Замонавий қушхона ишга туширилди.
Нурота туманида шу кунга қадар мослаштирилган қушхона фаоият юритиб келган эди.
Туман ҳокимлиги томонидан аҳолига қўлайликлар яратиш, истеъмолга чиқарилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотлари сифати ва хавфсизлиги таъминлаш, юқори сифатли тери ва ичак хомашёси тайёрланишини йўлга қўйиш мақс адида туман марказидаги “Ғ.Ғулом” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан “Нур Замин Шер воҳалари” МЧЖга замонавий қушхона қурилиши учун ер майдони ажратилиб берилган эди.
“Нур Замин Шер воҳалари” МЧЖ томонидан ўз маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 майдаги “Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш ҳамда истеъмол бозорига гўшт ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 386-сонли қарори талаблари асосида замонавий типдаги механизациялашган ускуналар билан жиҳозланган қушхона қурилиб ишга туширилди.
Ушбу қушхона 1 кунда 25 бош йирик шохли моллар, 150 бош майда шохли молларни сўйиш қувватига эга бўлиб, аҳолига қўлайликлар яратиш мақсадида сўйиладиган молларни қушхонагача олиб келиш, гўшт маҳсулотларини совутиш ва сақлаш ҳамда сотув жойларигача етказиб бериш бўйича сервис хизматлари ташкил этилган.
Қушхонада тери ва ичак хомашёсига замонавий ускуналарда бирламчи ишлов бериш йўлга қўйилган.
Қушхонада ишловчилар ва мижозлар учун барча қўлайликларга эга бўлган дам олиш (кутиш) хоналари, ветеринария хизмати учун лаборатория ҳам ташкил этилиб, жиҳозланган.
Қушхона ишга туширилиши аҳолининг юқори сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, сифатли бирламчи ишлов берилган сифатли тери ва ичак хом ашёси тайёрланишига, шунингдек туман ҳудудида зооантропоноз касалликлар бўйича эпизоотик барқарорлик таъминланишига хизмат қилади.
Бошқарма ахборот хизмати