ТРАВМАТИК ПЕРИКАРДИТ
Чорвачиликда юқумсиз касалликлардан кўриладиган зарар одатда юқумли касалликлардан кўриладиган зарардан бир неча бор ортиқроқ бўлиб, статистик маълумотларга асосан чорва моллари юқумли касалликларга қараганда юқумсиз касалликлар билан бир неча ўн баровар кўпроқ касалланади. Юқумсиз касалликлардан овқат ҳазм қилиш системаси, нафас олиш органлари касалликлари ва моддалар алмашинуви бузилиши ҳолатлари бошқа юқумсиз касалликларга нисбатан кўп учрайди.
Бу касалликлар ҳайвонларнинг маҳсулдорлигини ва маҳсулот сифатини пасайтиради, ёш молларнинг ўсишдан орқада қолишига ҳамда кўп ҳолларда нобуд бўлишига, юқори маҳсулдор ҳайвонларнинг муддатидан олдин хўжалик фойдаланувига яроқсиз деб топилишига, мажбурий сўйилишига сабаб бўлади. Шунинг билан бир қаторда ички юқумсиз касалликлар ҳайвонлар организми кучсизланишига ва юқумли касалликларга чидамлилиги (резистетнтлиги) пасайишига олиб келади. Натижада шартли патоген микроблар қувватсизланиб қолган организмда ривожланиб, касаллик тўғдириш (патогенлик) ҳусусиятларини кўчайтириб, фақат ушбу ҳайвон эмас, балки атрофдаги соғлом ҳайвонлар учун ҳам ҳавфли бўлиб қолади.
Юқумсиз касалликлар профилактикаси ҳайвонларнинг аҳволини мунтазам назорат қилиб бориш, яъни клиник кўрик, диспансеризация тадбирларини, молларни боқиш, сўғориш ишлари назорати, жумладан ем-ҳашак сифатини текшириб туриш, боқиш, суғориш тартибларига риоя қилиш, ёш ва юқори маҳсулдор ҳайвонларни махсус рацион асосида боқиш, ҳайвонлар сақланадиган биноларнинг зоогигена талабларига мослиги назорати, сигирларда маститлар профилактикаси, молларни урғлантиришда ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилиниши назорати ва бошқа бирқатор тадбирларни ўз ичига олади.
Ички юқумсиз касалликлардан айни пайтда кўп учрайдиган травматик перикардит касаллиги юрак халтасининг яллиғланиши, перикард варақларининг шикастланиши, перикард бўшлиғида экссудат йиғилиши ва юрак фаолиятининг бузилиши билан характерланади. Травматик перикардит қорамолларда энг кўп учрайдиган бирламчи юрак касаллиги ҳисобланади.
Қорамоллар, кавш қайтарувчи бошқа ҳайвонлар озиқланганда уни яхши чайнамасдан ютиши натижасида озиқалар билан бирга мих, темир, сим бўлаклари тўр қоринга тушади ва унинг деворини, диафрагмани тешиб ўтиб юрак пардаси, ҳатто мускулини яралайди. Ёт жисм билан қўшилиб катта қориндан ўтган микроблар тўқималарнинг яллиғланиши авж олишига сабаб бўлади. Перикард варақлари шишиб, инфилтирация ва дегенерацияга учрайди. Ҳосил бўлган инфилтратга қараб сероз, фибриноз, геморрагик, йирингли пекрикардит кўзатилиши мумкин.
Травматик перикадит бошланишидан олдин травматик ретикулит белгилари пайдо бўлади. Ёт жисм қорин бўшлиғидан чиқиб, қайси ички аъзоларни жароҳатлашига қараб травматик перикардитнинг клиник белгилари пайдо бўлади. Перикард шикастланиб, ялиғланиш рўй бериши касалликнинг энг характерли белгиларидан бири-пульснинг бир дақиқада 90-120 мартагача тезлашувига сабаб бўлади. Травматик перикардитда бундан ташқари қўйидаги клиник белгилар намоён бўлади: ҳайвоннинг ҳолати оғир, озиқни яхши емайди, олд оёқларини кенг қўйиб, букчайиб туради ёки ётиб олади, кўпинча инграганга ухшаш товуш чиқаради, жунлари ҳурпайиб, ялтироқлилигини йўқотган, тўрқорин ва юрак атрофи босиб кўрилганда ҳайвон оғриқ сезиб, безовталанади. Кенг қўлланалидаган усуллардан бири- текшириш вақтида ҳайвон гавдасининг орқа қисмини олдинги қисмидан баланд қилиб қўйилса, қориннинг юрак томонга босими ошиши натижасида оғриқ кучаяди (ҳайвонни тепалик жойдан пастга қараб етакласа ҳайвон тўғри тушмасдан қиялаб тушишга ҳаракат қилади, ёки умуман юрмай туриб олади). Травматик перикардит ривожланиши жараёнида юрак фаолияти бузилиши натижасида бўйин қисмдаги веналарда қон димланади, веналар колбаса кўринишига эга бўлади. Кўкрак ости, жағ орасидаги бўшлиқларда шишлар пайдо бўлади. Жароҳат жойларида инфеция ривожланиши натижасида тана ҳарорати кўтарилади.
Ҳайвонни диққат билан кўзатиб, анамнез ва барча клиник белгилардан келиб чиққан ҳолда ташҳис қўйилади.
Хирургик ёрдам кўрсатиш қийин бўлганлиги сабабли, травматик перикардитни даволаш иқтисодий самарасиз, ҳайвон камдан-кам ҳолларда тузалади. Тана ҳарорати нормал бўлса сўйишга рухсат этилади, тана ҳарорати юқори бўлса тана ҳарорати пасайгунча даволаш курсини ўтказиш зарур.
Касалликнинг олдини олиш учун молхоналар атрофининг, яйловларнинг металл жисмлар билан ифлосланишига йўл қўймаслик, мол охурларини тозалаб туриш, ем-ҳашак тайёрлаш жараёнида уларга металл жисмлар аралашиб қолмаслиги чораларини кўриш зарур. Молларнинг катта қорнига магнит ҳалқалар солиб қўйиш мақсадга мувофиқ.
Жузбаев Бахтберган Холдикулович, Навоий вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси давлат ветеринария назорати бўлими бош мутахассиси