Тиббиёт инсонни, ветеринария инсониятни даволайди!
Ишонч телефонлари
79-221-01-99
79-221-02-84
Манзил:
Навоий шаҳри, Имом Ал-Бухорий кўчаси 3 a -уй.
НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ВЕТЕРИНАРИЯ ВА ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БОШҚАРМАСИ
Ташкилотининг расмий веб-сайти

    ЧОРВАЧИЛИК ТАРМОҚЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ УЧУН КАТТА ИМКОНИЯТЛАР

         Қишлоқ ҳудудларда яшовчи юртдошларимиз чорва оиланинг баракаси эканлигини яхши билади. Кўп йиллар давомида чорвачилик билан шуғулланган инсон сифатида шуни айтишим мумкинки, ҳовлисида битта соғин сигири бор рўзғорнинг дастурхони тўкин, даромади баракали бўлади. Зеро, машаққатли меҳнат, албатта самарали бўлади.

          Биз ҳам 2003 йилда “Иномжон файз” кўп тармоқли хусусий чорвачилик фермасини ташкил этиб, фаолиятимизни 30 бош қорамол парвариши билан бошлаган эдик. Кейинчалик давлатимиз томонидан тадбиркорларга берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, банк кредити маблағи ҳисобига Германия, Полша ва Голландия давлатларидан зотли қорамоллар келтириб, наслига алоҳида эътибор қаратдик. Айни пайтда хўжалигимизда 991 бош қорамол бор. Шундан 400 бошга яқини соғин сигирлар бўлиб, улардан бир кунда 8680 литр сут соғиб олинади ва сутни қайта ишлаш корхонасига юборилади.

          Айтиш жоизки, бугун юртимизда чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолияти йўлга қўйилиб, аҳолини янги иш ўринлари билан таъминлашга эришилмоқда.

          Айниқса, Давлатимиз раҳбари ҳудудларга ташрифлари чоғида чорвачилик мавзусига алоҳида тўхталиб, соҳа мутахассислари ва мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўймоқда. Бу ўз навбатида, аҳолини арзон гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлашга кенг йўл очиб бермоқда.

         Президентимизнинг жорий йил 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига биноан, мазкур соҳада бир қатор янгиликлар жорий этилаётгани мамлакатимизда чорвачилик ва наслчилик йўналишларида фаолият юритаётган хўжаликлар учун катта имкониятлар яратиб берилмоқда.

         Қарорга мувофиқ, жорий йил 1 мартдан бошлаб Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг компенсация ва кафиллигидан фойдаланган чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик йўналишидаги кредити бўйича тўловларни ўз вақтида қайтараётган тадбиркорлик субъектларига, кредит бўйича қарздорлиги тўлиқ қопланмагунча, янги кредитлар бўйича жамғарманинг кафиллигидан яна фойдаланишга рухсат берилди.

          Чорва маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан лалми ва яйлов ер участкаларида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий қилиниб, озуқабоп экинлар етиштириш учун мазкур ер участкаларида суғориш тик қудуқлари бурғулашга ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан субсидия берилиши белгилаб қўйилди. Бунда субсидия ҳаражатлари давлат бюджети ва халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотлар ҳамда бошқа кредитлар (қарзлари) ва грантлар ҳисобидан қопланади.

         2021 йил 1 январдан бошлаб 2024 йил 1 январга қадар наслчилик субъектлари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.

          Қарорнинг ушбу банди қоракўлчиликни ривожлантиришда катта аҳамиятга эга. Кейинги йилларда сур, қора ва кўк терили, юқори элита синфли наслдор қоракўл қўйларни етиштиришга ихтисослашган Илмий наслчилик тажриба станциялари фаолияти алоҳида ўрин тутмоқда. Улар ва наслчилик хўжаликлари мақомига эга бошқа субъектларнинг ушбу имтиёзлардан келгуси уч йил мобайнида фойдаланиши натижасида ўз ҳисобларида қолган маблағлар асосий фаолиятни кенгайтиришлари учун хизмат қилади.

          Шу ўринда Андижон вилоятидаги фермер хўжаликларини қийнаб келаётган муаммолар ҳақида тўхталмоқчиман. Сир эмас, ҳозирда юртимизга хориждан зотдор, сут ва гўшт йўналишидаги наслли қорамоллар олиб келинмоқда. Лекин бу жараёнда қўшимча қиймат солиғи тўлаш фермерлар учун жуда қимматга тушаётган эди. Бу эса ишлаб чиқарилаётган гўшт ва сут маҳсулотлари таннархининг ошишига ҳам сабаб бўлаётганди. Ушбу қарорда шу каби муҳим масалаларнинг аниқ ечими белгилаб берилди.

         Хусусан, тадбиркорлик субъектлари томонидан келтирилган товарлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилганда уларни олиб киришда ҳисобланган қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддати 180 кунга узайтирилиб, тўланган қўшилган қиймат солиғининг ҳисобот даври якунидаги салбий фарқ суммаси солиқ тўловчининг аризасига асосан тезлаштирилган тартибда 20 кундан кечиктирмасдан қоплаб берилиши минг-минглаб тадбиркорларни қувонтирди, уларни янада руҳлантирди.

         2021 йил 1 июлдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган чорвачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2 000 сўм ҳамда сутининг ҳар бир литри учун 200 сўм миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратилиши чорвадорларни янги марралар сари одимлашига сабаб бўлиши, шубҳасиз.

          Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг барча туманларида чорвачиликни ривожлантиришга оид лойиҳаларни амалга оширишга АТ Халқ банки ва бошқа тижорат банклари томонидан 2021-2022 йилларда хорижий молия институтлари кредит линиялари ҳисобидан 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар йўналтирилади. Қолаверса, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 2021-2022 йилларда чет давлатлардан олиб келинадиган чорва молларини сотиб олиш учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ваколатли банклар томонидан зарур кредитлар мавжуд ресурслар ҳисобидан ажратилади.

          Чорва моллари сонидан келиб чиқиб, 100 бош қорамолга ёки ундан кўпроғи учун чорва комплексларини озуқа экинлари етиштириладиган экин майдонларига яқин ҳудудларда барпо этиш орқали ортиқча техника харажатларининг олди олинади.

          Чорвадор фермерларни қийнаётган муаммолардан яна бири бу – чорва озуқаси (буғдой, кепак, кунжара) жуда қимматлигидир.

          Чорва молларини эса фақат маккажўхори силосини билан боқиш яхши самара бермайди. Қорамолларга кўпроқ беда, сенаж каби озуқалар бериш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Шу боис, 1 бош чорва молига 0,5 гектардан кўпроқ ер ажратилса, бу ерларда беда, арпа, буғдой аралаштириб экилса, дон учун буғдой маккажўхори парваришланса, албатта, чорва озуқаларининг нархи кескин пасаяди.

         Бундан ташқари, “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖ рапс (уруғи, шроти, кунжараси, ёғи), писта (уруғи, шроти, кунжараси, ёғи), соя (уруғи, шроти, кунжараси, ёғи), балиқ уни ва ёғи, арпа, макка, фосфат ва холин хлорид маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи хорижий компанияларни биржа савдоларига жалб қилиш чоралари кўрилади. Бунда маҳсулотларни биржа орқали миллий ёки хорижий валютада импорт қилишга рухсат берилгани эса озуқа нархлари бирмунча мақбуллашади.

         Бир сўз билан айтганда, чорвачиликни ривожлантиришга доир ушбу қарор ижросини жойларда тўлиқ таъминлашда биз депутатлар фаол иштирок этишимиз керак. Зотан, ҳужжат ижроси аҳолига сифатли, арзон гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб бериш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари нархини барқарор таъминлашга хизмат қилади.

       

      Одинахон ОТАХОНОВА,

       Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

    Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси

     

    Манба: http://vetgov.uz сайти

    Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига субсидиялар ажр ...

    Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига субсидиялар ажр ...

    Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига субсидиялар ажратилади...

    НАСЛЛИ ЧОРВА  МАҲСУЛДОРЛИКНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

    НАСЛЛИ ЧОРВА МАҲСУЛДОРЛИКНИ ТАЪМИНЛАЙДИ

    НАСЛЛИ ЧОРВА ҲАЙВОНЛАРИ ЮҚОРИ МАҲСУЛДОРЛИКНИ ТАЪМИНЛАЙДИ...

    МАТБУОТ АНЖУМАНИ БЎЛИБ ЎТДИ

    МАТБУОТ АНЖУМАНИ БЎЛИБ ЎТДИ

    РЕСПУБЛИКА МИЛЛИЙ МАТБУОТ МАРКАЗИДА ҚОРАМОЛЛАРНИ СУНЪИЙ УРУҒЛАНТИРИШНИНГ АҲАМИЯТИ МАВЗУСИГА БАҒИШЛАНГАН МАТБУОТ АНЖУМАНИ БЎЛИБ ЎТДИ...

    ВЕНГИРИЯДАН НАСЛЛИ ҚОРАМОЛЛАР ОЛИБ КЕЛИНДИ

    ВЕНГИРИЯДАН НАСЛЛИ ҚОРАМОЛЛАР ОЛИБ КЕЛИНДИ

    “НАВБАҲОР БЎРДОҚИЧИЛИК ЧОРВАСИ” ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИГА ВЕНГИРИЯДАН НАСЛЛИ ҚОРАМОЛЛАР ОЛИБ КЕЛИНДИ...

    ҚИЗИЛҚУМ ЯЙЛОВЛАРИДА ЯНГИ ЧОРВА ТУРЛАРИ КЎПАЙМОҚДА

    ҚИЗИЛҚУМ ЯЙЛОВЛАРИДА ЯНГИ ЧОРВА ТУРЛАРИ КЎПАЙМОҚДА

    ҚИЗИЛҚУМ ЯЙЛОВЛАРИДА ЯНГИ ЧОРВА ТУРЛАРИ КЎПАЙМОҚДА...

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ДАВЛАТ ВЕТЕРИНАРИЯ ВА ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БОШҚАРМАСИ
Веб-сайт маълумотларидан фойдаланилганда, NAVOIVET.UZ манбаа сифатида кўрсатилиши шарт!