САМАРҚАНДДА ЛАТВИЯ УНИВЕРСИТЕТИ БИЛАН ҚЎШМА ФАКУЛЬТЕТ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ
Латвия табиий фанлар ва технологиялар университетининг халқаро алоқалар бўйича мутахассислари Волдемарс Барисс ва Лигита Ваита ҳамда “Baltic Center” ташкилоти вакили Ксения Долченколар қўмитанинг Самарқанд ветеринария медицинаси институтига ташриф буюрди.
Ташриф давомида ректор бошчилигидаги институт жамоаси ва латвиялик экспертлар ўртасида таълим соҳасига оид музокаралар олиб борилди. Учрашув давомида бир қатор масалалар муҳокама қилиниб, ташкил этилаётган қўшма факультетнинг молиявий, иқтисодий, ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумки, Латвия Университети ва Самарқанд ветеринария медицинаси институти ўртасида “Озиқ овқат хавфсизлиги ва инновациялар” йўналишида қўшма факультет ташкил этиш бўйича музокаралар бошланиб, ниҳоясига етди. Натижада ҳар иккала олий таълим муассасаси ўртасида қўшма факультет ташкил этиш борасида келишувга эришилди. Янги 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб факультетга талабаларни қабул қилиш жараёнлари бошланади.
Қабул жараёнларида турли имтиёзлар берилиши кўзда тутилган мазкур лойиҳа доирасида 12 кишидан кам бўлмаган гуруҳлар ташкил этилади. Таълим инглиз тилида олиб борилади. “2+2” дастури бўйича ёшлар икки йил Самарқанд ветеринария медицинаси институтида, икки йил Латвияда таълим олишади. Инглиз тилини ўзлаштирган ва турли хил тил ўргатувчи дастурлар сертификатига эга бўлган ёшлар бир вақтнинг ўзида иккита дипломга эга бўлишади.
Шунингдек, мулоқот давомида ҳамкорликнинг янги босқичи, магистратура таълим йўналишини “1+1” дастури бўйича ташкил этиш борасидаги масалалар ҳам кун тартибида бўлди.
Манба: http://vetgov.uz сайти