Қорамолларни сунъий уруғлантириш-чорва молларининг наслини яхшилаш гаровидир
Ветеринария соҳаси ва чорвачиликни барча тармоқларини, шу жумладан қорамолчилик, қўйчилик, қоракўлчилик, эчкичилик, йилқичилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва қуёнчиликни ривожлантириш, наслчилик-селекция ишларини мувофиқлаштириш ҳамда ушбу йўналишлар бўйича мақсадли давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Навоий вилоятида наслчилик-селекция ишларини юритишнинг илмий асосланган инновацион услубларини жорий этиш, сунъий уруғлантиришни тизимли ташкил этиш мақсадида бирқатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳудудида мавжуд қорамолларни сунъий уруғлантириш орқали уларнинг наслини яхшилаш эвазига маҳсулдорлигини ошириш мақсадида вилоят ҳудудида “Чорванасл” марказининг 58 та қорамолларни сунъий уруғлантириш нуқталари ташкил этилиб, улар зарурий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Бундан ташқари вилоят ҳудудидаги 76 та ветеринария участкаларида ҳам қорамолларни сунъий уруғлантириш ишлари йўлга қўйилган. Қорамолларни сунъий уруғлантиришга масъул бўлган мутахассислар доимий тарзда Самарқанд ветеринария медицинаси институти базасида малака ошириб бориши ташкил этилган.
Сунъий уруғлантиришда вилоят ҳудудидаги чорва моллари зотидан келиб чиққан ҳолда наслли буқалар уруғи билан таъминлаш қатъий назоратга олинган.
Натижада шу кунга қадар вилоят ҳудудида 44651 бош сигир ва қочириш ёшидаги таналар сунъий уруғлантирилди.
Қорамолларни сунъий уруғлантириш кўлами ва сифатини янада ошириш, чекка ҳудудлардаги аҳоли қорамоғидаги қорамолларни ҳам сунъий уруғлантириш ишлари билан тўлиқ қамраб олиш, техник-осеменаторлар мобиллигини ошириш мақсадида вилоят “Чорванасл” марказининг 8 та туман вакилликлари махсус жиҳозланган “Дамас” автомашиналари билан таъминланди.
Махсус автомашиналарни топшириша вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масаллари бўйича ўринбосари С.Истамов иштирок этди.
Ушбу махсус транспорт воситалари қорамолларни сунъий уруғлантириш, мавжуд наслли буқалар уруғларини сақлаш учун барча зарурий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, бу ўз навбатида вилоят ҳудудида қорамолларни сунъий уруғлантириш орқали уларнинг зотини яхшилаш ишларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Бошқарма ахборот хизмати