ҚЎМИТА ГЎШТ НАРХИНИ БЕЛГИЛАШ ВАКОЛАТИГА ЭГА ЭМАС
Хабарингиз бор, ижтимоий тармоқларда айни пайтда бозорларимизда 1 килоси 40-45 минг сўмдан сотилаётган (хориждан импорт қилинган музлатилган) гўштнинг сифати ва қайси ҳайвонга мансублиги, истеъмолга шубҳали эканлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси бу борада қуйидагиларни маълум қилади.
Жорий йилнинг шу пайтига қадар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон республикасининг импорт бўйича ветеринария талаблари асосида тадбиркорлар томонидан четдан жами 30082,4 тонна гўшт импорт қилинган.
Шундан, Қозоғистон давлатидан музлатилмаган 287,4 тонна майдамол ва 5712 тонна қорамол ҳамда 46,4 тонна музлатилган йирик шохли мол гўшти, Украина давлатидан 2251,6 тонна музлатилган йирик шохли мол гўшти, Белорусь давлатидан музлатилмаган 7124 тонна ва музлатилган 14661,4 тонна қорамол гўшти олиб келинган.
Таъкидлаб ўтамиз, юртимизга импорт қилинган ва қилинаётган гўшт маҳсулотлари келиб чиқиши тўғрисидаги хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатлар ва ветеринария сертификатларига кўра, ветеринария назорати остида киритилган ва киритиб келинмоқда.
Шунингдек, жисмоний шахслар томонидан ҳам чегара назорат ветеринария пунктлари орқали олиб ўтилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотлари ветеринария-санитария норма ва талабларига мувофиқ олиб кирилиши қатъий назоратда олинган.
Эслатиб ўтамиз, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси импорт қилинган ёки ўзимизда етиштирилган гўшт ва гўшт маҳсулотларининг олди-сотдисида нархни белгилаш ваколатига эга эмас!
Савдо расталарига импорт қилинган гўштнинг 1 килоси 40-45 минг сўм қилиб белгиланиши талаб ва таклифга кўра, бозор муносабатлари доирасида шакллантирилган.
Манба: http://vetgov.uz сайти