, қуруқ сут қўшилган 3–4 хил донлардан иборат дон ёрмаси (маккажўхори, буғдой, геркулес ва бошқалар) берилади. Емни қуруқ ёки нам ҳолатда қатиқ, ёғи олинган сутларга аралаштириб берилади. Агар имкон бўлса ёш куркаларни жўжалар емига тухум, творог, кўкатлар, гўшт-суяк ва балиқ унларини қўшиб боқиш яхши натижа беради.

     

    Курка жўжасини биринчи озиқлантириш, 1 бошга  (грамм)

     

    Пиширилган ва майдаланган тухум 4-5

     Янги сузилган қуруқ творог          3-6

     Тариқ (ёрма)                           2-3

     Қизил сабзи                            2-4

     Кўк пиёз                                0,2-0,3

     2–4 кунлари тухум ва творогга қуюқ пиширилган маккажўхори ёки тариқ бўтқаси, 5–6 кунлари тухум ва творогга сули, майдаланган арпа ёки маккажўхори (қобиғи олинган) дони қўшилади.

     Шундан сўнг 10–12-кунлари аста-секинлик билан тухум миқдори камайтирилиб рациондан чиқарилади, творог, майдаланган донлар ва кўкатлар миқдори ошириб борилади. Қуруқ емни 40–60 фоиз миқдорида творг ёки пишлоқ чиқиндиси, қатиқ ёки гўшт бульонлари билан намлантириб берилади. Курка жўжаларига сут-қатиқ маҳсулотлари бериб туриш жуда фойдали ҳисобланади.

     Курка жўжаларини ем чўқишга ўргатиш бошқа парранда жўжаларига нисбатан қийинроқ. Биринчи кунлари курка жўжалари емни қандай чўқишини кузатиб туриш керак бўлади. Агар айримлари буни уддалай олмаётган бўлса уларнинг олдига емни яхши чўқийдиган курка жўжалари қўйилади, уларни чўқишини кўриб, қолганлари ҳам уларга тақлид қилиб чўқий бошлайди.

     Биринчи кунлари яхшилаб қайнатиб қаттиқ қилиб пиширилган тухумни майдалаб ва майда қилиб кесилган кўкатлар берилади. Кейинчалик буғдой ёрмасини тухумга аралаштириб 4:1 нисбатида берилади.

     Бундан ташқари, рационга янги чиқарилган творогни буғдой ёрмасига аралаштириб берилади. Яна намланган ем аралашмасини простокваша, ёғи олинган сут ёки бульонда тайёрлаб паррандага берилса яхши фойда беради.

     Ёш куркалар рационида янги узилган кўкатлар, яъни карам барглари, кўк пиёз, беда, лавлаги барги ва бошқалар бўлиши алоҳида аҳамиятга эга. Уларни 4 кунлигидан бошлаб курка жўжалари рационига қўшилади.

     15 кунликгача бўлган курка жўжаларига катта эътибор билан қараш керак бўлади. Шу даврда жиғилдонининг тўлалигига, эрталаб жиғилдонининг бўшлигига эътибор қаратиш керак бўлади. Биринчи озиқлантириш эрталаб соат 5:00 ларда бўлса, охирги кечки озиқлантириш кечқурунгача 20:00 ларда бўлади. Ёш куркалар озуқа таркиби ўзгаришига таъсирчан бўлади.

     Шунинг учун янги озуқага куркаларни аста-секинлик билан ўргатилади. Озуқанинг янги таркибига ўргатишни эрталабдан оз оздан беришни бошлаш ва улар озуқани қандай қабул қилишини куни билан кузатиш тавсия этилади. Пихланган ва моғорланган емни, айниқса келиб чиқиши ҳайвонларга оид бўлса паррандага зинхор бериб бўлмайди.

     Куркачиликда энг оғир ва машаққатли иш курка жўжаларини беталофат боқиб ўстириб вояга етказишдир. Вояга етган куркалар бақувват ва ҳаво инжиқликларига чидамли бўлади. Тухумдан чиққан жўжалари нозик, ҳимоясиз ва ёрдамга муҳтож бўлади. Айниқса захга ва совуққа чидамсиз бўлади.

     Куркалар инига озгинадан ўтиришни бошлашидан тухумларни керакли миқдорини йиғиб, энг яхши курк бўлганининг тагига кечқурун қўйилади ва 28 кундан кейин курка жўжаларни очиб чиқади.

     Биринчи бўлиб майда тухумлардан ва ёш курка маккиёнлари тухумларидан жўжалар очиб чиқади.

     Тухумдан янги чиққан жўжаларни усти нам бўлади, шунинг учун уларни қурутиш учун ҳарорати 30–35оС иссиқ хона ёки инкубаторда қуригунча ушланади, кейин курка макиёнининг олдига қўйиб юборилади.

     Агар жўжалар инкубаторда очирилса, унда биринчи кундан бошлаб бир ҳафта давомида хона ҳароратини 32–34оС , шундан кейин ҳар ҳафта 3оС га камайтириб борилади. Оқ тусли ёш куркалар иссиқни ўзига секин сингдиради, шунинг учун улар турган хонани ҳароратини яна 2оС га оширилади.

     Томорқа хўжалигида кўпинча ем аралашмалари ишлатилади, уларнинг таркибига қуруқ ва ҳўл аралашмалар, майдаланган ёки бутун дон, илдиз мевалилар, кўкатлар, творог, ёғсизлантирилган сут ва бошқа маҳаллий озуқалар киради.

     Курка жўжалари биринчи кунлари тахтадан ясалган емдонларда боқилади, ўлчами 40×40 см ёки 50×40 см, таги фанердан, деворлар қалинлиги 1,5–2 см, баландлиги 3 см бўлади. 20 кунликдан бошлаб узун емдонларга алмаштирилади. Узунлиги 80–100 см, эни 12–14 см, баландлиги 8–10 см бўлган емдонларнинг ички томонидан қалинлиги 1 см, эни 2,5 см бўлган тахта рейкаси қоқилади.

     Ёш куркаларни витамин (дармондори) ва минерал моддалари билан таъминлаш учун рационга 1 бош паррандага 10–12 томчи балиқ ёғи ёки умумий озуқа миқдоридан 1 фоиз миқдорида қўшилади, бўр ва майдаланган чиғаноқлар эркин берилади.

     Юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида ҳафтада 1–2 марта 1 л сувга 1 ош қошиқда картошка крахмалини қўшиб бирга қайнатилади ва унга 20 томчи 5 фоизли йод настойкаси томизиб аралаштирилади. Ушбу суюқликни сувдонларга қуйиб ёш куркалар олдига қўйилади ва улар иштиёқ билан ичишади. Эртаси кунидан бошлаб ёш куркаларни иштаҳалари пайдо бўлиб, улар тетик ва ҳаракатчан бўлишади. Доимий равишда ҳар ҳафта бериб борилса ёш куркалар орасида ўлим кузатилмайди.

    Манба: vetgov.uz сайти

    Пенсия ва нафақалар ҳақида SMS орқали хабар берилад ...

    Пенсия ва нафақалар ҳақида SMS орқали хабар берилад ...

    Эндиликда SMS-сўров орқали пенсия ва нафақалар миқдори ва тўлов муддатлари ҳақидаги ахборотни сўраб олиш мумкин...

    Фан доктори илмий даражаси талабгорларига талаблар ўзгарди

    Фан доктори илмий даражаси талабгорларига талаблар ўзгарди

      Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг қарорлари билан қуйидагилар тасдиқланди:  ...

    ГЕЛЬМИНТОЗ КАСАЛЛИКЛАРИ  ВА УЛАРНИНГ ПРОФИЛАКТИКАСИ

    ГЕЛЬМИНТОЗ КАСАЛЛИКЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ПРОФИЛАКТИКАСИ

    ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИК ҲАЙВОНЛАРИДА ГЕЛЬМИНТОЗ КАСАЛЛИКЛАРИ УЛАРНИНГ ПРОФИЛАКТИКАСИ...

    Бруцеллез

    Бруцеллез

    Бактериал юқумли зооантропоноз (одамларга ва хайвонларга хос) касалликлари орасида ўта хавфли юқумли касалликларнинг ўрни алохида таъкидланади. Улар қаторига куйдирги, туляремия, салмонеллезлар, листериоз,...

    Бозорларда балиқ ва балиқ маҳсулотларини ветеринария-сани ...

    Бозорларда балиқ ва балиқ маҳсулотларини ветеринария-сани ...

      Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги, «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги, «Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва...

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ДАВЛАТ ВЕТЕРИНАРИЯ БОШҚАРМАСИ
Веб-сайт маълумотларидан фойдаланилганда, NAVOIVET.UZ манбаа сифатида кўрсатилиши шарт!