Тиббиёт инсонни, ветеринария инсониятни даволайди!
Ишонч телефонлари
(+99879) 225 58 96
(+99879) 225 58 29
Манзил:
Навоий шаҳри, Имом Ал-Бухорий кўчаси 3 a -уй.

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ВЕТЕРИНАРИЯ БОШҚАРМАСИ

Ташкилотининг расмий веб-сайти

    Корасон касаллиги

    Қорасон касаллиги

    Корасон касаллиги Қорасон-эмфизематик карбункул-шохли ҳайвонларга хос, ўткир ўтувчи инфекцион касаллик бўлиб, тананинг мускулларга бой қисмларида қирсилдоқ товушли, тез катталашадиган газли шишлар пайдо бўлиши, тана ҳароратининг кўтарилиши, нафас олиш, юрак-томир фаолиятининг кескин бузилиши билан характерланади.

           Касаллик дунёнинг барча континентларида ҳар хил географик зоналарда учрайди. Касаллик энзоотик пайдо бўлиб, асосан яйловларда кўпроқ учрайди.

           Касаллик қўзғатувчиси спора ҳосил қилувчи анаэроб микроб–клостридум шавои ҳайвон организмида токсин ва агрессинлар ажратади. Микроб ташқи муҳитда чидамли бўлиб, ўлакса қолдиқларида 6 ойгача сақланиб қолади, тўпроқда 10 йилгача сақланиб қолади, гўшт қайнатилганда 10-15 дақиқада ўлади, лекин қалин гўшт қатламларида сақланиб қолиши мумкин.

          Табиий шароитда қорасон билан асосан 3 ойликдан 4 ёшгача бўлган йирик шохли моллар касалланди, бундан ташқари ушбу касаллик билан қўйлар ҳам касалланади. Қорасон билан табиий шароитда бўғи, чучқа, туяларнинг касалланиш ҳолатлари ҳам қайд этилган. Семиз моллар кўпроқ касалланади.

          Касаллик манбааси касал ҳайвонлар ва касаллик қўзғатувчиси билан зарарланган тўпроқ ҳисобланади. Мол қорасон билан касалланиб ўлганда унинг оғзи, бурни ва орқа тешигидан оқиб чиқадиган кўпикли қон билан касаллик қўзғатувчилари ниҳоятда кўп миқдорда ажралиб чиқиб, тўпроқ ва сув ҳавзаларини зарарлайди. Касаллик яйлов инфекцияси ҳисобланиб, асосан ҳайвонлар яйловда боқилганда-ёз ва куз фаслларида кўпроқ учрайди.

          Касалликнинг клиник белгилари: касалликнинг яширин даври 1 кундан 5 кунгача давом этади. Касаллик ўткир кечади, бунда ҳайвоннинг тана ҳарорати 41-42 даражагача кўтарилади, кавш қайтариш тухтайди, иштаҳаси йўқолади, сергўшт жойларда қўл билан босиб кўрилганда шиш ичидаги ҳаво қорасонга хос вижиллаган овоз (крепитация) чиқаради. Мол оқсайди, бўғинлар яхши букилмайди. Мускул орасида йиғилган хаво қон томирларини қисиши ва қон айланиши бузилиши натижасида шиш пайдо бўлган жойлар совуқ ва оғриқсиз бўлиб қолади. Шишни кесиб кўрилганда лойқасимон, кўпикли, айнига ёғ хидли суюқлиқ оқиб чиқади.

    Шиш томоқ қисмида бўлганда ҳайвоннинг нафас олиши ва озиқланиши оғирлашади.

         Қўйларда ҳам касаллик шунга ухшаш белгилар билан кечади, лекин уларда кўп ҳолатларда шиш пайдо бўлмайди, касалланган қўйлар 1-2 кунда ўлади.

         Қорасон билан касалланиб ўлган мол танаси тез шишиб кетади, оғзидан, бурнидан ва орқа тешикдан қон аралаш хаво пуфаклари ажралади, зарарланган мускуллар қора ёки қўнғир-қизғиш рангда бўлади. Қорасонга гумон қилинганда ҳайвон танасини ёриб кўрмасдан, белгиланган тартибда йўқ қилиш мақсадга мувофиқ.

         Касалликга характерли клиник белгилари, паталогоанатомик маълумотлар ва лаборатория текширишлари натижаларига асосланиб ташҳис қўйилади. Касаллик ташҳисини тасдиқлаш учун лабораторияга зарарланган мускул, шишли жойлардан олинган пунктат, ажратмалардан олинган патматериаллар ветеринария лабораториясига жўнатилади.

         Қорасон касаллигига қарши тадбирларнинг асосини касалликга мойил ҳайвонларни эмлаш ишлари ташкил этади.

        Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 26 декабрда 2543-сон билан рўйхатдан ўтказилган “ Тарқалиши оқибатида карантин ёки чеклашлар белгиланадиган ҳайвонларнинг юқумли касалликлари рўйхати” га асосан қорасон тарқалиши оқибатида карантин ўрнатиладиган ҳайвонларнинг юқумли касалликлар рўйхатига киртилган бўлиб, касаллик ташҳиси тасдиқланганда карантин эълон қилинади.

         Карантин қўйилган ҳудуддан қорамол ва қўйларни олиб чиқиш, ушбу ҳудудан ҳайвонларни ҳайдаб ўтиш, қорамол ва қўйларни сотиш, алмаштириш, хўжалик ичида гуруҳларга ажаратиш, карантин қўйилган ҳуддудан пичан ва бошқа озуқаларни чиқариш тақиқланади. Бир вақтнинг ўзида белгиланган тартибда дезинфекция, дезинсекция, дератизация тадбирлари ўтказилади. Қорасон касаллигига носоғлом пунктда 3 ойликдан 4 ёшгача бўлган барча қорамоллар, қўйчилит хўжаликларида эса 6 ойлик ва ундан катта қўйлар қорасонга қарши эмлама билан йўриқнома асосида эмланади.

         Касалланган ҳайвондан зарарланган гўнг, тўшама ва озуқа қолдиқлари жойида 10 фоизли уювчи натрий иссиқ эритмаси билан зарасизлантирилиб, имконияти борича ўша жойнинг ўзида ёқиб юборилади. Зарарланган ернинг юқори қатламини дезинфекция қилиш учун 10 фоизли уювчи натрий, 4 фоизли формалдегид, 2 фоизли глутар алдегид эритмаси, шунингдек хлорли препаратлар қўлланилади. Ҳайвон қорасон касаллигидан ўлган, мажбурий сўйилган ёки ҳайвон жасади ёриб кўрилган жойдаги тўпроқ кўйдирилади, 1 квадрат метр жойга 10 литр ҳисобидан 5 фоизли фаол хлорли эритма билан зарасизлантирилади, кейин тўпроқ 25 сантиметр чуқурликда ағдарилиб, 25 фоизли фаол хлорли 3 қисм тўпроқга 1 қисм хлорли оҳак ҳисобида тўпроқга аралаштирилади. Инвентарлар 1 фоизли хлорамин ёки 4 фоизли формальдегид эритмасида 4 соат давомида зарарсизлантирилади.

         Қорасон билан касалланган ёки гумон қилинган ҳайвонларни гўшт учун сўйиш тақиқланади.

     

    Жўраев Икром Хайитович,

    Навоий вилоят давлат ветеринария бошқармаси бошлиғи.

     

     

    ТРАВМАТИК  ПЕРИКАРДИТ

    ТРАВМАТИК ПЕРИКАРДИТ

    Травматик перикардит касаллиги юрак халтасининг яллиғланиши, перикард варақларининг шикастланиши, перикард бўшлиғида экссудат йиғилиши ва юрак фаолиятининг бузилиши билан характерланади.  ...

    Куйдирги касаллиги ва унинг профилактикаси

    Куйдирги касаллиги ва унинг профилактикаси

    Куйдирги-(Сибир яраси, антракс), инсон ва ҳайвонларга хос бўлган ўткир юқумли касаллик бўлиб, тери ва тери ости тўқималарида серозли ва геморагик шишлар пайдо бўлиши билан характерланади....

    Крим-Конго геморрагик иситмаси

    Крим-Конго геморрагик иситмаси

    “Крим-Конго геморрагик иситмаси”- тананинг деярли барча қисмида қон қўйилишлар ҳамда юқори ҳарорат билан, оғир кечувчи, даволаш муолажалари ўз вақтида бошланмаса ўлим...

    Бруцеллез

    Бруцеллез

    Бактериал юқумли зооантропоноз (одамларга ва хайвонларга хос) касалликлари орасида ўта хавфли юқумли касалликларнинг ўрни алохида таъкидланади. Улар қаторига куйдирги, туляремия, салмонеллезлар, листериоз,...

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ДАВЛАТ ВЕТЕРИНАРИЯ БОШҚАРМАСИ
Веб-сайт маълумотларидан фойдаланилганда, NAVOIVET.UZ манбаа сифатида кўрсатилиши шарт!