Тиббиёт инсонни, ветеринария инсониятни даволайди!
Ишонч телефонлари
(+99879) 225 58 96
(+99879) 225 58 29
Манзил:
Навоий шаҳри, Имом Ал-Бухорий кўчаси 3 a -уй.

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ВЕТЕРИНАРИЯ БОШҚАРМАСИ

Ташкилотининг расмий веб-сайти

    Қутуриш касаллигидан сақланинг!

    Қутуриш касаллигидан сақланинг!

     

    Қутуриш - ҳайвонлар ва одамда учрайдиган, асаб тизимининг оғир шикастланиши билан кечадиган ҳамда ўлим билан якун топадиган - ўта хавфли юқумли касалликдир.

    Қутуриш касаллиги инсониятни жиддий ташвишга солаётган муаммолардан бири ҳисобланади.

    Маълумки, қутуриш билан асосан одамлар, барча сут эмизувчи ва иссиққонли ҳайвонлар касалланадилар. Табиатда қутуриш касаллиги қўзғатувчиларининг асосий манбаи бўри, тулки, чиябўрилар, кўршапалаклар, кемирувчилар ҳисобланади. Лекин ҳамма иссиққонли хайвонлар сигир, от, қўй, эчки, чўчқа, мушук, кемирувчилар ҳам одамга ва бошқа ҳайвонларга касалликни юқтиришлари мумкин. Қутуриш касаллиги йилнинг барча фаслларида, айниқса баҳор ва куз ойларида кўпроқ учрайди. Одамларга қутуриш касаллиги 90-95 фоиз ҳолатларда итлардан юқади. Касаллик одамга қутуриш касаллигига чалинган ҳайвонларнинг тишлаши, тирнаши, тишларининг қадалиши, шунингдек, жароҳатланган тери ва шиллиқ қаватларига сўлаги тушиши пайтида юқади.

           Қутуриш 150 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудларда учрайди. Дунёда ҳар йили 55 минг нафар инсон қутуриш касаллигидан жабр чекадилар. Айниқса Осиё ва Африкада қутуриш касаллигидан жабр тортганлар кўпчиликни ташкил қилади.

    Қутурган ҳайвонлар томонидан тишланган 40 фоиз инсонлар - бу асосан 15 ёшгача бўлган болалар ҳисобланади. Инсонларни ўлимгача олиб келган қутуриш касаллиги инфекциясининг асосий манбаи дайди ва назоратсиз итлар ҳисобланади.

           Қутуриш касаллигига чалинган ҳайвонлар тажовузкор бўлиб, дуч келган ҳайвонлар ва одамларга ташланади, тишлашга, тирнашга ҳаракат қилади. Ёруғликдан қўрқади, қоронғу жойга кириб олишга ҳаракат қилади, эгаси чақирганида олдига келмайди. Овқатланишдан бош тортади, тўғри келган жисмларни оғзига солиб, ютади, оғзидан жуда кўп сўлак оқади, безовта бўлади, товуши бўғилиб бошлайди ва орқа оёқлари ҳаракатланмай қолади, яъни фалажланиш ҳолатлари кузатилади. Касаллик ҳайвон ўлими билан якун топади.

    Ит, мушук ва бошқа ҳайвонлар одамларни тишлаб, тирнаб ва бошқа жароҳатлар етказганда ёки сўлаги одам терисининг очиқ қисмига текканда, улар қутуриш касаллигига гумон қилиниб, 10 кунга ҳудудий ветеринария бўлимининг изоляторига карантинга қўйилади.

    Шундан сўнг ҳудудий ветеринария бўлимининг масъул шахслари, ҳайвон эгаси ( агар ҳайвон эгаси номаълум бўлса жабрланувчи) ва ҳудудий Ободонлаштириш бошқармаси ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ҳайвонни ҳудудий ветеринария бўлимининг изоляторига олиб келиш чораларини кўради. Бунда тиббий муассасага тақдим этиш учун тегишли маълумотнома тузилади ва ҳайвон эгаси орқали жабрланувчига берилади (ёки бевосита жабрланувчига берилади, агар ҳайвон эгаси номаълум бўлса).

             Қутуриш касаллигидан сақланинг!Изоляторда ҳайвон 10 кун давомида клиник кўрикдан ўтказилади. Ушбу даврда ҳайвон эгаси уни ўз вақтида парвариш қилиши лозим. Агар жароҳатлар ўз вақтида эмланган ҳайвон томонидан етказилган бўлса, у ҳолда у ветеринария бўлими инспекторининг рухсати билан уй шароитида сақланиши мумкин, бунда ҳайвон эгаси ва ветеринария бўлими ўртасида шартнома тузилади.

            10 кун тугагандан сўнг, агар ҳайвонда қутуриш касаллиги аниқланмаса, бу ҳақда тегишли маълумотнома тузилади ва жабрланувчига бевосита ёки ҳайвон эгаси орқали берилади. Шу куннинг ўзидаёқ ҳайвон карантиндан чиқарилади.

                  Уйингизда ит сақлаётган бўлсангиз, уни ветеринария кўригидан ва рўйхатидан ўтказиб, қутуришга қарши эмлатинг! Бу билан Сиз итингизни ва ўзингизни қутуриш касаллигидан ҳимоялайсиз.

          Маҳалла, кўча ва бошқа жойларда дайди итларни кўрсангиз, бу ҳақида ободонлаштириш бошқармаларининг диспетчерлик хизматига хабар беринг. Итлар эгасиз, қаровсиз холда юриши мумкин эмас.

          Ушбу касалликка қарши курашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлда «Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 202-сонли қарори қабул қилинган.

             Ушбу қарорга мувофиқ, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига итлар сақлайдиган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни тегишли давлат ветеринария бўлимларига итларни қутуришга қарши ўз вақтида вакцинация қилиш учун маълум қилиш ҳамда ўлган, қаровсиз ҳайвонлар аниқланганда тегишли ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимларига хабар қилиш вазифаси юклатилган.

            Давлат ветеринария хизматига, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида итларни қутуришга қарши белгиланган муддатларда мажбурий вакцинация қилиниши ҳамда вакцинация қилинган итларга рўйхатга олиш гувоҳномаси ва жетон шаклидаги рўйхатга олиш белгисини бериш вазифаси юклатилган.

               Қутуриш касаллигининг олдини олиш ва ундан ҳимояланиш мақсадида ит ва мушук эгалари:

             атрофдаги одамлар ва ҳайвонларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган зарур чораларни кўриши;

             итларнинг қўшнилар тинчлигини бузиб тинимсиз вовиллашига йўл қўймаслик чораларини кўриши;

          итлар ва мушукларнинг умумфойдаланишдаги жойларни (кириш жойларини, зинапоя майдончаларини, лифтларни, болалар майдончаларини, йўлкаларни, кўкаламзорлаштирилган ва ободонлаштирилган ҳудудларни ва ҳоказоларни) ифлос қилишига йўл қўймаслиги;

             итларни сотиб олишда ва бошқа жойга кўчганда уларни тегишли давлат ветеринария бўлимларида рўйхатдан ўтказиш ва ҳар йили қайта рўйхатдан ўтказиш, шунингдек зарур маълумотларни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига маълум қилиши;

    итларни рўйхатга олиш гувоҳномасини тақдим этиш ҳамда итларни текшириш ва касалликнинг олдини олувчи эмлаш учун давлат ветеринария бўлимига олиб келиши;

              тегишли ҳудудга киришда ит борлиги тўғрисида огоҳлантирадиган тахтача ўрнатиши;

             ит ёки мушук одамларни ёки ҳайвонларни тишлаган тақдирда уни дарҳол текшириш ва 10 кун муддат ажратиб қўйиш учун давлат ветеринария бўлимига олиб келиш ҳамда биринчи ва такрорий ветеринария кўриги ҳақидаги маълумотномани давлат ветеринария бўлимидан олиш ва уни тишлашдан жабрланган шахсга дарҳол топшириши;

           ҳайвонлар қутуриш касаллигига чалинганлиги ҳақидаги ҳар бир шубҳаланишда дарҳол давлат ветеринария бўлимини хабардор қилиш ва уларни ажратиб қўйиш учун зарур чоралар кўриши;

            касал итлар ва мушукларни ҳайвонлар ажратиб қўйиладиган махсус хизматларга топшириши;

    итлар ўлган тақдирда давлат ветеринария бўлимига, яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига хабар бериш ҳамда ўлган итнинг жасадини ташлаб юбормаслик, уни итни рўйхатга олиш гувоҳномасини илова қилган ҳолда туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимига топшириши шарт.

          Вилоятимиз ҳудудидаги тоғ олди, дарё бўйи ва Қизилқум зоналарида қутуриш касаллигининг табийи ўчоқлари мавжуд бўлиб, касаллик келиб чиқиш хавфи доимо мавжуд!

         Ушбу касалликнинг олдини олиш мақсадида ветеринария хизмати томонидан ҳар йили “Қутуриш каксаллигига қарши курашиш ойлиги” эълон қилиниб, мавжуд ит ва мушукларни рўйхатга, қайта рўйхатга олиш, эмлаш, паспорт ва жетон бериш, фуқароларни “Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш Қоидалари” билан таништириш, Ҳудудий ободонлаштириш бошқармалари, ИИБ томонидан эса дайди ва назоратсиз ҳайвонларни тутиш ва йўқотиш тадбирлари амалга оширилади. Жумладан жорий йил                   15 февралидан 15 мартигача ҳам “Қутуриш каксаллигига қарши курашиш ойлиги” эълон қилиниб, барча туман ва шаҳар давлат ветеринария бўлимларида, ветеринария участкаларида, зооветеринария шаҳобчаларида зарурий эмламалар, итларни гижжасизлантириш учун антгельминтик препаратлар, ит-мушук паспортлари, жетонлар заҳираси яратилган.

            Азиз фуқаролар!

           Сиз қорамоғингиздаги жониворларни рўйхатга қўйиш ва эмлатиш учун ўз ҳудингиздаги ветеринария мутахассисисига мурожаат қилиш билан ўта хавфли қутуриш касаллигининг олдини олишга ўз хиссангизни қўшган бўласиз! Ўзингизни ва севимли жониворингизни бедаво бўлган қутуриш касаллигидан асрайсиз!

             Қутуриш касаллигидан сақланиш, севимли жониворингиз хавфсизлигини таъминлаш учун “Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш Қоидалари”га қатъий риоя қилинг, беҳосдан Сизни ит, мушук ёки бошқа ҳайвон тишласа, тирнаб олса ёки сўлаги тегса, дарҳол тиббиёт муассасасига мурожаат қилинг!

     

    И. Х. Джураев, Навоий вилоят давлат ветеринария бошқармаси бошлиғи

    Бошқарма ахборот хизмати гуруҳи.

     

     

     

    Қутуриш касаллигига қарши курашиш ойлиги ўтказилади

    Қутуриш касаллигига қарши курашиш ойлиги ўтказилади

    Қутуриш касаллигига қарши курашиш ойлиги эълон қилинди!...

    Қутуриш касаллигига қарши кураш ойлиги эълон қилинди

    Қутуриш касаллигига қарши кураш ойлиги эълон қилинди

    Қутуриш касаллига қарши кураш ойлиги эълон қилинди...

    Кўп бериладиган саволларга жавоблар

    Кўп бериладиган саволларга жавоблар

    17.06.2014 й. Саволларга вилоят давлат ветеринария бошқармаси мутахассилари жавоб беради...

    Қутуриш касаллиги

    Қутуриш касаллиги

          Қутуриш касаллиги олдинги замонлардан маълум бўлиб, ўткир кечадиган юқумли касалликдир. У марказий нерв системасининг оғир шикастланиши билан характерланади. Бунда қўзғалиш...

    Крим-Конго геморрагик иситмаси

    Крим-Конго геморрагик иситмаси

    “Крим-Конго геморрагик иситмаси”- тананинг деярли барча қисмида қон қўйилишлар ҳамда юқори ҳарорат билан, оғир кечувчи, даволаш муолажалари ўз вақтида бошланмаса ўлим...

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ ДАВЛАТ ВЕТЕРИНАРИЯ БОШҚАРМАСИ
Веб-сайт маълумотларидан фойдаланилганда, NAVOIVET.UZ манбаа сифатида кўрсатилиши шарт!